21:05 / 13.03.2024
161

Бош оғриғи, уйқучанлик ва мияда ўсимта пайдо бўлганини англатувчи бошқа симптомлар

Бош оғриғи, уйқучанлик ва мияда ўсимта пайдо бўлганини англатувчи бошқа симптомлар
Фото: “Новый очаг”
Ҳар қандай аниқ ташхис шифокор текширувидан кейин қўйилади ва “Домашний Очаг”да тўхталиб ўтилган аломатлар организмнинг бошқа ҳолати билан боғлиқ бўлиши мумкин экани ҳам ҳақиқат. Лекин касалликни тузатгандан кўра унинг олдини олган яхши. Шу боис қуйидаги симптомларга бефарқ бўлмаслик керак.

Бош оғриғи

Ҳамма вақт бошдаги оғриқнинг аниқ сабаби нима эканини билиб, фарқлаб бўлмайди. Лекин оғриқ ҳар куни безовта қилса, давомий бўлса ва кундан кунга кучайиб борса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш ва бош мияни текширтириш керак.

Кўз равшанлигининг пасайиши

Беморлар мустақил равишда тахмин қилишлари мумкин бўлмаган аломатлардан яна бири — периферик кўришнинг ёмонлашиши ҳисобланади. Бу симптом кўпинча ҳайдовчиларда кузатилади, тўсатдан кўриш майдони торайиб, кўз хиралашиши билан намоён бўлади. Шифокорларнинг таъкидлашига қараганда, ушбу симптом кўпинча гипофиз атрофида ўсма пайдо бўлаётганидан дарак бериши мумкин.

Ҳолсизлик ва уйқучанлик

Миянинг мотор қобиғи танадаги мускулларнинг ҳаракатланишига жавоб беради. Агар миянинг ушбу қисмида ўсма пайдо бўлса, миядан мускулларга сигнал қийинчилик билан бориши ёки умуман бормаслиги мумкин. Бунинг оқибатида эса оёқ-қўлларда бемажоллик ёки умуман оғриқ сезилмаслиги мумкин. Шунингдек, ҳолсизлик ёки уйқучанлик ҳам кузатилиши мумкин.

Нутқдаги муаммо

Миядаги ўсимтага хос бўлган симптомлардан яна бири фикрни ифодалашда қийинчиликларга дуч келиш, нутқ билан боғлиқ муаммолар саналади. Бу керакли сўзларни ишлата олмаслик, тушунтириб бера олмаслик билан намоён бўлади. Сизда шундай ҳолат тез-тез кузатиладиган бўлса, бефарқ бўлманг, шифокорга мурожаат қилинг.

Ўзини тутишнинг ўзгариб қолиши

Жаҳлдорлик, хавотир, депрессия, шунингдек, инсон ўзини тутиши, юриш-туришининг кескин ўзгариши ҳам ўсимта пайдо бўлиши билан боғлиқ симптом бўлиши мумкин. Тиббиёт ходимларининг таъкидлашига қараганда, миянинг олд қисмида ўсимта пайдо бўлиши инсон ўзини тутиши ҳатто шахсиятига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Эшитиш қобилиятининг сусайиши

Эшитиш қобилиятининг сусайиши, товуш ва овозларни англаш билан боғлиқ муаммолар ҳам мия ўсимтасига хос симптомлардан бири бўлиши мумкин. Бунда қулоқ шанғиллаши, қулоқ ичида шовқин бўлиши кабилар ҳам кузатилиши мумкин. Сиз ёки яқинингизда бу каби аломатлар кузатилса, шифокор қабулига ёзилишни кечиктирмаганингиз маъқул.

Репродуктив муаммолар

Миянинг бир қисми бўлган гипофиз организмдаги гормонлар, хусусан, репродуктив гормонларнинг ҳам ишлаб чиқарилишига жавоб берадиган ва уларнинг даражасини назорат қиладиган без ҳисобланади. Эркак ва аёлларнинг фарзанд кўриш, оналарда лактация билан боғлиқ муаммолар юзага келиши сабаби гипофизда ўсимта пайдо бўлганидан бўлиши мумкин.

Мувозанатни йўқотиш

Мия бошқарадиган, ўсимта пайдо бўлиши билан издан чиқадиган муҳим функциялардан бири ҳаракат ва мувозанат ҳисобланади. Сиз ёки яқинларингизда юраётганда гандираклаш, бошқа томонга оғиш ёки қоронғида ҳаракатланишга қийинчилик сезиш ҳамда тез-тез мувозанатни йўқотиш кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Бош оғриғи, уйқучанлик ва мияда ўсимта пайдо бўлганини англатувчи бошқа симптомлар