Спорт тиббиёти аллақачон миллионлар ўйинининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Бироқ ҳозирда футболимиз мазкур жиҳатдан мақтанадиган даражада ҳисобланмайди. Якшанба тонгида "Локомотив" шифокори Аброр Пирриев билан бўлган суҳбатимиз футболдаги тиббиёт масалалари, витаминзация тушунчаси, футболчиларнинг жисмоний ҳолати, улардаги ковиддан кейинги давр каби мавзуларни ўз ичига олди. Тўғри суҳбат бир мунча катта. Лекин зарур жиҳатларга тўхталиб ўтилганини айтиш жоиз.
- Суҳбатимизни бугунги кунда "Локомотив"даги фаолиятингиз қандай кетаётгани ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак...
- Клубдаги фаолиятим одатдагидек давом этмоқда. Биласиз сўнгги йилларда "Локомотив"да ўзгаришлар юз берди. Стратегия ўзгарди. Биратўла тиббиёт соҳасида ҳам урғу жамоага ёш кадрларни жалб этиш ва тарбиялашга қаратилди. Бизда ишлаб келган шифокорларни бошқа клубларга бериб, соҳага қизиқувчи ёшларни ишга олганмиз. Клубдаги тиббий хизматни ташкил қилиш учун ҳозирда 4та шифокор, 6та умумий ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда.
- ЎФА қошида юртимизнинг тиббиёт соҳасида ўз йўналишининг етакчи мутахассисларини жалб қилган ҳолда янги қўмита ташкил этилган. Мазкур қўмита раиси лавозимида ҳам меҳнат қиляпсиз...
- Эндиликда нафақат терма жамоа ёки клуб, балки бутун футболимиз миқёсида спорт тиббиётини тўғри йўлга қўйиш вақти келди. Футболни тиббиётсиз ривожлантириб бўлмаслигини англаб етишди. Бу йўлда “Тиббий қўмита” кўп ишларни амалга ошириши керак. Фаолият қамрови футбол академияларидан тортиб миллий терма жамоаларгача бўлиб, тиббий хизматни ташкил қилишдан тортиб, овқатланиш, витаминизация, реабилитация, кадрларни тайёрлаш каби муҳим вазифаларни ўз ичига олади. Хуллас, қилинадиган ишлар анчагина.
- Ҳозирда жамоани Денис Коростиченко бошқармоқда. Ўтган мавсумда португалиялик Микаэль Секейра билан ишладингиз. Хорижлик мураббийлар бизнинг футболчилар билан ишлашга қийналяптими ёки футболчиларимиз уларнинг талабига жавоб бермаяпти? Хусусан Секейра кетиш чоғида бизга оддий мактаб боласи қиладиган хатолар панд берди, деди...
- Ҳар бир хорижлик мураббий жамоага ўз ғоясини сингдиришга уринади. Ўйин услубини кўрсатаман, деб келади. Бизда шунақа янглиш тушунча борки, хорижлик мураббий келиб, бизга барча нарсани ҳал қилиб беради, деган мазмунда муносабатда бўламиз. Аслида юқори савиядаги футболга тайёр шароит яратиб, сўнгра етук мутахассислар жалб қилиниши керак. Барча иш йўлга қўйилгандагина хорижлик мутахассиснинг услуби натижа бериши мумкин.
Секейранинг ўз методи бор эди. У: “Хорижлик мураббий футболчига қандай пас бериш ёки тўп тепишни ўргатмаслиги керак, сиз буларни академиядаёқ пухта эгаллаган бўлишингиз керак. Мен сизга футболнинг олий дастурини сингдириш учун келганман, тағин мактаб дастурига қайтишни истамайман”, дер эди.
Секейра катта ғоялар билан ташриф буюрди. Аммо ҳали иш кўп экан. Талабга жавоб бермайдиган майдонларимизни кўриб жиғибийрон бўларди. Чунки бундай майдонларда унинг ўйин услуби иш бермас, ўйин ўзимизнинг ур, тепдандан нарига ўтмасди. Ҳар бир хорижлик кучли мутахассис клуб учун тажриба. Секейра “Локомотив”га кўп нарса қолдирди. У ёш мураббийларга, хусусан Коростиченкога қандай ишлаш кераклигини кўрсатиб кетди. Қисқаси, Секейранинг клуб учун катта фойдаси тегди, уни доим ҳурмат билан эслаймиз, қўнғироқлашиб турамиз.
- Сиз учун чет эллик мураббий билан ишлаш биринчи маротаба бўлгани йўқ. Чунки Эктор Купер каби талабчан мутахассис билан терма жамоада ишлагансиз...
- Эктор Купер жаҳон футболида мавқеи баланд мураббий. Ажойиб мутахассис эди. Ишни қандай йўлга қўйишни билади. Купергача терма жамоада тиббий таъминот абгор аҳволда бўлган. Очиғи бинт ва йоддан нарига ўтолмаганмиз. Мираброр Усмонов ажойиб бошқарувчи раҳбар бўлганлар. У киши барча шароитни яратиб берардилар. Лекин ҳамма гап ўшандан унумли фойдаланиб, таъминотни яхшиламаган терма жамоаларга масъул мутасаддиларда эди. Купер эса илк кунданоқ тиббий ходимлар ва таъминот масаласини кўндаланг қўйди ва камина бошчилигимда буни зарур мавқега олиб чиқа олди. Билмадим, ўйин услуби танлашу, тўғри ишлаш қандай бўлишини ўргатувчи турфа “мутахассис”ларимизга Купер фаолияти ёқмагандир, аммо жамоа ичида бўлган инсон сифатида у билан бирга ишлаш Секейра билан фаолият юритганим каби фақат илиқ таассуротлар қолдирган.
- Витаминизация тўғрисида тўхталсак. Ушбу атамани кўпчилик турлича талқин қилади. Футболчилар, мутахассислар интервьюларида жар солишади. Витаминизация нима ўзи?
- Витаминлар организмнинг униб-ўсиши ва фаолияти учун зарур бўлган элементлардир. Витаминизация бу витаминларнинг табиий ва кимёвий кўринишда организмга кириши. Мева, сабзавотлар оддий кундалик тарзимиз учун етарли. Лекин спортчи учун эмас. У жисмоний юклама билан ишлайди ва керагидан кўпроқ витамин, минералларни йўқотади. Шу боис қўшимча витамин берилади. Витаминизацияда жисмоний юкламада зўриқиб ишлайдиган барча аъзолар қамраб олинади: Юрак, жигар, мушаклар. Асосий витаминизация юкламаларга бой бўлган ўқув-машғулот йиғинларида ўтказилади. Бошқа пайт қўллаб турувчи режимга ўтилади. Шунингдек, терлаганда кўп йўқотиладиган минерал тузларни ўрнини қоплаш учун изотониклар берилади. Футболчи учун универсал биргина витамин йўқ. Шифокор машғулот тури ва юклама даражасига қараб таркибларини танлаб, ўзи тайёрлаб беради. Хуллас, тиббиёти кемтик спорт маррада оқсар, деганларидек футболимиздаги тиббиётни профессионал даражага олиб чиқмас эканмиз, ҳар доимгидек маррага яқин қолганда бизга бир оз нимадир етишмай волаверади.
- Бугунги кунда клубларимиздаг витаминизация борасида мақтана олмамизми?
- Бир нарсани тўғри тушунишимиз керак. Витаминизация деганда кўз олдимизга ялтироқ ва жозибадор идишлардаги дорилар келмасин. Биринчи навбатда, базавий витамизация ўтказиш учун маҳаллий дорихоналарда мавжуд витамин ва қўлловчи препаратлардан фойдаланиш мумкин. Барчасини чет элдан сотиб олиб келиш шарт дегани эмас. Тўғри, профессионал жамоалар учун зарур қўшимчалар ҳам борки, уни хорижда ишлаб чиқарилади ва сотиб олишга тўғри келади. Айтмоқчиманки, ёш футболчилардан бошлабоқ кимёвий витаминларга муккасидан кетиш керак эмас. Буни табиий йўл билан, масалан витаминларга бой сабзавот ва меваларга бой тўғри овқатланиш орқали. Катта футболда эса қўшимча витаминлар шарт ва бунга маблағни аямаслик керак. Ҳозир ҳам терма жамоада витамин таъминоти йўлга қўйилган. Аммо барча клубларимизда бу ҳол кўнгилдагидай, деб айта олмайман.
- Мазкур саволимга жавобингиз қисман футболчиларга тавсия бўлиши ҳам мумкин, деб ўйлайман. Миллий таомларимизни (ош, кабоб ва ҳоказо) истеъмол қилиш футболчиларга қай даражада мумкин? Тартиби қандай? Айрим мураббийлар танадаги ёғ миқдорини назорат қилиш учун буни таъқиқлаб қўйишар экан...
- Жамоаларимизнинг асосини маҳаллий футболчилар ташкил қилади. Миллий таомлардан чеклаб қўя олмайсиз. Тўғри, ош оғир овқат. Аммо, уни парҳезбоп тайёрлаш мумкин. Яна, бизда одат борки, асосий таомни кечки пайт танаввул қилиб, чойларни ичиб, кейин ухлаймиз. Ҳазми бир оз қийин миллий овқатларимизни пархезбоп тайёрлаб, машғулотга қараб, гоҳида тушлик маҳали истеъмол қилиш мумкин. Секейра даврида шундай қилардик. Аммо ўйиндан олдин ош ейиш ярамайди.
- Энергетик ичимликлар зарарлиги ҳақида ўқиймиз, эшитамиз. Аммо учрашувлардан олдин кийиниш хонасида, стадионга етиб келиш жараёнида футболчиларнинг бевосита шундай ичимликларни ичаётганига гувоҳ бўламиз...
- Аслида рангли ва газли ичимликларнинг барчаси спортчи учун зарар. Организимдаги зарур элементларни, асосан кальцийни ювиб кетади. Энергетикларда таурин, кофеин деган моддалари борлиги учун спортчилар ичишади. Аммо спортчилар учун тавсия қилинган энергетиклар бор, ўшалардан фойдаланишгани маъқул.
- Коронавирус пандемиясидан сўнг кўп футболчиларнинг юраги билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Кристиан Эриксен мисолида кўрдик. Серхио Агуэро юраги боис бутсаларини михга илишга қарор қилди. Йиғинлар пайтида бизнинг футболчиларда ҳам шундай ҳолатлар кузатилмадими?
- Олдиндан долзарб бўлиб келган муаммо. Юрак қон-томир жисмоний машқлар натижасида юклама оладиган асосий аъзолардан. Эриксенда юрак хуружи рўй бериб, клиник ўлим қайд этилди. Кейинчалик бунга сабаб қилиб миокардит касаллиги айтилди. Аслида сабаб турли туман бўлиши мумкин. Эшитган бўлсангиз керак, юрагида муаммо бўлса шифокор дарров ёшлигида шамоллашни қандай ўтказганини сўрайди. Ҳар доим вирусли инфекция (грипп, ОРВИ, ковид) юрак ва бўғимларга таъсир ўтказади. Уларнинг касаллиги эмас, асорати хавфли. Ўспирин спорт йўлини танлаганидан сўнг ҳар бир шамоллашнинг асорати чиқиб келишни бошлайди. Нима қилиш керак? Вирусли инфекциялардан сақланиш, касаллангач эса охиригача даволаниш зарурлигини таъкидлайман. Ковид кучли вирус бўлгани учун асоратни ҳам кучли қолдирди. Бизнинг футболда ҳам кўп учрайди.
Айниқса болалар футболида оддий поликлиника берадиган маълумотнома билан чекланамиз. Уни поликлиникага бориб олади ёки ота-онаси пулга олиб келиб беради. Айрим мураббийлар бор тузалсанг келасан, деб қайтариб юборади. Футболимизда ҳар бир иқтидор эгаси қуйи поғонадан юқорилаб бораркан, асосий жамоаларга тиббий муаммо билан келмаслигига эътибор қаратиш лозим. Аниқланганда кеч бўлади. Шу боисдан ёшлгиданоқ тиббий кўрикка эътиборлироқ бўлишимиз зарур. Аввалги йилларга қараганда чуқурлаштирилган тиббий кўрик қамровини кенгайтиришга ҳаракат қилдик. Раҳбарият ҳам соғлом ёшларгина футболимиз келажаги бўла олишини, соғлом танагина жисмоний юкламани етарлича кўтара олишини англаб етмоқда. ЎФА қошидаги тиббий қўмитанинг вазифаларидан бири ҳам шу.
- Интервьюларингизда Суперлигани куз-баҳор тизимига ўтказиш ҳақида кўп айтасиз...
- Ҳа. Бу масалада мен айнан шу омил бугунги кунда футболимизга, кўп гапириладиган жисмоний тайёргарликка фойда беради деб биламан. Шифокор сифатида футболчилар жисмоний ҳолатига таъсир қилувчи бир қанча омилларни санаб ўтишим мумкин, аммо қисқа қилиб, буни ижобий томонга ўзгартириш учун асосий қадам айнан чемпионатни куз-баҳор тизимига ўтказиш деб ҳисоблайман.
Тобора исиб бораётган иқлимимиздаги тиғиз машғулотлар ва ўйинларда жуда кўп энергия йўқотилади, унинг ўрнини қоплаш эса амри-маҳол, айниқса, иссиқ иқлимдаги иштаҳасизлик ҳамда биздаги витаминизация ва реабилитация даражаси билан.
Гап фақат толиқишда эмас, иссиқ иқлимдаги юкламалар инсоннинг асосий аъзоси – юрак, жигар, таян тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Бу омиллар футболчи организмига таъсир ўтказмай қўймайди. Нисбатан салқин об-ҳавода организм юкламани яхши қабул қилади, наф кўпроқ бўлади ва тикланиш жараёнига кам вақт сарфлайди. Мўътадил иқлимдаги юкламалар футболчи тинкасини қуритмайди, балки жисмоний ҳолат яхшиланишига туртки бўла олади. Қолаверса тикланиш жараёни яхши кечади.
Иккинчидан, ҳозирги форматда йил давомида юкламанинг тенг тақсимланмаслигидир. Қишда уч ой танаффус, давралар орасида эса 2-3 ҳафта. Мавсум давомидаги узилиб қолишлар энди алоҳида мавзу. Бу дегани жисмоний ҳолатни меъёрида ушлаб туришга вақт тақсимоти имкон бермайди.
Яна, чемпионатимизнинг куз-баҳор тизимига ўтиши футболимиз жозибадорлигини оширади деб ўйлайман. Ўйин тезлашади, темп ошади. Салқинроқ шароитда футболчи организми яйраб ишлайди, нисбатан тез тикланади, яхши жисмоний формада туради, томошабоп ўйинлар кўпаяди.
Агарда куз-баҳор тизимига ўтиш шунчалар оғриқли бўлса, ҳозирги форматни куз-баҳорга мослаб ўзгартириш ҳам мумкин. Асосийси 15 декабрьдан 15 февральгача ва 15 июньдан 15 августгача танаффус қилиб, улар оралиғидаги муддатга чемпионат ўйинларини сиғдириш. Мақсад қишнинг қаҳратони-ю, ёзнинг чилласидан қочган ҳолда икки маротаба бир хил – 2 ойлик танаффусда қисқа дам ҳамда етарли юклама билан организмнинг жисмоний ҳолатини яхшилаб олиш. Майдонларни рўкач қиладиганларга айтсам: ҳозирги форматдан фарқи – бу 15 кунлик тафовут. Жуда катта фарқ эмас. Шундоқ ҳам декабргача чўзиладиган чемпионатдан сўнг қорсиз қишимиз февраль ойида қуёш билан ўтиши-ю, табиат инжиқликлари март ойида бўлиши ҳеч кимга янгилик эмас. Қолаверса, баҳор-куз форматига ўтган АФК мусобақаларида қатнашувчи МТЖ учун ҳам бу қулай ва фойдали бўлади. Алқисса, эртами-кечми куз-баҳор форматига ўтишимиз аниқ. Аммо буни қанчалар эрта амалга оширсак, футболимизга шунча тез фойда қилган бўламиз.
Муаллиф: Iskandarov Abdulaziz
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Элчи: Зеленскийнинг БРИКС саммити ҳақидаги сўзлари “ҳақиқатдан йироқ”
Ҳар куни хурмо ейиш мумкинми? Нутрициолог тавсияси
Россия қўшинлари Харкив марказидаги ЮНEСКО объектига ҳаво ҳужуми уюштирди
Эрдўғон: “Туркия энди ўзининг миллий хавфсизлик масалаларини бошқалар билан мувофиқлаштирмайди”
Рамзан Қодиров: “Чеченистондаги дрон ҳужуми оқибатида украиналик асирлар ҳалок бўлди”
Родри “Олтин тўп”га аслида ким олиши кераклигини айтди
Ўзбекистонда аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартиби тасдиқланди
Пентагон собиқ маслаҳатчиси: Украина 2025 йил Россияга қарши урушда енгилиши мумкин