
«Манчестер Сити»нинг норвегиялик ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд Англия Премьер-лигасининг 11-турида «Ливерпул»га қарши бўладиган марказий баҳс олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди. Унинг таъкидлашича, шахсий рекордлар ёки статистика уни қизиқтирмайди – у фақат жамоа ғалабаси учун ўйнайди.
«Нега мен эҳтимолий рекордлар ҳақида ўйлашим керак? Бу нарсалар ҳақида ўйласанг, диққатинг бўлиниб кетади. Менинг асосий вазифам – жамоамга уч очко олишда ёрдам бериш. Ҳужумчи сифатида гол уришга ҳаракат қиламан, аммо шундан ҳам муҳими – жамоавий ғалабалар. Натижа ҳамиша биринчи ўринда бўлиши керак», — деди Холанд Sky Sports нашрига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, футболда рекордлар ҳақида эмас, жамоа мақсади ҳақида ўйлаш муваффақият гаровидир:
«Албатта, агар ғалабалар орқали рекордлар ҳам келса, бу ёмон эмас. Лекин мен учун бу иккинчи даражали. Агар сен фақат шахсий натижаларни ўйласанг, бу жамоага фойда бермайди. Бундай ёндашув яхши натижага олиб келмайди. Асосийси – меҳнат қилиш ва ҳар бир баҳсда ғалаба учун жон бериш».
Маълумот учун, Эрлинг Ҳоланд жорий мавсумда барча мусобақаларда 14 та учрашувда иштирок этиб, 18 та гол урган ва 1 та голли пас узатган. Унинг самарадорлиги ҳозирча Европадаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Мухлислар фикрича, Ҳоланднинг бу сўзлари унинг нафақат майдонда, балки руҳий жиҳатдан ҳам етук футболчига айланганини кўрсатади. Чунки у ғалаба руҳини шахсий мақсадлардан устун қўяди — бу эса жамоани чемпионликка етаклайдиган асосий омилдир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!