Бу йилги Рамазон ҳайити «Пахтакор»га роса ярашди. Жамоа сармоя бобида қаддини тиклади. Йўқ, бундай дейиш оз. «Шерлар» Бобур Шодиев президентлиги даврида гигантлик сари қадам ташлаш учун чоғланишмоқда.
Икки мавсум аввал «Локомотив»да тўп суришни орзу қилган футболчилар энди «Пахтакор»га кўз тикишса, ажабмас. Клубнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ишлар олий лига ҳавосини бирдан ўзгартириб юборди. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, футболчилар олдига қўйиладиган талаблар ҳам кескин кучаяди, албатта.
Наинки «Пахтакор», балки бошқа клублар таркибида тўп сурувчи, ўз устиларида ишлаш ва маҳоратлари ўсишини истовчи барча футболчиларнинг ҳам бу каби ўзгаришлардан қувонишларига ишончимиз комил. Хусусан, изланувчан футболчилар келгуси мавсум «Пахтакор» таркибидан жой олиш учун иккинчи даврада нималарга қодир эканликларини исботлашга зўр беришлари тайин.
Янгиланишлар шу зайл давом этса, маҳорати тобора сайқалланиб бораётган Шерзод Каримов яна катта саҳнага қайтади, яъни миллий жамоамиз асосий таркиб футболчиларига жиддий рақобат туғдиради. Вазият шундай тус оладики, бош жамоамиз таркиби табиий тарзда янгиланади. Ҳаммасига август ойида гувоҳ бўламиз, насиб этса...
Олий лиганинг август ойидаги учрашувларида сачраб турган истеъдод ва маҳорат учқунлари алангаланади, футболчилар ўртасида асосий таркибдан жой олиш ва ўз кучини намойиш этиш учун чинакам рақобат бошланади. Чунки «Пахтакор» мутасаддилари айрим футболчиларнинг майдонга тушишлари учунгина, шунчаки, сармоя сарфламасалар керак. Энди аввалги даврлар ортда қолди ва буёғига клуб шону-шавкати учун жонбозлик кўрсатадиган, бу йўлда ўзини аямай меҳнат қиладиган футболчилар пешонаси ярқирайди. Ана, аслида гол уришни биладиган Игорь Сергеев ҳам сергак тортди, уйғонди. У кўзларини очиб, худди уйқудан уйғонгандек атрофга қараса, клуб ҳаёти ўзгариб кетибди. Албатта, Игорь ҳам иссиқ ўрнини совутгиси келмайди. Сал аввалроқ ўз майдонида «аждарлар»га йирик ҳисобда ютқазишдан уялмаган жамоа қандай сабабга кўра, шу рақибни енгди? Бу - талаб ва мукофот пулининг кучи!
Эътироф этиш керакки, сармоянинг сеҳрли таъсири футболчиларни руҳлантирди, уларнинг панада ётган имконларини ҳаракатга солди. Ватанпарварлик ўз йўлига, футболчиларнинг ҳақиқий кучи рақобат ва шу жараён муҳити учун сарфланадиган сармояда яққол кўзга ташланади. Сармоя ҳалол рақобатда ғалаба қозонган ва мухлисларни шодлантирган футболчиларники бўлиши керак. Хайриятки, «Пахтакор» мутасаддилари энг зарур паллада шундай рақобат муҳитига замин ҳозирлашди. Буларнинг барчаси охир-оқибат, бош жамоамиз фойдасига ишлайди.
Балки ЎФФ ҳам «Пахтакор» мутасаддиларидан ўрнак олар ва 31 август арафасида ютуқ учун миллий жамоамиз футболчиларига муносиб миқдорда мукофот пули эълон қилар... Балки Самвел Бабаян шу мукофотга эҳтиёж сезадиган ва ғалаба учун курашишга қодир футболчиларга имкон берар... Ҳарқалай, оқилона йўл излаб топилса, ёмон бўлмасди. Бу - футболчилардаги ватанпарварлик туйғусини инкор этмайдиган жараён. Ҳаёт ҳақиқати тан олинса ва шунга мувофиқ, амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилса, футболчиларимизнинг бўлажак 2та муҳим учрашувда ғалаба қозонишлари фоизи анча ортади. «Пахтакор»даги туб бурилиш - фикримиз исботи. Бошқача айтганда, клуб мутасаддилари Рамазон ҳайити арафасида футболимиздаги бўлажак байрамларга пойдевор қўйишди. Ўйлаймизки, бу тагзамин вақт ўтгани сайин мустаҳкамланиб бораверади.
Дейлик, мавжуд меъёрларни бирдан бузиб юборган «Бунёдкор»нинг аччиқ тажрибаси ҳамон мухлислар ёдида. Янги сармоя илинжида эндигина шаклланган таркибни тарқатиб юборган «Локомотив» мутасаддиларига тегишли футбол сиёсати ҳам мухлислар қалбини ўртади. Улар «Бунёдкор» ва «Локомотив» Осиёнинг энг кучли жамоалари қаторига киришидан умидвор эдилар. Афсуски, юксак умид ва ишонч оқланмади. Бошқача ифода этсак, пойдевори мўрт футбол девори кучли босимга бардош беролмади. Ҳозирдан сезилиб турибдики, «Пахтакор» мутасаддилари узоқ келажакка қаратилган йўлни танлашди. Уларнинг хатти-ҳаракатларида еврофутбол меъёрлари нафаси уфурмоқда. Қаранг, Шота Арвеладзе бошқарадиган мураббийлар штабида Германия, Франция, Голландия, Бельгия каби футбол мактаблари ҳавоси уйғунлашди.
Агар мураббийлар штабига яхлит тирик организм сифатида қарасак, бош мураббий шу бирликнинг юрагидир. Организмнинг мукаммал фаолияти учун бошқа аъзолар юракка муносиб бўлиши керак. Шу маънода айтсак, Шота Арвеладзе муносиб ёрдамчиларни ягона ғоя остида бирлаштирди, назаримизда. Самвел Бабаян муваффақиятсизликларининг бир жиҳати эса унинг ёрдамчи танлаш тамойилларига бориб тақалади. Очиқ тан олайлик, унинг ассистентлари савия бобида миллий терма даражасига тортмайдилар. Ўз келажагини ўйлаган бош мураббий эса худди Шота Арвеладзе каби йўл тутади. Агар у ёрдамчилари билан бамаслаҳат иш юритса, албатта, юксак натижаларга эришади. Акс ҳолда, грузин футболига хос индивидуалликка берилиш унинг яхши ишлашига халақит беради. Умид қиламизки, бундай бўлмайди. Зеро, Арвеладзе шунинг учун ҳам муносиб ёрдамчилар танлашга жиддий эътибор қаратган.
Қизиқ, терма жамоамизнинг бўлажак учрашувларга тайёргарлик режасини тузишда Самвел Бабаянга унинг ёрдамчилари қандай маслаҳатлар беришди экан?! ЎФФ нима учун бу масалага аҳамият бермай, ҳамон таваккалига иш тутмоқда? Агар бош жамоамиз бўлажак 2та ўйинни ҳам ўз фойдасига ҳал қилса (юқорида тилга олинган омилларга кўра, бу юз бериши кутилаётган ҳодисадир), ЎФФнинг тили узун бўлади. Бордию, мағлубият қайд этилса, мураббийлар истеъфога чиқарилади - тамом. Бу - ҳозирдан барчага маълум саналган ўзини оқлаш сиёсати. Бунга аллақачон кўникиб улгурганмиз ва яна шу ҳол такрорланса, нима бўлади? Саволдан аёнки, бугун қутлуғ касб байрамларини нишонлаётган футбол журналистларини олдинда янги таҳлиллар ва теша тегмаган мавзулар кутмоқда. Демак, чарчашга вақт йўқ. Олға, ҳамкасблар! Байрамингиз муборак!
Муҳаммад Вали
Манба: www.interfutbol.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин