
Суперлига 28-туридан ўрин олган “Бухоро” – “Нефтчи” учрашуви 1:1 ҳисобида якунланди. Учрашувдан сўнг “Бухоро” бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида иштирок этиб, жамоанинг ўйини, йўқотилган очколар ва мавсумнинг қолган қисми ҳақида фикр билдирди.
“Ҳар бир баҳс финалга тенг, лекин ғалабалар керак”
— Дуранг учун табрикларингизни қабул қилмайман, — деди Хомяков очиқча. — Чунки биз учун ҳар бир учрашув финал каби аҳамиятга эга. Ҳар сафар фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз. Афсуски, охирги икки баҳсда — “Андижон”га қарши ўйинда ҳам, бугун “Нефтчи”га қарши беллашувда ҳам кутилган натижага эриша олмадик.
Мураббийнинг таъкидлашича, жамоа режалаштирилган ўйин услубини тўлиқ амалга ошира олмаган. — Бугун бизда кўп нарса ўхшамади. Ҳужумда етарлича хавф туғдира олмадик. Илк 15–20 дақиқа яхши ҳаракат қилдик, аммо кейин майдон марказини рақибга бериб қўйдик. Бир киши кам бўлиб қолганимиз ҳам таъсир қилди. Шунга қарамай, бир очкони сақлаб қолдик.
“Темпни ушлаб туриш футболда ҳал қилувчи аҳамиятга эга”
Журналистлар “Бухоро”нинг кўпинча ўйин бошида фаол ҳаракат қилиб, кейин темпни тушириб юбораётгани ҳақида сўрашди. Бу сафар эса акс ҳолат кузатилди — гол ўтказилгандан кейин жамоа фаоллашди.
— Бу тактик қарор эмасди, — деди Хомяков. — Аксинча, ҳар бир баҳсда фаолликни сақлаб қолишни талаб қиламиз. Чемпионат охирига яқинлашгани сайин, ҳар бир очконинг қиймати ортади. Шунинг учун ритмни йўқотмаслик, рақибни ўз ўйинимизга мослаштириш жуда муҳим. Биз фақат кураш орқали натижага эришишимиз мумкин.
“Табатадзенинг йўқлиги ўйинга таъсир қилди”
Бош мураббийнинг фикрича, жамоадаги асосий ҳужумчи Тома Табатадзенинг жароҳати ҳам натижага таъсир кўрсатган.
— Биздаги ўйин услуби кўпинча бўйдор футболчиларга таянади, ҳаводан узатмалар ва стандарт вазиятлар муҳим рол ўйнайди. Табатадзе бўлганида эҳтимол ғалабани сақлаб қолган бўлардик. Албатта, Доминик Бегич ҳам яхши ўйнади, жамоа фойдаси учун кўп меҳнат қилди ва муҳим гол урди. Аммо марказий ҳужумчи сифатида Табатадзенинг йўқлиги сезилди, — деди Хомяков.
“Минус тўрт — бугунги баҳони шунча қўяман”
Мураббий ўйинни баҳолашни сўрашганида шундай жавоб берди:
— Агар 5 баллик тизим бўйича баҳоласак, эҳтимол минус тўрт деб айтардим. Чунки биринчи бўлимдаёқ бир нечта асосий футболчиларимизни йўқотдик. Бу ҳам ўйин ритмига таъсир қилди.
“Бухоро” Суперлигада қолиш учун кескин курашни давом эттирмоқда. Хомяковнинг сўзларига кўра, жамоа ҳар бир баҳсни “ҳаёт-мот” синови сифатида қабул қилмоқда ва қолган турларда фақат ғалаба учун ҳаракат қилади.
Унинг сўзлари билан айтганда, “агар темпни сақлаб, ишончни йўқотмасак, бизда ҳали имконият бор.”
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!