23:30 / 10.03.2018
11 612

“Миллион”га келгунча мингта чиғириқдан ўтган қиз

“Миллион”га келгунча мингта чиғириқдан ўтган қиз
Шаҳло ЗОИРОВА дастлаб “Шоввозлар” гуруҳида, 10 йилдан “Миллион” жамоасида фаолият юритяпти. Жамоанинг чиқишларида айтилган ҳазиллар баъзан эътирозларга сабаб бўлди, аммо ижодкорлар қисқа фурсатда ўз мухлисларини топишди. Жамоанинг ёлғиз аёл иштирокчиси Шаҳло билан айнан шу ижодий жараёнга кириб келиши ҳақида суҳбатлашдик.

— Шаҳло, болалигингиз қандай ўтган, ўша пайтда ҳам бугунгидек шижоатли, ғайратли бўлганмисиз?
— Пойтахтда, зиёли оилада дунёга келганман. Ота-онам давлат ишида ишлайдиган, қаттиққўл, тартибли инсонлар бўлишган. Оилада икки фарзандмиз, укам бор.

Онам ўқитувчи бўлгани учун ўқишимизга ниҳоятда эътиборли, ёмон баҳо олишим уйда чинакамига фожиа эди. Аммо ота-онамнинг ойлик маоши оилавий харажатларимизга етмасди. Иккинчи синфга ўтган йилим кундалик дафтар олиб беришга имкониятлари бўлмади. Роса хафа бўлдим, чунки аввал кундалик дафтар тутмаганимиз учун синфдошларим бир-бирига кундаликларини мақтанишарди. Онам: “Олиб бераман, озгина сабр қил”, деб юпатди.

Бир куни мактабдан қайтаётиб, бекатда биздан уч-тўрт синф катта болаларнинг автобус ҳайдовчиларига баклажкаларга солинган чой сотишаётганини кўриб қолдим. Автобус жойидан қўзғалгач, улар хурсанд бўлиб пулларини санашарди. Ўша куниёқ уйга келиб, баклажкаларни йиғиб, ювдим. Уйдагиларга билдирмай, чой дамлаб, идишларга қуйдим. Мактабга кетиш вақти бекатда туриб, келган автобус ҳайдовчисига чойни кўрсатдим. Қарангки, уч-тўрт кун ўтмай савдойим юришиб кетди (кулиб)! Кундалик дафтар сотиб олиб, роса ўртоқларимга мақтандим. Аммо 10 кунлардан кейин синфдошларимдан бирининг папкасидан онаси “нонга” деб берган пул йўқолди. Ҳамма папкалар текширилганда, меникидан уч-тўрт кунлик чойларнинг пуллари чиқди. Турган гапки, бунча пулни ҳеч ким боласига бермайди, оиламиздаги моддий қийинчиликлардан эса ўқитувчимизнинг хабари бор эди…

Ўшанда ноҳақликка чидолмай, сиримни фош этишимга тўғри келган. Ҳайдовчилар “чойчи қиз”ни танишлари, менга пул беришларини айтишгач, гумондорлар рўйхатидан ўчирилгандим.

— Бу воқеадан ота-онангиз хабар топишганми?
— Юқорида айтиб ўтганимдек, отам жуда қаттиққўл инсон. Агар бу воқеалар унинг қулоғига етиб борса, нафақат мен, онам ҳам жазога тортилиши аниқ эди. Шу боис, онам индамади, аммо мендан қаттиқ ранжиганини пайқадим.

Қизлар билан ҳеч чиқишолмасдим, ўғил болалар билан ўртоқлигим эса онамга ёқмасди. Феълим қувноқ ва бир оз шартакироқ бўлгани билан мактабда энг аълочи ва фаол ўқувчилардан бири эдим. Мактабни ва академик лицейни қизил шаҳодатнома билан тамомлаган ўқувчилардан бириман. Сергели туманидаги 284-мактаб ўқитувчилари мени ҳамон эслашса керак (кулиб).

— Қалбингизда қачон санъатга меҳр уйғонди?
— Болаликдан рақс тушишга, қўшиқ айтишга қизиқардим. Мактаб тадбирларида ҳам бош ролларни бошқаларга ишонмасдим. Аммо дадам санъаткор бўлишимни истамади, “Ҳуқуқшунос ёки ҳарбий бўлишинг шарт!” деган талабни қўйди. Онам эса барибир менга ён босиб, тадбирларда иштирок этаётганимни дадамга айтмади. Академик лицейни тамомлаб, Ўзбекистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топширдим. Аммо бор-йўғи 8 балл етмай, талабалар сафига қабул қилинмадим. Бу хабарни эшитган дадам “Тадбирма-тадбир юришнинг оқибати шундай бўлади!” деб дакки берди. Апрель ойида Олий ҳарбий божхона институтига ҳужжат топширдим, икки уринишда ҳам омад кулиб боқмади. Ундан кейин Ички ишлар академиясига ҳужжат топшириб, жисмоний имтиҳонлардан яхши натижа кўрсатдим-у, тестдан йиқилдим. “Енгилган курашга тўймас” деганларидек, шу орада корейс тилини ҳам ўрганиб, таржимонлик қилиш истаги пайдо бўлди. Бир йил ўтиб, яна университетга ҳужжат топширдим. Аммо бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим. Абитурентлардан бири физика факультетига кам ҳужжат топширилганини айтгани учун ҳеч иккиланмай, шу йўналишда омадимни синаб кўрдим.

Бир куни уй телефонимиз жиринглаб: “Шаҳло Зоированинг уйими?” деб сўрашди. Онам “Яна бир балони бошладингми?” дегандек, менга қараб қўйди. “Биз Ўзбекистон Миллий университетидан безовта қиляпмиз. Қизингиз биринчи ўринда бюжетга қабул қилинди. Шу сабаб, бир соатда университетга келиши ва телевидение учун интервью беришини сўрашяпти”, дейишди. Онам ҳўнграб йиғлаб юборди ва мени маҳкам бағрига босди. Уйимиз олдида кичик дўкон очганди, ўша куни бор нарсасини ўтган-кетган маҳалладошларга тарқатиб, суюнчи олди.

— Одатда санъатга қизиқадиган инсонлар аниқ ва табиий фанларни ёқтиришмайди, дейишади. Физиклар орасида ўзингизни ноқулай ҳис қилмаганмисиз?
— Астрономия йўналишида ўқиганман. Бу соҳа мен учун қизиқ эди. Аммо аниқ фанларда жуда қийналардим, ижтимоий-сиёсий фанлар ўтиладиган кун мен учун байрам эди. Ўқиш бошланган кун факультетимиз деканининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича муовини олдига кириб, ўзимни таништирганман. Тадбирларни ўтказишда ёрдам беришимни айтгандим. Кўп ўтмай, факультет миқёсида “Қизлар давраси” танлови ўтказилди. Унда ғолиб бўлиб, университет миқёсида иштирок этдим. Сўнг пойтахтдаги олий ўқув юрти қизлари билан беллашдим ва мутлоқ ғолиб бўлиб, танлов ҳомийлари кўмагида талаба қизлар ўртасида ўтказиладиган халқаро “Мисс Европа” кўрик-танловида қатнашдим. Қўл жанги бўйича Озарбайжонда, кросс югуриш бўйича Москвада ўтказилган талабалар мусобақасида совринли ўринларни қўлга киритганман.

— Демак, спорт билан ҳам жиддий шуғулланган экансиз-да?
— Мен ҳуқуқшунос ёки ҳарбий бўлишни ният қилгандим. Тўғрироғи, дадамнинг ниятларини амалга оширмоқчи эдим. Спорт билан махсус залларда шуғулланмаган бўлсам-да, жуда қизиқардим. Агар “Қувноқлар ва зукколар” кўрик танлови ташкил этилмаганда, ҳаётимни спорт билан боғлашимга бир баҳя қолганди (кулиб).

— Кичик танлов ҳаётингиз мазмунига айланиши ва шу орқали халққа тинилишингизни тасаввур қилганмидингиз?
— Йўқ, аммо нимагадир эришишимга ишонардим. Университет миқёсида “Қувноқлар ва зукколар” танлови ташкил этилганда, факультетимиз номидан иштирок этганман. Аммо ғолибликни қўлга киритмаганмиз. Бир ойлардан кейин “ҚВЗ”да юқори балл тўплаган талабалар университетнинг “Шоввозлар” терма жамоасига қабул қилинаётгани ҳақида эшитиб қолганман. Ўқув хонасида бўлаётган репетицияларини кузатиш учун эшик ортида туриб, уларни кузатганман. Кейин жамоа сардори Бегзод Комилжоновдан “Менга ҳам роль беролмайсизларми?” деб сўраганман. Жамоада бирорта қиз йўқлиги учун бу гапимни ҳеч ким жиддий қабул қилмаган. Кейин ўзимни синаб кўриш учун кичик роль беришган.

— Нега жамоада Шаҳлодан бошқа қизлар йўқ? Ахир кўп қизлар бу “лавозим”га даъвогар бўлишган, аммо қандайдир сабаб билан қабул қилинишмаган…
— Тўғри, кўп қизлар ўзни синаб кўришган. Аммо оилавий ёки бошқа сабаблар туфайли ижод қилишолмади. Жамоамиз йигитлари қувноқ кўрингани билан жуда инжиқ ва қайсар. Уларнинг феълини тушунгунча роса тортишдик, ҳатто куч ҳам синашдик (кулиб). Албатта, бу — ҳазил. Биласизми, ҳамма иқтидорли инсон ҳам саҳнада ўзини кўрсатолмас экан. Чунки саҳнанинг салобати, сеҳри бор. Кўп қиз-йигитлар саҳнага чиққач, таслим бўлиб, “Санъат мен учун эмас экан”, дейишади.

— Турмуш ўртоғингиз саҳнадаги ижроларингизни қандай қабул қилади?
— Очиғи, оила қуришга ҳайиққан эдим. Сабаби, тўйдан аввал саҳнадаги айрим ҳазиллардан кейин одамларнинг муносабати ўзгарганини, ҳар ҳолда уч-тўрт кишидан мен ҳақимдаги ёмон гапларни эшитиб, шундай деб ўйладим. Чунки “Уялмайсизми?” деган одам қаршисида ўзингизни оқлолмайсиз, бу шунчаки томоша эканлигини тушунтиришга ҳам ожизсиз. Ўша пайтда санъатдан кетишга қарор қилдим. Аммо жамоамиз йигитлари мени қўллаб-қувватлашди. Қарангки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, оила қурдим. Агар турмуш ўртоғим қаршилик қилса, санъатдан кетишга ҳам тайёр эдим. Аммо бундай талаб қўйилмади, “Cанъатни оиладан устун кўрмасангиз бас, ижод қилаверинг” деган гап менга янада илҳом бағишлади.

— Сизнингча, аёл бахтли эканлигини қачон ҳис қилади?
— Инсоният шукур қилишни ўрганганида, бахтни англайди. Шу кунгача 20дан ортиқ давлатларга саёҳат қилдим, турли инсонлар билан танишдим. Биз ҳақиқатан имкониятлар асрида яшаяпмиз, ишлаган одам, албатта, тишлайди. Дўконга кирсангиз, жонингиздан ортиғи бор. Болалигимда онамга “Қўғирчоқ олиб беринг” деб йиғлаганимда, дўконда қўғирчоқ йўқлиги учун шиша идишга кўйлак тикиб, пардоз қалами билан қош-кўзини чизиб берганди. Ҳозир-чи, ҳамма нарса етарли, меҳнат қилган одам борки, роҳатда яшаяпти.

Ҳа, яна бир гап, аёлнинг юзига пардоз шарт эмас, табассумнинг ўзи унга чирой бағишлайди.

— Дипломсиз актрисага айланган Шаҳлонинг ижодда яна қандай орзулари бор? Ҳар ҳолда, фақат комик актриса бўлиб қолишни истамасангиз керак?
— Шу кунларда давлат киностудияларида суратга олинадиган ҳарбийлар мавзусидаги фильмларда суратга тушишни чин дилдан ният қиляпман.

— Ижтимоий тармоқлардаги постларингизни кузатиб, фарзандларингизга етарлича вақт ажратасиз, деган хулосага келдик…

— Улар менинг борим, ҳаётимнинг мазмуни. Қизим Шайдо 5 ёшда, ўғлим Зубайр эса ҳадемай икки ёшга тўлади. Улар ҳам санъатнинг ичида улғайишди. Концерт кунлари иккиси ҳам саҳна ортида туриб, онасининг томошасини кузатган, сут беришини интиқлик билан кутган болалар (кулиб). Улардан ҳеч қачон вақтимни ёки маблағимни аямайман. Қийинчиликсиз улғайишларини ва болалик дамларини фақат ширин хотиралар билан эслашларини истайман.

— Ниятларингизга етинг. Энг муҳими, ҳамиша бугунгидек қувноқ ва самимий бўлиб қолинг!
Наргиза МУРОДОВА суҳбатлашди.

Манба: Tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Миллион”га келгунча мингта чиғириқдан ўтган қиз