Коллаж: Xabar.uz
Машҳур қўшиқчи концертининг эртаси куни йўлим Чорсу бозори томонга тушди, тушлик қилиб олиш учун кичик бир ошхонага кириб, яримта ош айтдим. Беихтиёр Женнифер Лопесга ош беришдимикан, деган савол хаёлимдан ўтди.
Хўш, мабодо таклиф қилинса, Женнифер Эски Жўва бозорига келиши мумкин эди, аммо у келмайди. Сабаби — унинг иш тартиби барча юлдузлардек қатъий режалаштирилган. Келганида ҳам ошдан татиб кўриб, нари борса мева-чеваларимиз зўрлигини мақтаб қўярди эҳтимол. Ошни кўнглимиз учун бир мартага зўр таом экан дея алқаб қўйиши, 70 ёки 80 га кирганида интервюларида сўраб қолишса, Ўзбекистонга борганман деб эслаб қолиши мумкин.
Концерт ташкилотчилари қўшиқчини паловхонтўра билан сийлаганлари ҳақиқатга яқинроқ. Қўшиқчи ва актрисанинг Тошкентга ташрифи шов-шув бўлди, гапирган ҳам, гапирмаган ҳам гапирди. Лопеснинг концерти ҳақидаги гаплар, айниқса, бозорда авжига чиққан бўлиши мумкин, деб ўйлагандим. Мен кирган тамаддихонада ўттиз-қирқ чоғли одам тушлик қилиб ўтирар, аммо гап мавзуси америкалик қўшиқчи эмас эди. Хўрандалар бу жазирамада қандай салқинлаш ҳақида ҳамда кундалик ҳаёт ташвишларидан гурунглашишарди.
Ораларида хорижликлар ҳам бор экан, хитойлик мусулмон оила ва Тожикистоннинг Панжикентидан келган ота-бола билан бир-икки оғиз суҳбатлашдик. Панжикентлик меҳмонлар даволанишга келишибди, чегарадан тез ўтишганию, автомобиллар кўплиги, Самарқанд орқали Тошкентга келишгани, бозор гавжумлиги ҳақида гапиришди. Азалий борди-келдилар қайта тикланганидан улар мамнун эди.
Хитойлик меҳмонлар билан бирга метрога тушдим. Янги метро поездлари салқингина эди, ташқаридаги иссиқ бирпасда унут бўлди. Метрога тушгунимизча ҳам кўп хорижликлар дуч келди. Турк қардошлар, инглизу руслар, қозоқ бовурларимиз бозорни айланиб юришибди. Сўнгги олти-етти йилда юртимизга келувчи сайёҳлар кўпайгани сезилмоқда. Ҳар куни кўча-кўйда, бозору боғларда, тиббиёт масканларида уларни учратиш мумкин.
Туризм салоҳиятимизни ишга солаётганимизга кўп бўлмади ҳали, эндигина катта истиқболли йўл бошида турибмиз.
Маълумотларга қараганда, ўтган йили Туркияга 62 миллиондан зиёд сайёҳ келган, мамлакат бундан 65 миллиард доллар даромад топган, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса Туркияга 26 миллион 388 минг 831 нафар зиёратчи ташриф буюрган, туризмдан тушган даромад 25,8 миллард долларга етган. Мазкур мамлакат айнан биз мустақилликка эришганимизда туризм салоҳиятини оширишни бошлаган. Туркия Жумҳурбошқони Турғут Ўзол 1992 йилда Анталияда бир гуруҳ тадбиркорларни йиғиб, «Аллоҳ бизга мана шундай имкониятларни берган, бу шароитдан фойдаланиб, даромад топишимиз ё пулимизни кўкка совуришимиз мумкин», дея масала моҳиятини тушунтирган. Тадбиркорлар эса бир ёқадан бош чиқариб, туризм орқали даромад топиш учун барча инфратузилмани яратишга киришган. Натижа эса юқоридаги фактларда бор бўйи-басти билан кўриниб турибди.
Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб фаолият юритган пайтида Олган Бекар нашримизга берган интервюсида «Туризм йўналишида мамлакатингиз катта салоҳиятга эга, Хива, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби туризм масканларингиз бор, имкониятлардан самарали фойдаланилса, Ўзбекистон ҳам дунёнинг энг жозибадор туризм мамлакатига айланади», деган эди. Юқорида айтганимиздек, мамлакатимизга келаётган сайёҳлар оқими кўпайса кўпаймоқдаки, асло камайгани йўқ. Чегараларимиз очилгани, яқин ва узоқ мамлакатлар билан тобора дўстона ҳамкорлигимиз шиддат билан ривожланаётгани, инвестиция киритаман, деган хорижлик тадбиркорларга яратилаётган шароитлар ҳақиқатда юртимиз сайёҳлик жозибадорлигини оширмоқда.
Инсон унутувчан. Эслайсизми, тўққиз йиллар олдин пластигимизга тушган пулни нақд қилолмай сарсон бўлардик, қайсидир «ҳожатбарор»га ялинардик, пенсионерлар овора бўлганини айтмай қўяверайлик. Банкда ҳам, банкоматда ҳам нақд пул олиш мушкул эди. Хорижий валюта олиш эса ўн чандон қийин эди. Фарзандларимиз 9-синфни битиргач ўзи хоҳламаган коллеж ёки лицейга боришга мажбур эди. Олий ўқув юртига кириш эса... «бункерлар»... Тест куни мобил телефонларни ўчириб қўйиш яна бир қизиқ ҳолат эди. Автомашина харид қилиб олиш ҳам бир тарих эди, битта машина ишлаб чиқувчи завод эса хоҳлаганини қиларди. Даволанишга, сайёҳатга, яқин қариндошни кўриб келишга бориш машаққатлари, ҳатто қўшни давлатда отаси ё онаси таъзиясига бора олмаганларнинг армонлари бир олам эди...
Шукрки, бу эди-эдилар барҳам топди. Ҳозир фуқаролик олган, дунёнинг исталган давлатига сайру саёҳатга отланган юртдошларимиз кўп. Ёшларимиз ўзлари хоҳлаган ўқув юртларига кириб ўқияпти, хорижнинг мана-ман деган университетларида таҳсил олмоқда. Эндиликда автомашинани танқис қилган завод пулини бўлиб-бўлиб тўлашга рози бўлиб, юртдошларимизга таклиф бермоқда, Ва дунёнинг машҳур машиналари ўзимизда йиғилиб, сотилмоқда. Бўлар экан-ку!!! Айтмоқчи, мамлакатимиз ичида яна «алоҳида мамлакат» бўлиб олган Тошкент учун прописка бекор қилингани, вилоятдан вилоятга ўтишдаги постларнинг олиб ташланганини ёдга олмай қўйдик, унутдик. Буларнинг ўзи осонликча бўлгани ҳам йўқ. Давлатнинг сиёсий иродаси, саъй-ҳаракатини ҳам доимо ёдда тутган афзал.
Энди яна Женнифер Лопесга қайтсак. Мусиқа мегаюлдузининг дунё бўйлаб турнеси бўлиб ўтмоқда. Тошкентга келишидан аввал Арманистон пойтахти Ереванда 3 август куни концерт берган. «Озодлик» радиосининг арман хизмати Лопеснинг концерти Арманистон давлат бюджетига 6 миллион долларга тушиши, бу маблағ нималарга сарфланиши ҳақида батафсил маълумот берган. Қўшиқчининг гонорари 2,5 миллион доллар бўлишини қайд этган. Концертдан аввал, 2 июл куни Ереван мэри ўринбосари Армен Памбукчян Женнифер Лопес шоуси учун ҳукумат 7 миллион долар ажратгани, томошага 15 минг хорижлик келиши кутилаётгани, уларнинг ҳар бири камида 500 доллардан сарфласа харажатлар бемалол қопланишини маълум қилган. Памбукчян мегаюлдузнинг концерти мамлакатни дунё миқёсида танитишга хизмат қилишни алоҳида таъкидлаган.
Ён қўшнимиз Қозоғистон пойтахти Остонага мегаюлдузнинг келиши ҳам шов-шувга айланди. Нашрлар концерт билан боғлиқ материлларни пайдар-пай эълон қилишди, турлича фикрлар билдирилди. Tengrilife нашри жорий йилнинг 8 апрел куни «Астана концерт» компанияси продюсери Малик Ҳасеновнинг 1 август куни Женнифер Лопес иштирокида бўлиб ўтадиган шоу ҳақида маълумотларини улашди.
Малик Ҳасенов мазкур концерт давлат бюджетини 400 миллион тенгега бойитади, чет элдан 15 минг томошабин келади, деди. Аслида концертга 30 та давлатдан 10 минг томошабин келган. Меҳмонлар орасида юртдошларимиз ва қўшни тожикистонлик мухлислар ҳам бўлган.
Лопеснинг Тошкентдаги концертига 25 мингта чипта сотилган ва шундан 67 фоизи, яъни 15 мингтасини чет элликлар харид қилган. Таъкидланишича, шу томошабинлар 4-6 кунлик турпакетлар сотиб олиб, юртимиз бўйлаб саёҳат қилишни мақсад қилган.
Концерт баҳона ана шундай ҳисоб-китоблар очиқланиб, ижтимоий тармоқларда минглаб изоҳлар ёзилишига ҳам сабаб бўлди. Бу концерт уюштирилишини кимлардир маъқуллади, кимлар эса аксинча. Назаримизда, туризмни ривжлантириш орқали мамлакатимизни дунёга танитиш учун ҳам бундай концертлар керак. Туризм хизматларини йўлга қўйиш орқали кўплаб иш ўринларини ташкил қилиш, аҳолининг доимий бандлигини таъминлаш ва барқарор даромад топишига имкон яратиш мумкин.
Энди комментлар, яъни изоҳлар ёзиш ҳақида бир оғиз: бу изоҳлар эгасининг кимлигини, савиясию даражасини билдиради ва у умумий кайфията таъсир қилади. Қарийб 150 йил давомида дастлаб чор Россияси, кейинчалик совет тузумининг мустамлака сиёсати оқибатида илғор фикрлилилар қирғин қилинди, дунёга олиму фузалолар етиштириб берган миллатимиз онги ювилди. Мустамлакачиларнинг мақсади — бу бу халқ фикрламаслиги, истиқлол талаб қилмаслиги, келгусида бош кўтармаслиги, бой тарихини чуқур англаб, қувват олмаслиги керак эди. Маълум маънода улар бунга эришди ҳам. Ҳозир ҳам турли кучлар, айниқса, ўз мустақил фикри, дунёқараши бўлмган ёшларни ижтимоий тармоқлар орқали бошқаришга, давлатимиз юритаётган ислоҳотларга нисбатан ишончсизлик уйғотишга, миллат сифатида бирлашишига йўл қўймасликка интилади. Изоҳ ёзаётганларга усталик билан таъсир кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун ҳам уларнинг найранглари қурбони бўлмаслик керак.
Миллатни миллат қиладиган, давлатни юксалтирадиган, халқнинг фаровон ва ҳур яшашига катта имкон берадиган иккита тизим бор: таълим ва тиббиёт. Уларнинг ривожисиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам давлатимиз бу йўналишларда қатъий ислоҳотлар юритмоқда. Шу юрт фуқароси сифатида бу хайрли ишларга биз ҳам камарбаста бўлишимиз лозим.
Лопесдек юлдузлар эса келиб-кетаверади, улар ўзлари ҳақидаги изоҳлардан мутлақо бехабар, бунинг уларга қизиғи ҳам йўқ. Уларнинг табиати, тутуми умуман бошқача. Билдирилган изоҳлар билан улар ўзгариб ҳам қолмайди. Халқимизнинг «Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир», деган ғоят пурҳикмат мақоли бор. Энг муҳими, шуни унутмаслик.
Абдуғани Абдураҳмонов
Манба: Xabar.uz
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!