Димарко Чемпионлар лигасидан сўнг асосий мақсадларини айтди

«Интер»нинг чап қанот ҳимоячиси Федерико Димарко жамоа Чемпионлар лигасидаги иштирокини якунлаганидан кейин олдига қўйган мақсадлари ҳақида гапирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
«Нерадзурри» энг нуфузли Европа мусобақасида плей-офф саралаш босқичида Норвегиянинг «Будё-Глимт» клубига икки ўйин натижасига кўра 2:5 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнир билан хайрлашди.
28 ёшли футболчи Sky Sport'га берган интервьюсида: «Ҳар доимгидек тинимсиз ишлаяпман. Баъзан мавсум омадинг келади, баъзан эса ҳаммаси ҳам ўхшамайди. Орзуларим? Мен скудетто ютишни ва Италия терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига чиқишни истайман. Бу шунчаки орзу эмас — эришилиши шарт бўлган мақсадлар», — деди.
Айни пайтда «Интер» А Серия жадвалида ишончли пешқадам бўлиб турибди: 26 турдан сўнг жамоа иккинчи ўриндаги «Милан»дан 10 очко олдинда бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!