
Айни дамда Қозоғистоннинг Олмота шаҳри ММА мухлислари эътибор марказида. Бу ерда нуфузли “Alash Pride 115” турнири бўлиб ўтмоқда ва мусобақа доирасида юртимиз учун яна бир қувончли лаҳза қайд этилди.
Турнирнинг энг қизиқ жангларидан бирида ҳамюртимиз, ижтимоий тармоқларда ҳазиломуз видеолари билан танилган блогер Элмурод Ҳақназаров октгонга кўтарилди. Унинг рақиби эса тажрибали бразилиялик жангчи Диего Лопес бўлди. Кўпчилик бу тўқнашув узоқ ва муросасиз кечишини тахмин қилган эди, аммо воқеалар умуман бошқача йўналиш олди.
Жангнинг биринчи раундиёқ барча саволларга жавоб берди. Элмурод Ҳақназаров тезкор ҳаракатлар, аниқ ҳисоб ва тажрибага таяниб, рақибини сабмишн орқали таслим этишга мажбур қилди. Октагонда узоқ курашга эҳтиёж қолмади — ҳамюртимиз ишни жуда ишончли ва совуққонлик билан якунлади.
Қизиғи шундаки, Элмурод Ҳақназаров иштирок этган жангларда вақт борган сари “тежалиб” бораётгандек. Бу сафар ҳам у ортиқча шовқинсиз, осонгина қулфлаб, рақибини бўғиш усули билан мағлуб этди. Ҳисоб эса 2:0 кўринишига келди.
39 ёшда ҳам ММАда жанг қилиш, қолаверса, шундай ишончли ғалабалар қайд этиш мумкин экани Элмурод Ҳақназаров мисолида яна бир бор исботланмоқда. Мухлислар эса ҳазил билан айтмоқда: ёш — рақам холос, агар характер ва меҳнат бўлса.
Шубҳасиз, бу ғалаба нафақат жангчи учун, балки уни қўллаб-қувватлаб келаётган минглаб мухлислар учун ҳам катта мотивация бўлди. Alash Pride октагонида Ўзбекистон байроғи яна бир бор баланд кўтарилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.