49 ҳайдовчи жарима баллари сабаб ҳуқуқидан айрилади

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини такроран бузиб, энг юқори жарима балларини тўплаган ҳайдовчилар сони ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 8 май ҳолатига келиб, 12 жарима балли чегарага етган ҳайдовчилар сони 49 нафарни ташкил этди.
Қоидабузарликлар бўйича энг кўп ҳолат Тошкент шаҳрида қайд этилган. Пойтахтда 29 нафар ҳайдовчи критик балл тўплаган. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти 8 та ҳолат билан, Бухоро вилояти эса 3 та ҳолат билан қайд этилган. Бу ҳудудлар айни пайтда ўзига хос антирейтингда етакчи бўлиб турибди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-1-моддасига мувофиқ, 12 жарима баллини тўплаган ҳайдовчилар камида 6 ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ушбу ҳолатлар бўйича материаллар аллақачон судга юборилгани айтилмоқда.
Ҳайдовчилик ҳуқуқини қайта тиклаш эса аввалгидек осон бўлмайди. Гувоҳномасини қайтариб олишни истаган ҳайдовчилар қайта ўқиши ва мураккаблаштирилган имтиҳон топшириши керак бўлади. Энди имтиҳонда 50 та саволдан камида 46 тасига тўғри жавоб бериш талаб этилади. Аввал бу кўрсаткич 20 та саволдан 18 таси эди.
Бу ўзгаришлар йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш, қоидаларга беписанд муносабатда бўладиган ҳайдовчиларни тартибга чақириш ва такрорий қоидабузарликларни камайтиришга қаратилган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда вазият нисбатан яхши экани қайд этилмоқда. Навоий, Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида айни пайтда критик балл тўплаган бирорта ҳам ҳайдовчи йўқ.
Мутахассислар ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига жиддийроқ ёндашишга чақирмоқда. Чунки жарима баллари оддий рақам эмас — улар охир-оқибат ҳайдовчилик ҳуқуқидан айрилишга олиб келиши мумкин.
Қисқаси, йўлда “бир марта бўлса ҳеч нарса қилмайди” деган фикр энди анча хавфли. Қоидабузарликлар йиғилади, балл тўпланади, кейин эса рулдан 6 ойлик танаффус бошланади. Йўлда энг яхши стратегия — тез юриш эмас, тўғри юриш.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!