Димарко Чемпионлар лигасидан сўнг асосий мақсадларини айтди

"Интер"нинг чап қанот ҳимоячиси Федерико Димарко жамоа Чемпионлар лигасидаги иштирокини якунлагач, олдига қўйган вазифалари ҳақида гапирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
"Нерадзуррилар" Европанинг энг нуфузли турнирида плей-оффнинг саралаш босқичида Норвегиянинг "Будё-Глимт" клубига икки ўйин натижасига кўра 2:5 ҳисобида имкониятни бой берди.
"Мен ҳар доимгидек тинмай ишлайман. Баъзан мавсум омадингни беради, баъзан эса ҳаммаси кўнгилдагидек кетмайди. Орзуларим? Мен скудеттода ғолиб чиқишни ва Италия терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига боришни хоҳлайман. Бу шунчаки орзу эмас, эришилиши шарт бўлган мақсадлар", — деди 28 ёшли футболчи Sky Sport билан суҳбатда.
Айни пайтда "Интер" А Серия турнир жадвалида ишончли пешқадам бўлиб турибди: 26 турдан кейин иккинчи ўриндаги "Милан"дан 10 очко олдинда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!