
Машҳур ва рекордлар ўрнатган “Уэнздей” сериали актёрлар таркиби янада бойимоқда. Таблоидлар тарқатган маълумотларга кўра, учинчи мавсумда Голливуднинг энг мафтункор, сирли ва готик ролларга жуда мос француз актрисаси — Ева Грин жамоага қўшилади. У лойиҳада Офелия Фрамп, яъни Уэнсдейнинг холаси ва Мартиша Аддамснинг синглиси образини ижро этади.
Томошабинлар Офелия Фрампни иккинчи мавсум финалида бир неча сониялик эпизодда кўришганди. У ўша саҳнада Уэнсдейга ғалати, тушунарсиз ва ўта сирли хабар қолдириши сериал мухлисларида кучли қизиқиш уйғотган эди.
Лойиҳадаги маълумотларга кўра, Офелия Фрамп — Аддамслар оиласига хос бўлган экстрасенсор қобилиятларни ўзида мужассам этган қаҳрамон. Бироқ унинг тақдири мутлақо осон кечмаган: онаси уни болалигида руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирган, Офелия эса ўша ердан қочиб кетган ва кўп йиллар давомида бедарак ҳаёт кечирган. Янги мавсумда унинг ҳикояси, қандай хавфли кунларни бошдан кечиргани ва Уэнсдейнинг қобилиятларига қандай таъсир кўрсатиши атрофлича намоён этилади.

Учинчи мавсум устидан иш олиб бораётган сценаристлар — аввалги каби Альфред Гоф ва Майлс Миллер. Сериалнинг визуал руҳини шакллантирган машҳур Тим Бёртон эса яна бош режиссёр ва ижрочи продюсер сифатида қайтиб, янги мавсумга ўз услубий имзосини қўяди.
Ева Грин билан Тим Бёртон илгари ҳам “Қоронғу соялар” фильмида бирга ишлаганди. Шунингдек, актриса “Қўрқинчли эртаклар”, “Ёмон назар” каби қатор мўъжаз ва мистик лойиҳаларда ҳам фаол қатнашган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!