date

Украина дронлари Россиянинг энергетик инфратузилмаларига ҳужум қилди

Украина дронлари Россиянинг энергетик инфратузилмаларига ҳужум қилди

Россиянинг Вологда ва Волгоград вилоятларида охирги кунларда энергетик тармоқларга қилинган янги ҳужумлар аҳоли ва расмийлар орасида жиддий хавотир уйғотди. Расмий маълумотларга кўра, ҳужумлар асосан мамлакатнинг йирик электр таъминот марказларига қаратилган.

Вологда вилоятидаги “Белозерская” номли йирик подстанция ҳужумга учрагани маълум қилинди. Бу объектнинг қуввати 3 гигаволт-амперни ташкил этади ва у Вологда, Череповец ҳамда бир қатор йирик саноат корхоналарини электр энергияси билан таъминлаб туради. Ҳужумдан сўнг бир неча соат давомида айрим туманларда электр таъминоти узилиб қолгани айтилмоқда.

Волгоград вилоятида эса вазият янада кескин бўлди. Бу ерда 1523 мегаволт-ампер қувватга эга “Балашовская ЛЭП” подстанцияси ҳужум нишонига айланди. Маълумотларга кўра, мазкур объект сўнгги бир ой ичида иккинчи марта зарбага учраган.

Волгоград вилояти губернатори Андрей Бочаровнинг маълум қилишича, ҳозирда қурилиш-таъмирлаш бригадалари Киквидзен, Урюпин, Новониколаев ва Новоаннин туманларида электр таъминотини тиклаш ишларини олиб бормоқда.

“Ҳозир асосий эътибор аҳоли яшайдиган ҳудудларни тезкорлик билан энергия билан таъминлашга қаратилган. Барча хизматлар тинимсиз ишлаяпти”, — деб ёзди губернатор ўзининг Telegram саҳифасида.

Энергетик тизимларга қилинган бу ҳужумлар Украина томонидан амалга оширилгани тахмин қилинмоқда. Сўнгги ҳафталарда Киев ҳам Россиянинг узлуксиз ракеталар ва дронлар орқали Украина энергетика объектларига берган зарбаларга жавоб сифатида Москва ҳудудидаги инфратузилмаларга ҳужумларни кучайтирганини яширмаяпти.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириб, украин ишлаб чиқарувидаги ракеталар ёрдамида Россиянинг стратегик объектларига зарбалар географиясини кенгайтириш режалаштирилган. Аммо, бу галги ҳужумларда ракеталар қўлланилган-қўлланилмагани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Саратов шаҳрида ҳам дрон ҳужуми натижасида бир неча бинолар ва автомобиллар зарар кўрди. Губернатор Роман Бусаргиннинг маълумотича, ҳодиса пайтида икки киши ўрта даражада жароҳат олган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса 7 ноябрь куни эрталаб мамлакатнинг етти минтақаси устида 82 та украин дрони йўқ қилинганини билдирди. Аммо Вологда вилояти ушбу рўйхатда тилга олинмаган. Шунинг учун неча дрон нишонга етиб боргани ёки қайси объектларга зарба берилгани ҳозирча аниқланмаган.

Муттахассислар фикрича, Россиядаги сўнгги энергетик ҳужумлар қиш мавсуми арафасидаги асосий стратегик хавфлардан бири бўлиб қолмоқда. Энергия таъминотидаги ҳар қандай узилиш нафақат аҳолининг турмушига, балки саноат фаолиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳозирда ҳукумат идоралари ва хавфсизлик хизматлари энергетик инфратузилмани муҳофаза қилиш чораларини кучайтираётгани маълум қилинди. Шу билан бирга, Россиянинг энергетик тизими янада барқарор бўлиши учун эҳтимолий ҳужумларга қарши янги технологиялар жорий этилиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина дронлари Россиянинг энергетик инфратузилмаларига ҳужум қилди