15:04 / 27.07.2019
3 509

Саноатдан санъатга: Ўзбекистон Лондон мода либослар кўргазмасида (видео)

Саноатдан санъатга: Ўзбекистон Лондон мода либослар кўргазмасида (видео)
Лондонда ўтган "Pure London" мода либослар кўргазма-савдосида Ўзбекистон ўзининг тўқимачилик маҳсулотларини намойиш қилди.
Жаҳон мода саноатининг энг йирик кўргазмаларидан бирида Ўзбекистонни "Истиқлол текстил дизайн", "Vakkoni Collection" ҳамда "Textile Tashkent Mill" Ўзбекистон-Германия қўшма корхоналари тамсил қилди.

Ўзбекистон стендини безаган кийим-кечакларнинг аксари аллақачон дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қилинади.

Тошкентдаги "Textile Tashkent Mill" корхонаси раҳбари Тоҳир Ҳошимовнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, улар ўзбек пахтасидан ишлаб чиқараётган пайпоқлар сифатли ва чидамлилиги билан, масалан, Хитой пайпоқларидан ажралиб туради.

Аммо унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бундай маҳсулотлар борлигини кўпчилик билмайди.

"Асосий бозоримиз Россия билан Германия. Маҳсулотларимизни яхши кўриб олишади. Энди Европага экспортни кенгайтирмоқчимиз. Жумладан, Британияга ҳам", – дейди тошкентлик тадбиркор.

Унинг айтишича, 2011 йилда очилган қўшма корхона 50 нафар ишчи билан фаолият бошлаган бўлса, ҳозир 350 дан ортиқ одам ишлайди.
Корхонанинг асосий мақсади экспортга ишлаш.

"Ҳозир корхонамизда ойига бир-бир ярим миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқарилади. Шунинг 95 фоизини экспорт қиламиз", – дейди тадбиркор.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда охирги йилларнинг энг йирик ислоҳоти миллий валюта конвертациясининг очилиши бўлган.

"Олдин конвертациядан қийналардик. Ҳозир тўсиқлар олиб ташланди. Бизга ўхшаб экспортга ишлайдиган корхоналар учун бу асосий нарса. Ҳозир тушган валютамизни ўша куннинг ўзида сўмга конвертация қилиб, ишлата оламиз", – дейди Тоҳир Ҳошимов.

Унинг айтишича, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш керак, аммо иқтисод очиқ рақобат муҳитида ривожланади.

"Хитой маҳсулотлари билан рақобатлашиш қанчалик осон?" деган саволга жавоб бераркан, Тоҳир Ҳошимов ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг устун жиҳати биринчидан нарх, иккинчидан сифат эканини айтади.

"Ўзбекистон пахтасидан қилинган ипларнинг сифати яхши. Мисол учун, Хитойда синтетика аралаштирилади, бизда эса тоза пахта бўлгани учун сифатимиз яхши. Ипимиз 100 фоиз пахта", – дейди у.

Би-би-си тадбиркордан Ўзбекистонда сўнгги пайтларда монополиялар атрофида авж олган баҳсларга муносабатини ҳам сўради.

"Бу борада дискуссиялар кўп. Кимдир чегаларни очиб ташлаш керак дейди. Бошқа одам чиқиб, ички бозор энди оёққа тураяпти, савдони чеклаш лозим деган фикрни айтади. Иқтисодда ягона қоида йўқ. Шу иккала назария ўртасидаги олтин ўрталиқни топиш керак деб ўйлайман", – дейди Тоҳир Ҳошимов.

Унинг айтишича, "Textile Tashkent Mill" Лондон кўргазмасида биринчи бор қатнашиши.
"Рақобатбардош маҳсулотларни кўрдик, ўргандик, ҳар доим шундай кўргазмаларда янги нарсаларни ўрганамиз", – дейди тадбиркор.

Ўзбекистон стендининг катта қисмини наманганлик тўқимачиларнинг маҳсулотлари ташкил этди.

Улар орасида Ўзбекистоннинг ўзи, Туркия ҳамда Россия бозорларида аллақачон танилиб улгурган Наманганнинг "Идеал" ("Истиқлол текстил дизайн") костюм-шим, кўйлак ва бошқа маҳсулотлари бор эди.

Наманганнинг тўқимачилик соҳасида етакчи тўрт ширкатини ўзида бирлаштирган гуруҳнинг Европадаги доимий вакили Акбаржон Ёқубовнинг айтишича, маҳсулотлар ҳозирнинг ўзида 15 дан ортиқ давлат, жумладан, Германия ва АҚШга экспорт қилинади.

"Худога шукур, сифат зўр, жаҳондаги энг яхши сертификатларни олганмиз, маҳсулотлар сифати белгиси остида чиқади, кафолатланган", – дейди Акбаржон Ёқубов.

Лондондаги кўргазма чоғида у тамсил қилган "Vakkoni Collection" Лондоннинг "The Notting Hill Shopping Bag" ширкати билан биологик тоза сумкалар етказиб бериш бўйича шартномани имзолаган.

Унга мувофиқ яқин орада Лондон супермаркетларида Наманганда ишлаб чиқарилган экосумкалар пайдо бўлади.

The Notting Hill Shopping Bag ҳар ой 10 минг дона 100 фоиз ўзбек пахтасидан бўлган ва атроф-муҳитга зарарсиз сумкалардан сотиб олиш учун буюртма берган.

"Мақсадимиз Ўзбекистоннинг экологик тоза пахтасидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Британия бозорига олиб кириш. "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси корхоналари 50 дан ортиқ ривожланган мамлакатга ўзларининг маҳсулотларини экспорт қилади. Бу йилдан Британия бозорига ҳам экспортни бошлаяпмиз", – дейди кўргазмада иштирок этган "Ўзтўқимачиликсаноат" вакили Маҳбуба Султонова.

Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик саноати хомашё экспортидан тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар экспортига ўтиш жараёнини якунлаш арафасида.

Ҳукумат 2019 – 2025-йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш концепциясини ишлаб чиққан.
Унда 2025 йилга бориб тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини 7 миллиард АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган.

Бу Ўзбекистоннинг пахта хомашёси экспортидан келадиган даромаддан қарийб 10 баробар кўп дегани.

Президент Мирзиёев ислоҳотлар алал-оқибат мамлакатдаги ишсизлик муаммосига барҳам бериши ва аҳолининг реал даромадлари ортишига олиб келишини айтган.

23 июл куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида президент яна бир марта иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини кўтариш ҳақида гапирган.

"Агар биз тадбиркорни қўллаб-қувватламасак иқтисодиёт ишламайди, келгуси йили тўхтаб қоламиз бу ривожланишдан. Биз катта марра олдик. Заминимиз бой, одамларимизни бой қилиш имкониятимиз бор. Ишчи жойи орқали. Даромад топиш ўзимизнинг қўлимизда. Жуда катта сабр-тоқат, матонат, Ватанга садоқат билан ишласак натижа бўлади. Юрагимнинг дарди, армонларим бу. Халқим яхши яшаши керак", – деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг пахта ва тўқимачилик саноати ўтмишда мамлакатдаги болалар ва мажбурий меҳнат боис халқаро бойкотга учраганди.
Бойкот жаҳоннинг йирик брендлари томонидан қўллаб-қувватланган.

Шу йил апрелида "Ўзтўқимачиликсаноат" бошқаруви раиси Илҳом Ҳайдаров Cotton Campaign халқаро коалицияси йирик брендларнинг Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларига бойкотини 2020 йил бошида бекор қилиши мумкинлигини айтган.

Аввалроқ АҚШ меҳнат вазирлиги ўзбек пахтасини мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотларнинг "қора рўйхати"дан чиқарган.

Манба: Minbar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Саноатдан санъатга: Ўзбекистон Лондон мода либослар кўргазмасида (видео)