20:55 / 04.08.2024
104

Ҳомиладор аёллар қайси муддатларда скрининг текширувларидан ўтиши зарур?

Ҳомиладор аёллар қайси муддатларда скрининг текширувларидан ўтиши зарур?
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ўзбекистонда сўнгги йилларда оналар ва болалар саломатлигини асраш борасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соғлом авлод туғилиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган замонавий перинатал марказлар ҳамда скрининг хизматлари такомиллаштирилди.

Ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни оммавий текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладор аёлларда генетик синдромларни биокимёвий текширишни босқичма-босқич жорий этиш орқали ҳомилада туғма ва ирсий касалликларнинг олди олинмоқда.

Ҳомиладор аёллар қандай скрининг текширувларидан ўтишлари зарур? ССВ матбуот хизмати шу саволга батафсил жавоб берди.

Пренатал, яъни туғруққача скрининг текширувлари самарадорлигини ошириш ҳамда ҳомиланинг соғлиғи ва болалар яшаб кетишига имкон бермайдиган туғма нуқсонлар ва ирсий (хромосом) касалликлар билан туғилишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёллар икки босқичдан иборат бўлган пренатал скрининг текширувларидан ўтказилади.

Биринчи босқичдаги туғруққача скрининг текширувларида барча ҳомиладор аёллар оммавий ултратовуш текширувидан ўтказилади ва унинг натижасида ҳомилада туғма нуқсонлар аниқланган ҳомиладор аёллар «хавф гуруҳи»га киритилади. Бундай текширувлар уч марта туман (шаҳар) марказий кўп тармоқли поликлиникаларининг пренатал скрининг хонасида амалга оширилади.

Бунда биринчи марта ҳомиладорликнинг 10–14 ҳафтасида, иккинчи марта 16–20 ҳафтасида боладаги туғма нуқсонларни аниқлаш мақсадид, учинчи марта эса 28–32 ҳафтасида, кеч намоён бўладиган туғма нуқсонларини аниқлаш ва ҳомиланинг функционал ҳолатини баҳолаш учун ўтказилади.

Биринчи босқич текшируви хулосасига кўра, «хавф гуруҳи»га кирган ҳомиладор аёллар ҳомиланинг 16–20 ҳафтасида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг «Она ва бола скрининг бўлими»нинг ҳудудий филиалларида иккинчи босқичдаги пренатал текширувлардан ўтказилади. Бунда аёл ҳудудий скрининг марказига поликлиникадан йўлланма ва аввалги пренатал ултратовуш текширувлари натижалари акс этган тиббий картасидан кўчирмани олиб боради.

Скрининг марказида ултратовуш, биокимёвий скрининг текшируви ва унинг натижасига мувофиқ ҳомиланинг хромосом синдромлар билан туғилиш хавфи даражаси юқори бўлган ҳомиладор аёлларда инвазив текширув (хорионбиопсия, плацентоцентез, кордоцентез) усуллари, кейинчалик эса ҳомила ҳужайраларининг генетик таҳлили ва бошқа текширувлар ўтказилади.

Иккинчи босқичдаги пренатал скрининг текшируви натижасида ҳомиладор аёлга тиббий-генетик хулоса берилади.

Ҳомилада туғма ривожланиш нуқсонлари ва ирсий (хромосом) касалликлар мавжуд бўлганда ҳомиладор аёл тиббий-генетик хулоса билан тегишли поликлиникага юборилади. Ушбу тиббий-генетик хулоса кўриб чиқиш учун туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг Тиббий-маслаҳат комиссиясига тақдим этилади.

Комиссия ҳомиладор аёл ва унинг яқин қариндошларига пренатал скрининг текширувлари натижалари тўғрисида, ҳомилада мавжуд туғма ривожланиш нуқсонлар борлиги, туғилгандан сўнг чақалоқнинг соғлиғи ва ҳаётига таъсири, даволаш усуллари ва улар билан боғлиқ хавф-хатар даражаси, қўллаш мумкин бўлган тиббий муолажалар ва уларнинг оқибатлари ҳамда даволаш натижалари ҳақида тўлиқ ахборот беради.

Шундан кейингина ҳомиладор аёл ва унинг яқин қариндошлари ўзлари маъқул деб топган қарорни қабул қилишади.

«Шу ўринда барча тиббиёт бригадалари таркибига қўшимча доя штатлари ажратилгани ҳам скрининг жараёнини ташкил қилишни енгиллаштирганини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Туман ва шаҳар пренатал скрининг хоналарида соатма соат график тузилган бўлиб, патронаж доялар ҳомиладор аёлни режага мувофиқ скрининг текширувига бошлаб келади ва текширув хулосасини ҳудудий поликиниканинг тегишли мутахассисига етказади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ҳомиладор аёллар қайси муддатларда скрининг текширувларидан ўтиши зарур?