date

Ҳусановнинг «Ливерпул»га ўтиши ҳақидаги миш-мишларга аниқлик киритилди

Ҳусановнинг «Ливерпул»га ўтиши ҳақидаги миш-мишларга аниқлик киритилди

Сўнгги соатлар ичида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда «Манчестер Сити» футболчиси Абдуқодир Ҳусановнинг «Ливерпул»га ўтиши мумкинлиги ҳақида турли хабарлар кенг тарқалди. Айрим мухлислар бу янгиликни жиддий қабул қилди, айримлар эса унга шубҳа билан қаради.

Тарқалган маълумотларда асосий манба сифатида “Anfield Papers” номли саҳифа кўрсатилмоқда. Ушбу платформа эса ўз навбатида хабарни собиқ футболчи Мамадоу Сакҳонинг фикрларига таянаётганини иддао қилган. Аммо масалага чуқурроқ назар ташланса, бу маълумотлар ишончли манбага асосланмагани ойдинлашади.

Эътиборли жиҳати шундаки, “Anfield Papers” саҳифасининг ўзи ҳам ўз профилида очиқ огоҳлантириш қолдирган. У ерда “Бу аккаунтни жиддий қабул қилманг” деган изоҳ мавжуд. Яъни, саҳифа ўзини ахборот манбаи сифатида эмас, балки мухлислар учун контент берувчи платформа сифатида кўрсатган.

Шунингдек, мазкур аккаунтнинг Х (Twitter) ижтимоий тармоғидаги обуначилари сони ҳам тахминан 22 минг атрофида. Бу эса катта ва ишончли инсайдер манбалар даражасида эмаслигини англатади. Шу боис, айнан шу саҳифага таяниб Абдуқодир Ҳусанов трансфери ҳақида қатъий хулоса чиқаришга асос йўқ.

Қолаверса, Мамадоу Сакҳонинг Абдуқодир Ҳусанов трансферига тўғридан-тўғри алоқаси мавжуд эмас. Эҳтимол, у қандайдир подкаст ёки суҳбат давомида умумий мулоҳаза билдирган, холос. Бу эса аниқ трансфер янгилиги сифатида қабул қилинишини англатмайди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити» билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади. Шу боис, ҳозирча унинг «Ливерпул»га ўтиши ҳақидаги хабарлар шов-шувли миш-мишдан нари ўтмайди. Мухлисларга эса фақат расмий ва ишончли манбаларга таяниш тавсия этилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ҳусановнинг «Ливерпул»га ўтиши ҳақидаги миш-мишларга аниқлик киритилди