14:34 / 05.09.2024
65

Ҳиндистонлик қўлсиз қиз Паралимпия юлдузига айланди

Ҳиндистонлик қўлсиз қиз Паралимпия юлдузига айланди
Фото: Getty Images
Париж Паралимпиадасида қатнашган ҳиндистонлик камончи қиз ижтимоий тармоқ юлдузига айланди. Қўлсиз туғилган 17 ёшли Шитал Деви барчани ҳайратда қолдирди.

Мусобақа давомида қиз оёқлари билан ўқ узди, унинг рақиблари эса аравачада ўтирган ҳолда қўллари билан нишонни кўзлади. Деви фақат 1/8 финалга қадар етиб борди, аммо мағлуб бўлганида ҳам уни қарсаклар билан кузатиб қўйишди.

Шитал Деви 2007 йилда Лойдхарда (Ҳиндистон) қўлсиз туғилган. Бу кам учрайдиган генетик касаллик — фокомелия синдроми билан боғлиқ, бунинг натижасида тананинг юқори қисми бутунлай ривожланмайди ёки ноодатий ҳолда бўлади.

Фото: World Аrchery
Шунга қарамай, Деви фаол бола эди. 2019 йилда Ҳиндистон армиясининг Раштрия Рифлес Киштвардаги ёшлар тадбирида қўлсиз дарахтларга чиқаётган 12 ёшли қизчани пайқаб қолган. Улар Шиталнинг даволаниши ва таълимига сармоя киритишга қарор қилади. Дастлаб протез қўлдан фойдаланмоқчи бўлишади, аммо бу имконсиз бўлиб чиқади.

2021 йилда Деви камондан отиш билан шуғуллана бошлайди. Унинг мураббийлари қўлсиз отадиган Паралимпия чемпиони Метт Штуцманнинг услубига асосланишади. Шитал ўз техникасини шундай ривожлантиради: у оёғи билан камонни ушлаб, ўнг елкаси билан ипни тортади ва жағини теккизиб, ўқни йўналтиради.

11 ойлик машғулотлардан сўнг Деви 2022 йилги Осиё Паралимпия ўйинларида иштирок этиб, аёллар ўртасидаги индивидуал ва аралаш мусобақаларда олтин, жуфтлик баҳсларида кумуш медални қўлга киритади. Ўшандаёқ ҳинд қизи тарихга киради — у камондан ўқ отиш бўйича халқаро турнирларда қўлсиз чемпион бўлган илк чемпионга ва иккита турнир олтин медалини қўлга киритган биринчи ҳиндистонлик аёл бўлади. Ўшанда унинг биринчи видеолари интернетда тарқалади.

Фото: Getty Images
2023 йилда Шитал жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритади ва кейинчалик Осиё Паралимпия қўмитаси томонидан йилнинг энг яхши ёш спортчиси деб топилади. Июль ойида 17 ёшли камончи Паралимпия ўйинларида Ҳиндистон терма жамоаси таркибига киради.

Аввалига кўпчилик “бу қиз Ҳиндистон вакили бўладими?” деб мени масхара қилди. Бугун мен ғурур билан айтаманки, менинг исмим Шитал Деви, мен Ҳиндистон жамоасининг камончисиман. Масхара қилишдан тортиб, миллий терма жамоа либосини кийишгача.. Негатив изоҳларга қараманг ва ўз мақсадингизга эътибор қаратинг. Мен буни уддаладим, сиз ҳам шундай қила оласиз”, деб ёзади Шитал ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Париждаги Паралимпия ўйинларида 17 ёшли ҳиндистонлик камончи янада кўпроқ эътиборни тортди. 30 август куни Деви бир вақтнинг ўзида бир нечта тарихий натижалар қайд этди. Биринчидан, у Паралимпия ўйинларида камондан отиш бўйича аёллар мусобақасининг энг ёш иштирокчиси бўлди. Иккинчидан, Ракеш Кумар билан аралаш жуфтлик баҳсларида у 1399 очко жамғариб, жаҳон рекордини бир очкога янгилади.

Фото: Getty Images
Шитал учинчи муваффақиятга эришиши мумкин эди. Деви саралаш босқичида 703 балл тўплади ва британиялик Фиб Патерсон Пайн ўрнатган 698 балл рекордини янгилади. Аммо ҳиндистонлик спортчининг натижасини туркиялик Ознур Дзуре дарҳол янгилаб, уни 1 баллга ортда қолдирди. Шитал иккинчи ўринни эгаллаб, 1/8 финалга йўлланма олди.

Мен ишончли бошладим ва яхши натижа қайд этдим. Агар шу даражани сақлаб қола олсам ва ўсишда давом эта олсам, Ҳиндистон учун медал қўлга киритиш ва ўз мамлакатим мен билан фахрланиш имкониятига эгаман”, деган эди Деви.

Фото: Getty Images
Афсуски 1/8 финалда чилилик Мариана Зунига билан кечган баҳс асабий кечди ва Шитал чорак финалга чиқа олмади. Деви биринчи раундда олдинга чиқиб олди — 29:28. Бироқ иккинчи раундда хатога йўл қўйиб, уринишлардан бирида 7 очкони қўлга киритиб ўз устунлигини қўлдан чиқарди. Учинчи раундда ниҳоят ҳисоб тенглаштирилди - 82:82. Ҳаммасини охирги турда ҳал қилиш керак эди. Зунига 10 ва тўққизталикка ўқ узди, Деви ҳам худди шундай жавоб берди. Аммо охирги ўқ билан Мариана тўққизликка, Шитал эса саккизликка зарба берди. Шу тариқа учрашув натижаси — 138:137 чилилик камончи фойдасига ҳал бўлди.

Мағлубиятга учраганига қарамай, Девини олқишлар билан кутиб олишди. Умуман олганда, жамоатчилик ҳинд камончисини жуда илиқ кутиб олди. У ҳар сафар кучли ўнликка кирганида, трибунадаги мухлислар ҳайратланиб, спортчини олқишлади.

Қиз ҳали 17 ёшда, демак, унинг асосий ютуқлари ҳали олдинда деб умид қилса бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳиндистонлик қўлсиз қиз Паралимпия юлдузига айланди