17:50 / 20.05.2024
104

Қуёш нурининг фойдаси ва зарари: офтобда тобланиш тери саратонига сабаб бўладими?

Қуёш нурининг фойдаси ва зарари: офтобда тобланиш тери саратонига сабаб бўладими?
Фото: Alamy
Ер юзига энг яқин бўлган юлдуз — Қуёш барча мавжудотлар, жумладан, инсонлар учун ҳаётий муҳим сайёрадир. Ўсимликлар фотосинтез жараёни учун қуёшдан энергия олади. Қуёш барча органик молекулалар ҳосил бўлишида иштирок этиб, инсонлар ҳам қуёш нурисиз яшай олмайди.

Фото: Shutterstock
Қуёш нури триптофан аминокислотасининг серотонин гормонига айланишида ёрдам беради. У бизга қувонч ва ўзимизга ишонч туйғусини беради, кайфиятимизни кўтаради. Серотонин кучли антидепрессант бўлиб, мия, мушаклар ва ички органлар фаолиятини яхшилайди. Кечаси эса ушбу гормон антиоксидант ва иммуномодулятор бўлган мелатонинга айланади.

Қуёш нури орқали турли касалликларга даво топиш мумкин, жумладан, иммунитети пасайган, уйқусизлик, гормонал касалликлар ва мавсумий аффектив касалликларга чалинган одамлар учун қуёшда тобланиш фойдали бўлади.

Бундан ташқари, қуёш ултрабинафша нурларининг яна бир муҳим хусусияти мавжуд: у тери ҳужайраларида D витамини ишлаб чиқаришда фаол иштирок этади.

Фото: Getty Images
D витамини организмга калсийнинг сўрилиши учун зарур элемент ҳисобланади. У остеопороз ривожланишининг олдини олади, суяк тўқималарининг тикланишига ёрдам беради ва болаларда суяклар деформацияси ва ўсиш билан муаммоларнинг олдини олади.

Шунингдек, D витамини мушакларнинг қисқариши, иммун тизимининг яхши ишлаши ва кўплаб турдаги касалликлардан ҳимоя қилиш учун зарурдир. У тери саратони, аутоиммун касалликлар, ва юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, I ва II турдаги қандли диабетни даволашда қўшимча шаклда беморларга берилади.

Қуёш нури депрессиядан қутқаради, ундан ҳосил бўладиган D витамини нафас олиш ва гормонал касалликларнинг олдини олади ва кексайганда деменция ва атеросклероз ривожланишидан ҳимоя қилади.

Оловдан овқат тайёрлаш ёки куйиб қолиш мумкинлиги каби, нурланиш кучли бўлган вақтда ва узоқ муддатга қуёш нурлари остида қолиш танага зарар етказиши мумкин.

Қуёш нурлари биринчи навбатда тери ва кўзларга таъсир қилади. Хусусан, ёз фаслидаги ўта иссиқ ва ноқулай об-ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошади ва фотодерматит касаллиги юзага келади. Оқибатда кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ ва турли тошмалар юзага келади. Баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар кузатилади. Қолаверса, кўзнинг шиллиқ қаватига ултрабинафша нурларининг таъсири конюнктивит ва кератит, яъни шоҳпарданинг яллиғланишини ҳам келтириб чиқаради.

Қуёшда узоқ вақт қолиб кетиш эркин радикаллар таъсири остида ҳужайраларнинг липид мембраналари шикастланишига олиб келади. Терининг ҳимоя хусусиятларини, намликни ва унинг эластиклигини таъминлайдиган липид қатламларига шикаст етса, тери куйиш билан бирга тезроқ қаришни бошлайди.

Қуёш нурида узоқ вақт қолиш терининг коллаген ишлаб чиқаришига салбий таъсир қилади, натижада сепкиллар, турли доғлар ва тошмалар пайдо бўлади. Ортиқча қуёш нури иммунитетни заифлаштиради ва тери ҳужайраларида мутацияга сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида тери саратони — меланома, ретинобластомага олиб келади.

Ёз фаслида фаол қуёш остида узоқ қолиш ҳомиладор аёллар учун, айниқса, хавфлидир, чунки ортиқча нурланиш ҳомила ривожланиши учун муҳим бўлган B9 витамини, яъни фолий кислотаси миқдорини камайтиради.

Танани қуёш салбий таъсиридан қандай ҳимоя қилиш лозим?

Соғлом ва гўзал терини сақлаб қолиш учун қуйидаги оддий қоидаларга риоя қилинг:
  • Қуёш энг фаол бўлган вақт соат 10:00–11:00 дан 15:00–16:00 гача бўлган вақтда ёзда ташқарига чиқмасликка ҳаракат қилиш ва бу вақтда қуёшда тобланмаслик;
  • Терида D витамини ҳосил бўлиши учун қуёшда қолишни аста-секин бажариш лозим: ҳар куни вақтни узайтириб бориш терида меланин — ҳимоя қатламининг табиий равишда ишлаб чиқилишига асос бўлади;
  • Қуёшда бош кийими билан юринг;
  • Ёз фаслида оч рангли ва ҳаво ўтказадиган кийим кийиш лозим;
  • Кўзларни ва терини ҳимоя қилиш учун кенг спектрли ва UV филтрли юқори бўлган кўзойнак тақинг ва SPF кремлардан фойдаланинг;
  • Чанқоқни босиш учун совуқ эмас, балки 37-39 даража илиқ бўлган хона ҳароратидаги сув ичишга одатланинг. Чунки илиқ сув организмга тезроқ сўрилади ва чанқоқни қисқа фурсатда қолдиради;
  • Сув янада фойдали ва антиоксидантли бўлиши учун унга бир оз лимон шарбати қўшиш мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Қуёш нурининг фойдаси ва зарари: офтобда тобланиш тери саратонига сабаб бўладими?