16:53 / 14.09.2024
42

Фарзандлар иммунитетини кўтариш сирлари

Фарзандлар иммунитетини кўтариш сирлари
Фото: Lifehacker
Боланинг шамоллаши ўткир респиратор вирусли инфекциясига чалинганини англатади. Одатда бунга риновируслар сабаб бўлади ва ҳаво томчилари орқали юқади. Инфекцияланган одам йўталганда ёки аксирганда атрофга касалликни тарқатади. Болалар қўл билан саломлашиш, ифлосланган юза ёки ҳаводаги вирус зарраларини нафас олиш орқали юқтириши мумкин.

Ўқув йили бошланганда нега ЎРВИ касалликлари авж олади?

Болалар катта жамоага қайтади

Мактаб бошлангач болалар тенгдошлари кўпроқ биргаликда вақт ўтказади ва бир-бирлари билан яқинроқ алоқада бўлишади. Улар синфда ёки боғча гуруҳида —ёпиқ жойларда мулоқот қилишади. Бундай хоналарда очиқ жойларга қараганда кўпроқ вируслар тўпланади. Шунинг учун инфекция юқтириш хавфи ортади.

Гигиенага риоя қилмаслик

Ёш болалар оғзига ювилмаган қўлларни солиш ёки турли хил ифлосланган нарсалар — қалам, ручка, ўйинчоқ кабиларни “татиб кўриш” одатига эга. Бу орқали вируслар юқиши анча осон кечади.

Хонадаги ҳавонинг қуруқ бўлиши

Радиаторлар ва бошқа иситиш мосламалари синфдаги намлик даражасини пасайтиради. Шу сабабли болаларда бурун шиллиқ қавати қурийди ва вирусларга чалиниш мойиллиги ошади.

Болалар етарли вақт ухламайди

Ёзги таътилда кўплаб ўқувчилар ўзларининг одатий кун тартибини бузади. Мактаб бошланганда эрта уйғонишига, кўпроқ меҳнат қилишига тўғри келади. Бу эса уйқу етишмаслигига олиб келади. Уйқуга тўймаслик иммунитетга салбий таъсир қилади ва организмнинг инфекцияларга қаршилик кўрсатиш хусусияти бирмунча сусаяди.

Болалар иммунитетини қандай ошириш мумкин?
  • Фарзандингизга қўлларни тез-тез ювиш кераклигини эслатиб туринг ва ифлос қўллар билан бурун, оғиз ва кўз соҳасига тегмаслик кераклигини бот-бот тушунтиринг;
  • Хоналарни мунтазам равишда шамоллатинг;
  • Фарзандингизни ва ўзингизни эмлатинг, чунки вакцинация юқумли касалликлар, шу жумладан мавсумий гриппнинг олдини олишда энг яхши ечимдир;
  • Фарзандингиз етарлича ухлаётганига ишонч ҳосил қилинг. 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар кунига 8-12 соат ухлашлари керак. 13 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар уйқу нормаси кунига 8-10 соатни ташкил қилиши лозим;
  • Фарзандингиз ҳар куни бир вақтда уйқуга ётиш ва уйғониш одатини ривожлантиришга ёрдам беринг. Бунинг учун дам олиш кунларида ҳам режимга риоя қилиш керак бўлади;
  • Ухлашдан бир соат аввал экран вақтини чекланг: бола уйқудан олдин телефон ўйнамаслиги ва телевизор кўрмаслиги муҳим;
  • Фарзандингизга жисмонан фаол бўлишига ёрдам беринг, чунки мунтазам жисмоний фаоллик иммун тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Шамоллашга қарши қандай усуллар самара бермайди?

Грипп ва ЎРВИнинг олдини олиш учун дорихоналар таклиф қиладиган аксарият дори воситалари самара бермайди

C витамини

Фото: Getty Images
C витаминини қабул қилиш сизни вируслар юқишдан сақламайди ва касаллик давомийлигини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам бермайди. Витамин қабул қилганлар ва қилмаганлар ўртасидаги фарқи 8-14% ни ташкил қилади.

Вирусга қарши воситалар

Риновирусларнинг юзлаб турлари мавжуд, шунинг учун уларнинг ҳар биридан бир хил даражада ҳимоя қиладиган дори воситаси мавжуд эмас. Шамоллашнинг олдини олиш мақсадида антивирус препаратларни қабул қилиш профилактика чораси сифатида ҳеч қандай халқаро тиббий тавсияларда кўрсатилмаган. Улар кўпинча дори-дармонларни ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан реклама қилинади. Бир сўз билан айтганда вирусга қарши воситалар самарадорлиги исботланмаган.

Оксолин малҳами

Оксолин малҳами суртилгач, у бурун шиллиқ қаватида жисмоний тўсиқни яратади ва натижада вирус зарралари танага кира олмайди, дейилади. Аслида бундай малҳам бурундаги табиий ҳимоя толаларини блоклаб қўяди ва ишлашига қаршилик қилади. Боз устига, малҳам 50 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилганига қарамай унинг самарадорлигини тасдиқловчи бирорта ҳам тадқиқот мавжуд эмас.

Болани жуда иссиқ кийинтириш

Вирусли инфекция танага киргандагина одам касал бўлади, бунга кийимнинг дахли йўқ. +15 °C ҳароратда бир нечта қаватли кийим кийиш сизни ва фарзандингизни инфекциядан ҳимоя қилмайди. Шунинг учун болангизни об-ҳавога мос равишда кийинтиринг.

Фарзандингиз касал бўлиб қолганда нима қилиш керак?

Фото: Shutterstock
Касалликнинг дастлабки белгиларида болани бошқаларга юқтирмаслик учун уйда қолдириш керак.

Иммун тизимининг ўзи бир неча кун ичида вирусни енгади. Бу вақтда боланинг ҳолатини яхшилаш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш мумкин:
  • Тана ҳарорати 38,5 дан ошганда ҳароратни туширувчи дорилар беринг (дори дозаси тана массасига қараб белгиланади);
  • Бурун ва томоқ шиллиқ қаватини намлаш учун бурунни тузли эритма билан ювинг;
  • Хонани шамоллатинг ва ҳавони намлантирувчи воситалардан фойдаланинг;
  • Фарзандингиз кўпроқ дам олишига ва етарлича суюқлик ичишига ишонч ҳосил қилинг.

Қачон шифокорга мурожаат қилиш лозим?

Агар болангизда қуйидаги белгилар мавжуд бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг:
- нафас олишда қийналиш ёки жуда тез нафас олиш;
- сувсизланиш белгилари;
- иситма тўрт кундан ортиқ давом этса;
- ҳолат аста-секин яхшиланмаса ва 10 кундан ортиқ давом этса;
- сурункали касалликлар кучайса тез ёрдам чақиринг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Фарзандлар иммунитетини кўтариш сирлари