Ҳар ойда АҚШда ярим миллионта янги стартап пайдо бўлади.
Фото: «ForumDaily»
Стартаплар кластерлар (ўзаро боғланган ташкилотлар — компаниялар, корпорациялар, университетлар, банклар ва ҳоказо) томонидан ташкил этилади. Бундай кластерлар «Кремний водийси» ва Бостонда саноқсиз, Чикаго ва Майамида камроқ. Стартапларни рағбатлантириш яхши, бироқ улар пайдо бўладиган муҳитни яратиш бундан ҳам муҳим.
Бу муҳитнинг рецепти оддий — шаҳардан унча узоқ бўлмаган ажойиб университет. Агарда бундай шароит АҚШда яратилса, стартаплар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек ҳамма ёқни босиб кетади. Бошқа мамлакатларда-чи? Уларда ҳам "Кремний водийси"ни барпо этса бўладими?! Ҳа, албатта, ҳатто ошиғи билан. Бироқ... бунинг учун аввалига нега стартаплар нуқул Америкага интилади, деган саволга жавоб бериб кўрайлик-чи.
Пол Грэм — америкалик тадбиркор, эссенавис, дастурчи. Дастурлаш бўйича қатор китоблар ёзган. Кейинчалик «Yahoo Store»га айлантирилган «Viaweb» дастурий таъминоти муаллифларидан бири.
«BusinessWeek» журнали 2008 йили Пол Грэмни интернетдаги энг таъсири катта 25 инсон рўйхатига киритган.
Қуйида сизга Пол Грэмнинг «Нега стартаплар Америкада тўпланади?» («Why Startups Condense in America») эссеси қисқартирилган таржимасини тақдим этяпмиз. Унда нега дунёнинг энг зўр дастурчилари, ахборот технологияси соҳаси билимдонлари айнан АҚШга интилишмоқда деган саволга баҳолиқудрат жавоб топишга уринган муаллиф ўз шахсий қарашлари, кузатувлари, тажрибаси билан ўртоқлашади.
Муҳожирлар учун очиқ йўллар
Агарда Калифорниядагига ўхшаш «Кремний водийси»ни Японияда қуришмоқчи дейишса — ишонмасдим. АҚШнинг ғарбида — Сан-Франциско ва Сан-Хосе оралиғида яшовчиларнинг ярми инглизчада акцент билан гапиради. Нимага шама қилаётганимни тушунгандирсиз, японлар эса иммиграцияга қарши. Демакки, улар қуражак «Кремний водийси»да фақат японлар яшайди. Бир нарсага аниқлик киритиб олайлик, «Кремний водийси» — ақлли ва юксакликка интилган инсонлар учун. У ерга ҳеч кимни киритмасдан, ҳеч нарсани қуриб бўлмайди.
Мамлакат бой бўлса
Вақти келиб Ҳиндистонда «Кремний водийси»га муносиб рақобатчи пайдо бўлса эҳтимол. Бу мамлакатда билимдон мутахассислар жуда кўп, Америкадаги «Кремний водийси»да фаолият кўрсатаётган ҳиндларнинг салмоғи ҳам бунга шоҳидлик беради. Ҳиндистоннинг муаммоси шундаки, ҳамон қашшоқлари кўп.
Ҳар ойда АҚШда ярим миллионта янги стартап пайдо бўлади.
АҚШ кўчалари қашшоқлар билан ҳеч қачон тўлиб-тошмаган. Океанортида қашшоқликдан бирданига ривожланган ахборот технологиялари жамиятига ўтиш тажрибаси ҳам йўқ. Бу тушунчалар бир-бири билан чиқишиб кета оладими, яъни «кремний водийлари» яратиш учун муайян бошланғич фаровонлик даражаси керак бўладими? Мана шу савол очиқ қолмоқда.
Эркинлик керак
Ўз «Кремний водийси»ни барпо этишни истаётган мамлакатлардан бири бу, шубҳасиз, Хитой.
Улар ўзларида чет элларда ўйлаб топилган товарларни ишлаб чиқарувчи кўплаб заводларни қуришяпти, аммо бевосита ғоялар устида ишловчиларни ҳам жалб этиша олишармикан?! Улар бу мамлакатда қанчалик эркин фикрлай олишади? Тасаввур ноодатий ғояларни туғдиради, ғайриодатий технологик ғоялар эса кўпчиликка бошда маъқул келавермайди.
Америка университетлари яхшироқ
«Кремний водийси»ни барпо этиш учун жуда яхши университет керак — Америка Қўшма Штатлардан ташқарида уларнинг сони ҳозирча кўп эмас. Европанинг энг нуфузли университетлари қайсилар? Таниш профессорларимдан сўрасам: «Кембриж», — дейишди, уёғига ўйланиб қолишди... Тан олайлик, АҚШ университетлари билан беллаша оладиган хориж университетлари жуда кам (айниқса, техника йўналишида). Нега?
Айрим мамлакатларда бу мақсадли сиёсат маҳсули. Германия ва Голландия ҳукуматлари ўз мамлакатларидаги барча университетларда таълим даражасини тенглаштиришга уринишмоқда. Оқибатда нима бўляпти? Энг яхши ўқитувчилар турли университетларга сочиб юборилган (ҳамма таниқли профессорлар бир жойда тўпланган АҚШ университетларидан фарқли ўлароқ). Умуман олганда ёмон эмас, бироқ маълум бир йўналишда кучли билим олишга интилганлар қаерга боришлари керак?! Чет элларда ном қозонган немис университетларини санаб бера оласизми? Ҳолбуки, XX асрнинг 30-йилларигача дунёдаги энг зўр университетлар Германияда эди.
Америка университетлари ўртасидаги рақобатнинг асосий сабабларидан бири шуки, уларнинг аксарияти хусусий. Бу жиҳатни алоҳида эътиборга олиш керак.
Меҳнат қонунлари — стартапларга зидми?
Аҳолининг бандлигини таъминлаш масаласи — ўйлашимча, Европада стартаплар тузиш йўлидаги катта тўсиқлардан бири бўлиб турибди. Меҳнат тўғрисидаги ўта қаттиққўл қонунлар компаниялар фаолиятига таъсирини ўтказмай қолмаяпти, масалан, ходимни ишдан бўшатиш билан боғлиқ жараёнлар ортиқча даромади бўлмаган стартаплар учун оғир масала. Чунки уларда ҳар ким ўз ишини қойиллатиб бажариши шарт.
АҚШда бизнесни йўлга қўйиш учун 6 кун кетади. Статистикага кўра, компанияларнинг 18 фоизи биринчи уринишдаёқ оёққа туриб кетади, стартапларнинг 69 фоизи эса камида икки йил «яшайди».
Аммо гап бунда ҳам эмас. Биламизки, барча соҳалар ва мамлакатларда ишлаб чиқариш унумдорлиги ва иш ўрни барқарорлиги ўртасида пропорционал боғлиқлик бор. Биламизки, масалан, ҳар бир филм суратга олинганидан сўнг актёрлар ва режиссёрлар «ишдан бўшатилади», шунинг учун ҳам ҳар сафар улар борини беришга интилишади. Профессионал спортчилар ҳам икки-уч сафар кетма-кет ёмон ўйнашса, захира ўриндиғида қолиб кетишларини яхши англашади. Энди танганинг иккинчи томонига қарайлик, масалан, АҚШда ҳайдовчилар, ўқитувчилар, амалдорларни ишдан бўшатиш деярли мумкин эмас. Бу ерда ишлаб чиқариш унумдорлиги ва барқарорлик ўртасидаги боғлиқлик шунчалик аёнки, уни фақат кўзни юмибгина кўрмаслик мумкин.
Меҳнат унумдорлиги муҳим эмас дедингизми? Унда ҳайдовчилар ва ўқитувчилар актёр ва спортчилардан бахтлироқ эканда?!
Тош-тарози
Агар бизнес қонунлар билан боғлаб ташланаркан, билингки, янги туғилаётган стартаплар оёқ-қўлини ҳам боғлаб ташлаган бўламиз. Ахир стартапчилар аксарият қонунларни билишмайди, уларни ўрганишга, тўғриси, вақтлари ҳам йўқ.
Аксарият стартаплар бизнес юритиш қонунга зид шароитда пайдо бўлган. Масалан, «Hewlett-Packard», «Apple» ва «Google»нинг биринчи офислари гаражлар эди. Айримлар эса бевосита муассисларнинг квартираларида ишлашарди. Тасаввур қилинг-а, Ҳюлетт билан Паккард Швейцарияда яшашганида ва ўз гаражларида электроника йиғишга киришганида маҳаллий ҳокимиятга қўшни кампирдан тушган шикоят сабабли уларнинг фаолиятига нуқта қўйилган бўларди.
Статистикага кўра, АҚШда стартаперларнинг 82 фоизи лойиҳаларига ўзларининг, оиласи ва дўстларининг сармояларини тикишади. 16 фоиз ҳолатда банкларга, 2 фоиз ҳолатда бошқа манбаларга мурожаат қилинмоқда.
Аммо энг катта муаммо — компанияни таъсис этишга кетадиган маблағ. 90-йиллар бошларида ўз ишини бошлаган германиялик дўстим не кўз билан кўрсинки, фирмани рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган бошқа талаблардан ташқари, устав капитали учун 20 000 доллар киритиши керак экан. Нега мен ушбу мақолани «Apfel» («Apple»нинг немисча талқини) ноутбугида ёзмаётганимнинг сабабларидан бири ҳам шу. Жобс ва Возняк бунча пулни топиша олмасди: уларнинг компанияси эски «Volkswagen» микроавтобуси ва HP калкуляторини сотишдан молиялаштирилган.
Хорижга чиқиш шарт
Стартапнинг тақдири кўп жиҳатдан дастлабки маҳсулотни ишлаб чиқишга боғлиқ. Уч юз миллиондан ортиқ аҳолига эга АҚШда маҳсулотни пуллаш осонроқ, бироқ, масалан, Швецияда фақат ички бозор билан чекланиш наф бермайди. Кичик мамлакатларда юзага келаётган стартаплар зиммасидаги юк залворлироқ: уларда албатта ташқи бозорга чиқиш режаси бўлиши шарт.
Европа Иттифоқининг тузилиши қисман шу мақсадларга: ягона улкан ички бозорни шакллантиришга хизмат қилиши керак эди. Бироқ муаммо шундаки, ЕИ аъзолари турфа тилларда сўзлашади.
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?