Фото: “Дарё”
Айни кунда янги концерт дастурига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова журналистларга берган интервьюсида шоир Муҳаммад Юсуфни қуйидагича хотирлади.
— У пайтдаги ижод бутанлай бошқача эди. Тортишардик, фикрлашардик, аммо ижодий ҳамкорлик мустаҳкам эди. Муҳаммад ака аввал бир сасиб оларди, жаҳли чиқарди. Кейин ярим кечаси қўнғироқ қилиб “Юлдуз, мендан хафа бўлиб қолмадингизми, шеърнинг фалон ерини тўғирлаб қўйдим. Сўз топиш ҳам осонмасда”, дерди.
Биз билан бирга ижод қилишни бошлаганларнинг нечтаси ҳозир орамизда йўқ. Ўшаларнинг қўшиғини айтиб катта бўлган хонандаларнинг кўпчилигининг сочига оқ тушиб, иккинчи томонга қараб кетяпти. Яъни ижодда тепаликка чиқиб, энди қайта пастликка қараб кетишяпти, — дейди Юлдуз Усмонова.
Хонанда оёғининг остида ўралашадиган ва унга тақлид қиладиган ижодкорлар ёқмаслиги ҳақида гапирди.
Фото: “Дарё”
— Ҳозирги ёш хонандаларнинг кўпчилиги ўзига катта баҳо беради. “Менинг рақобатчим йўқ”, дейди. Санъатда рақобат бўлиши керак. Менга ҳам оёғимнинг остида ўралашадиган, бантик тақсам, қора кўйлак кийсам худди шуни такрорлайдиган одам керакмас. Бу худди мотор ёнганда сув қуйса ёнади, бензин қуйса ишлайдигандек гап. Яъни биттаси мотор бўлса, биттаси бензин бўлади. Хонандаларнинг барчаси санъатнинг бир қисмимиз, ўзига катта баҳо бермасдан ишлаш керак. Уч йилдан кейин ҳеч ким бир-бирини эслолмайдиган замонда яшаяпмиз. Бир пайтлар Умида, Аъло, Ойпопук ва Дилфуза деганлари бор эди? Қани, шуларни кимдир эслаяптими? Билмадим балки қайсидир қишлоқлардаги концертларда бордир, аммо мен уларни бирорта шаҳардаги тўйларда кўраётганим йўқ. Уларни ким излаяпти? Бир гап бор: кимдир излаши учун одам меҳнат қилиши керак. Афсуски, санъаткорларнинг кўпи ўлиб кетди, ўлмай қолгани ҳам ижодда эмас.
Фото: “Дарё”
Инсон ижодда ҳам, ҳаётда ҳам мақсадни узоқроқ қўймаса ўлади. Ҳар доим “Иншааллоҳ ўлмасам, шу ишни қиламан” деб мақсад қиламан. Чунки одам мақсадсиз яшаса ўлади. Ҳозирги санъаткорларда мақсад йўқ, — дейди Юлдуз Усмонова.
Юлдуз Усмонова тўй бизнесидаги даромад сабаб ижодкорларнинг кўпчилиги дангаса бўлиб қолаётгани ва энг яхши мусиқачилар маош камлиги учун хорижга ишлашга кетаётгани ҳақида гапирди.
Фото: “Дарё”
— Иқтисодиётнинг ўзи шуни талаб қилаяпти. Ҳозир битта раққосанинг ўзи битта тўйга чиқиб, 70-150 АҚШ доллари оляпти. Концертга чақирсак иккиланиб қолади. Чунки концертда тўйдан топаётган пулидек ҳақ тўлолмаймиз, аммо саҳнада тер тўкиб ишлашини талаб қиламиз.
Оркестрнинг таркиби ҳам аввалгидан ўзгарган. Чунки мусиқачиларнинг кўпчилиги хорижга ишлагани кетди. Илгари Японияга кетишарди, ҳозир Хитойга ишлагани кетишяпти. Уларни ҳам тўғри тушуниш керак. Бизда уч миллион сўм ойлик олса, у ерда 2-3 минг АҚШ доллари маош тўлайди. Асл мусиқачи бўлиш учун 7 йил мактабда, 3 йил коллежда ва 4 йил институтда ўқиши керак. Умрининг 14 йилини ўқиш билан ўтказган мусиқачининг оладиган ойлиги бунақа бўлганидан кейин нима қилсин, кетади-да. Бу охири эмас, ҳали уларнинг кўпчилиги кетади.
Фото: “Дарё”
Яхши мусиқачини топиб, уни ижодда ушлаб қолиш қийин бўляпти. Ансамблимда 13-15 та созанда ишлайди. Ишлашни истамайдиган созандалар фонограммани чалиб тургандек бўлади, лекин кундалик тўйдан ҳақ олади. Унга ишламай туриб, ҳақ олиш ёқади. Аммо ансамблимдаги йигитларнинг бари тер тўкиб ишлашди, шунинг учун ҳам уларга яхши маблағ тўлашга ҳаракат қиламан.
Бу гапларимни ҳеч ким нотўғри тушунмасин. Санъатга ичим ачиганидан танқид қиляпман. Санъатимиз ривожланса, ижодкорлар меҳнат қилса яхши-ку, тўғрими? — дейди хонанда Юлдуз Усмонова.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг