22:14 / 23.01.2025
173

Доналд Трампнинг қайтиши қандай оқибатларга олиб келади?

Доналд Трампнинг қайтиши қандай оқибатларга олиб келади?
Доналд Трамп яна АҚШ президентлигига қайтди. Америка тарихида бир марта сайланиб, кейин ютқазган ва орадан тўрт йил ўтиб ҳокимиятга қайтган иккинчи президент бўлди. Биринчи марта президент бўлганида, Трамп АҚШ демократиясининг “хатоси” сифатида кўрилган эди. Қолаверса, ўтган тўрт йилликда ҳам Трампнинг вақти кўпроқ элита билан, демократлардан ташқари ўзининг партияси бўлмиш республикачилар билан курашда кечди. Ва у бу курашда ғолиб чиқди.

Бу сафар ҳаммаси бошқача. Бу сафар Трамп ишончли ғалаба билан келди. Республикачилар партияси Трампга бўйсунди, оппонентлари таслим бўлди, қудратли шахслар ва миллиардерлар ҳаммаси унга эргаша бошлади. Шунингдек, бу сафар Трампнинг партияси бўлмиш республикачилар фақат президентлик ҳокимиятини, балки Конгресс ва Сенатдаги кўпчилик ўринларни ҳам қўлга киритди. Олий судда ҳам бугун республикачиларга яқин консерватив судялар кўпроқ.

Шундай экан, Трампнинг даври энди бошланяпти. Айниқса, кейинги икки йилда Трампни қарорларига тўсиқ қўювчи Сенат ва Вакиллар палатаси бўлмайди.

Демократик давлатлардаги бошқарувларнинг, сайланган президентлар ва бош вазирларнинг энг асосий хусусияти – уларни таъбир қилиш имкони борлигида. Демократик давлатларда, президентлар ва бош вазирлар, ўзлари мансуб партияларнинг мафкуралари, сайлов дастурлари, сиёсий қарашлари доирасида аниқ траектория доирасида фикрлашади, ҳаракат қилишади.

Трампнинг кредоси – таъбир қилиб бўлмаслигида. Тўғри, Трамп доим ўз қарашларини баралла айтиб келган, ўзининг мойилликларини яширмаган. Лекин бу мойилликлар ва қарашлар доирасида айнан нима ишлар қилишини таъбир қилиш имконсиз. Қолаверса, Трамп жим туриш орқали, ёки ортиқча қўрқитиш орқали ҳам жамоатчиликни ёки оппонентларини манипуляция қилади.

Трампнинг асосий қадриятлари – бу доминантлик. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги барча Америка президентлари “Америка лидерлиги” ҳақида гапиришган. Бунда, АҚШ бошқаларга маънавий ўрнак бўлиши, авторитет сифатида кўрилиши, бунинг учун эса, қадриятлар ва яхши келажак образини кўрсатиб, бу йўналишда ишончли ҳамкорлик қилиши айтиларди. Лекин Трамп учун, тенглар ичида лидер бўлиш эмас, ҳамманинг устида, юқорисида турадиган доминант бўлиш, қўрқитиш ва босим қилиш, маҳрум қилиш орқали мақсадларига эришиш устунроқ туради.

Трамп ростдан ҳам урушларни хушламайди. Лекин тинчликпарвар бўлгани учун эмас. Бизнесмен сифатида, ресурсларни ҳарбий урушларда йўқ қилиш орқали бошқаларни бўйсундириш эмас, қўрқитиш орқали актив орттириб, қўлга киритиш керак, деган йўсинда фикрлайди. Трамп учун ҳарбий урушлар эмас, савдо-иқтисодий, ахборот-сиёсий ва психологик урушлар ҳам арзон, ҳам самарали кўринади.

Биринчи тўрт йиллик даврида Трамп ўзини ўта исломофоб, ксенофоб сифатида кўрсатди. Бошқалардан қўрқиш ва бошқалар номи билан қўрқитиш – Трамп дунёқарашида катта ўрин тутади. Бу сафар эса, унинг риторикасида исломофобия даражаси жуда кам. Лекин у ўзгаргани йўқ, балки, тажрибалироқ бўлди. Трампга араб-мусулмон дунёсининг бойликлари, сармоялари, ресурслари керак. Шунинг учун у исломофобик риторикасини пасайтирди. Бироқ, кейинги йилларда кўриш мумкин бўладики, у барибир ўта исроилпараст, ўта исломофоб сиёсатчи сифатида фаолият олиб боради.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ дунёда либерал глобал тартиботини ўрнатди ва ҳимоя қилиб келди. Трамп эса бу тартиботга нафақат ишонмайди, балки бу тартиботни ўзи учун нотўғри, ноқулай, серхаражат деб билади. Трамп авторитаризмни “тўғри ва самарали” деб билишини ҳеч қачон яширмаган.

Трамп даврида АҚШнинг глобал иттифоқлари заифлашади. Бугун Европа Иттифоқи, НАТО давлатлари жиддий ташвишда. Чунки Трамп учун мафкуранинг, қадриятларнинг катта аҳамияти йўқ. У ҳамма нарсани даромад билан ўлмайди, бўлганда ҳам бу даромад ушлаб кўриш мумкин бўлган, ҳозир ва шу ерда келадиган фойда бўлиши керак.

Трамп яна тўрт йил президент бўларкан, у АҚШдаги демократик институтларни демонтаж қила олмайди, чунки америка демократияси, конституциявийлиги, институтлари асрлар давомида шаклланди. Лекин Трамп америка давлатчилигини агрессив ва утилитар империячилик билан, эгоцентризм билан, ксенофобия ва исломофобия билан анча чуқур заҳарлаб кетади.

Трампнинг АҚШ ҳокимиятига келиши халқаро майдондаги келишувларни, халқаро ҳуқуқни жиддий даражада заифлаштиради. Трамп томонидан ўрнатилаётган “ким кучли бўлса – ўша ҳақ” деган тамойил, бошқа қудратли давлатларнинг ҳам қўлларини ечади. Дунёда, худди 19-асрдаги каби, “қудратлилар заифларни еб озиқланади” деган ўйин қоидаси нормага айланиб боради.

Ушбу контекстда Марказий Осиё, Ўзбекистон, бир томондан ички қудрат шакллантириш механизмларини, институтларини тезроқ қабул қилиши, яъни демократия ва ҳуқуқий давлатчиликдан қўрқмаслиги, жорий қилиши керак бўлади. Чунки айнан демократия ва ҳуқуқий давлатчилик ғарб давлатларига катта миллий бойлик, ҳарбий қудрат, иқтисодий салоҳият, технологик устунлик яратиш имконини берди.

Иккинчи томондан эса, туркий бирлик ва Марказий Осиё интеграциясини тезлаштириш, реаллаштириш зарурати ошиб бормоқда.

Янги даврда, булар – соғ-омон қолишнинг асосий икки чораси ҳисобланади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт