Афтидан сенсациялар лимити тугаб бўлган.
Америка Кубоги. Финал. 7 июль. Бразилия – Перу. (Тошкент вақти билан 8 июль куни соат 01:00).
Бразилия уйида ютқазмайди
Бразилия Перуга қарши – Америка Кубоги-2019 финали. Бу бироз кутилмаган финал жуфтлиги бўлди. Турнир мезбонлари финалга чиқишини ҳамма кутганди, бу терма жамоа финалга чиқа олмаганида бу мантиқдан бўлмасди. Пентакампеонлар ҳозирда қитъадаги энг кучли таркибга эга, ҳатто Неймарнинг сафдан чиқиши ҳам бу жамоада сезилмади, жамоани тажрибали ва ақлли мураббий Тите уч йилдан буён бошқариб келмоқда.
Қолаверса, мезбонлик мақоми ҳам кўп нарсага таъсир қилиши тайин - футболчилар ўз уйларида қўшимча куч билан тўп суришади. Бразилия гуруҳ босқичида осон рақибларга рўпара келди. Боливияни ҳам, Венесуэлани ҳам ҳеч ким жиддий қабул қилгани йўқ. Плей-офф босқичида эса бразилияликлар чорак финал ўйинидан олдин ҳам, яримфинал ўйинидан олдин ҳам рақибга қараганда бир кун кўпроқ дам олиш имкониятига эга бўлишди. Аввалги даврларда турнир мезбонларига ҳакамлар ёрдам бериши ҳақида тасаввурлар бўларди, VAR тизими жорий этилгач эса бу ўз долзарблигини йўқотди.
Гуруҳ босқичида Венесуэлага қарши ўйинда видеотакрор орқали Бразилиянинг уч голи бекор қилинди. Парагвайга қарши ўйинда эса ҳакам аввалига «гуаранилар» дарвозаси томон белгиланган пенальтини видеотакрордан кейин бекор қилиб, жарима зарбасига алмаштирди. Лекин шу билан биргаликда яримфиналда Аргентинага қарши ўйинда ҳакам Родди Самбрано Дани Алвесга иккинчи сариқ карточка кўрсаишни «истамади».
Яна бир жиҳат борки, бу анъаналар. Бу сафарги Копа Америка мезбонлиги Бразилия учун бешинчи марта қитъа чемпионатига мезбонлик қилиш бўлиб, аввалги тўрт сафар ҳам бразиллар ғалаба қозонган. Чорак финалда Бразилия Парагвайга қарши ўйиннинг асосий вақтида ҳисобни оча олмади ва пенальтилар сериясидагина ғалабага эришди.
Перунинг сенсацион юриши
Перучи? «Инклар»нинг финалга чиқишини ҳеч ким кутмагани аниқ. Жанубий Америкада азалдан учта гранд терма жамоа мавжуд - Бразилия, Аргентина ва Уругвай. Лекин Америка Кубогида бу учлик вакилларидан иборат охирги финал 2007 йилда кузатилганди. Ўшанда Роналдиньоси бор Бразилия ёш Мессиси бор Аргентинани йирик ҳисобда мағлуб этганди - 3:0. Кейинги йиллардаги финалларда эса ҳамиша бир гранд жамоага ўртамиёна жамоалар вакиллари рақиб бўлиб келди.
2011 йилда турнир тарихида ҳеч қачон ғалаба қозона олмаган Парагвай гуруҳ босқичида уч ўйинда уч дуранг қайд этиб, учинчи ўринни эгаллаган ҳолда плей-оффга чиқди. Плей-оффдаги икки ўйинни ҳам пенальтилар сериясига олиб бориб, финалга ҳам чиқди. Уларни финалда фақат Уругвай тўхтатди (3:0).
Ўнинчи йиллар ўрталарида эса Чилининг даври келди. Алексис Санчес, Артуро Видаль, Исла, Браво каби футболчилар авлоди порлади. 2015 йили турнирга чилиликлар мезбонлик қилганди. Икки йил ўтиб ҳам бу жамоа финалда Аргентинани мағлуб этиб, кетма-кет иккинчи бор Америка Кубоги ғолиби бўлди. Жанубий Америкада бу муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. 1997 йилда Америка Кубогини ўз уйида қабул қилган Боливия финалгача етиб борган, 2001 йилда Колумбия ўз тарихидаги ягона совринни ўз мухлислари кўз ўнгида ютиб олган, 2007 йилда доимий аутсайдер Венесуэла гуруҳ босқичида биринчи ўринни эгаллаган.
Шундай экан, Перу бундай сенсациялар кўрсатадиган терма жамоаларнинг навбатдагисидир. Финалда тасодифий жамоа бўлмайди. Парагвай ҳам 2011 йилги финалдан аввал, 2010 йилда ЖАРдаги жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этганди. Умуман, бу терма жамоа 1998 йилдан бошлаб ҳеч бир мундиални ўтказиб юбормаган ва ҳар сафар гуруҳ босқичидан чиққан. ЖЧ-2010 ва ЖЧ-2014 турнирларида терма жамоани Марсело Бьелса ва Хорхе Сампаоли каби мутахассислар бошқарган.
Перу терма жамоаси ҳам Россиядаги 2018 йилги жаҳон чемпионатида қатнашган, лекин бу иштирок 36 йиллик танаффусдан кейинги қайтиш бўлганди. Бир йил муқаддам Россияга борган таркибдаги футболчиларнинг 17 нафари ҳозир ҳам таркибда. Шундай экан, «инклар»ни ҳозирда кўтарилиш даврида дейиш мумкин.
Омад лимити тугаб қолмадими?
Перу Бразилия билан бир гуруҳдан жой олганди. Перу Рикардо Гарека шогирдлари аввалига Боливияни осонлик билан мағлуб этишди (3:1), кейин Венесуэла билан ўйинда дуранг ҳисоб қайд этилди (0:0). Икки турда 4 очко олган жамоа кейинги босқич масаласини ҳал қилгандек эди, аммо учинчи турда Бразилия перуликлар дарвозасига жавобсиз бешта гол уришди. Натижада, учинчи турдан кейин Перу учинчи ўринга тушиб қолди ва жамоа учинчи ўринни эгаллаган жамоалар орасида ҳам тўплар нисбати ёмон жамоа сифатида гуруҳда қолиб кетиши мумкин бўлган вазият юзага келди. Фақат C гуруҳида Япония ва Эквадор ўртасидаги учинчи тур учрашувида дуранг ҳисоб қайд этилиши туфайлигина Перу гуруҳдан чиқа олди.
Чорак финалда Уругвайга қарши майдонга тушган перуликлар кучсизлиги яққол кўриниб қолганди. Аммо Кавани ва Суареснинг голлари видеотакрорлар орқали бекор қилинди. Агар қўшимча бўлимлар бўлганида уругвайликлар «инклар»ни узил-кесил тор-мор этадигандек эди. Пенальтилар сериясида перуликлар дарвозабони Гальесе ҳар сафар бир томонга сакради, ҳар сафар уругвайлик футболчилар иккинчи томонга хотиржамлик билан тўпни йўналтиришди, фақат Суаресдан ташқари...
Кейин эса авлодлар алмашинуви арафасида турган Чили осонлик билан мағлуб этилди (3:0).
Якшанба кунги финалда Бразилия яққол фаворит. Нафақат кучлилиги учун, балки ўз майдонидаги Америка Кубоги ўйинларида ҳамиша ғолиб бўлиб келгани учун ҳам. Чили устидан қозонилган ғалабадан кейин Перу футболчилари эйфорияга берилишгани аниқ, энди улар финалда ютқазишса ҳам ватанда қаҳрамонлардек кутиб олинишади ва буни футболчилар жуда яхши билишади. 2011 йилда Парагвай билан бўлган ҳолат катта эҳтимол билан Перу билан ҳам такрорланади.
Сенсациялар ишқибозлари ва Бразилияни ёмон кўрувчилар эса бир тезисга умид қилишмоқда - «битта алоҳида ўйинда ҳар нарса бўлиши мумкин». Аммо афтидан бу сафар бундай бўлмайди.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди