
Грипп — нафас йўлларида вужудга келадиган юқумли касаллик бўлиб, уни вируслар келтириб чиқаради. Грипп бўлганда бурун, томоқ ва баъзи ҳолларда ўпка зарарланади. Грипп енгил ёки оғир шаклларда ўтиши мумкин, айрим ҳолларда ушбу хасталик ўлимга ҳам олиб келади.
Ўзбекистонда грипп мавсуми октябрь ноябрь ойларида бошланади ва февраль ойида энг юқори чўққисига етади. Умуман олганда ҳар қандай турдаги гриппни йилнинг исталган фаслида юқтириб олиш эҳтимоли бор. Ҳар йили дунё бўйлаб грипп касаллигининг 1 миллиардга яқин ҳолати қайд этилади, улардан 3-5 миллиони оғир формада кечади.

Фото: Shutterstock
Грипп қаердан пайдо бўлади?
Грипп қўзғатувчиси ҳаво томчилари орқали тарқаладиган вирус бўлиб, касалланган одам йўталганда, аксирганда ёки сўзлашганда ҳавога тарқаладиган зарралар орқали юқади.
Грипп юқиш йўллари
Йўталаётган, аксираётган ёки гаплашаётган касал одамнинг ёнида турганда бурун ёки оғиз бўшлиғи орқали инфекция кириши мумкин.
Соғлом кўринган ва ҳеч қандай касаллик аломати бўлмаган одамнинг ёнида туриш орқали ҳам грипп юқиши мумкин, чунки вирус танага киргандан кейинги дастлабки кунлардан то тузалгунча ўртача 5-7 кунгача юқумли ҳисобланади.
Касалланган одамнинг қўлларига ёки юзига тегиш, сўнг ювилмаган қўллар билан ўз юзингизга тегиш ҳам гриппни юқтиради.
Аввал грипп вируси зарралари эшик тутқичлари, стол, компьютер ва телефон каби юзаларда бўлади, сўнг қўллар орқали инфекция организмга тушади.
Грипп қандай пайдо бўлади ва ривожланади?
Гриппнинг вируси аввал юқори нафас йўлларига зарар етказади, кейин организм бўйлаб тарқала бошлайди, сўнг ҳужайраларни шикастлайди. Гриппнинг инкубацион даври инфекция юққандан то биринчи аломатлар пайдо бўлишигача бўлган вақт (2-4 кун) ҳисобланади.

Фото: Shutterstock
Гриппнинг қандай турлари мавжуд?
Грипп вируси доимо мутацияга учраб, ўзининг янги шаклларни ҳосил қилади. Бугунги кунда гриппнинг тўртта асосий тури мавжуд:
А грипп: тез ўзгаради, мавсумий эпидемияларни ва ҳатто пандемияни келтириб чиқаради.
B грипп: бу турдаги грипп ҳам мавсумий эпидемияларни келтириб чиқаради, аммо у А гриппига қараганда камроқ мутацияга учрайди.
C грипп: касаллик камдан кам тарқалади ва эпидемияларга сабаб бўлмайди, аммо бу турдаги грипп ёш болаларда оғир ўтади.
D грипп: қорамолларга юқади ва одамларга таъсири йўқ.
Гриппнинг белгилари
Гриппнинг белгилари ҳар бир кишида индивидуал кечади, аммо умумий аломатлар қуйидагича кўринишда бўлади:
Юқори тана ҳарорати. Асосан 2-5 кун давом этади, ҳарорат 37,8 ° C дан юқори бўлади.
Бош оғриғи, мушак ва бўғимлардаги спазмлар. Бу гриппнинг умумий белгилари бўлиб, бошқа турдаги шамоллашдан кўра кучли кечиши билан фарқ қилади. Баъзи беморларда кўз атрофи оғрийди ва ёруғликдан қўрқув юзага келади.
Чарчоқ. Гриппнинг асосий белгилари ортда қолгандан кейин заифлик ва умумий чарчоқ бир неча ҳафта давом этиши мумкин.
Йўтал, томоқ оғриғи ва бурун оқиши. Бу белгилар иситма ва мушакдаги оғриқларга қараганда енгилроқ кечади.

Грипп ташхиси қандай қўйилади?
Грипп диагностикаси шифокорни текшируви ва беморни сўроқ қилишдан иборат. Касаллик мавсуми авжида бу усул етарли бўлиши мумкин. Аммо бошқа пайтларда турли хил респиратор вируслар, масалан, коронавирус ва риновирус гриппга ўхшаш касалликларни истисно қилиш учун тиббий таҳлил буюрилиши мумкин.Ташхисни тасдиқлаш учун нафас йўлларидан намуналар олинади ва лаборатория текширувлари ўтказилади.
Гриппни қандай даволаш лозим?
Аксарият ҳолларда махсус даволаш талаб этилмайди ва беморлар 7-10 кун ичида ҳеч қандай даволанишсиз тузалиб кетади. Аммо грипп аломатларини енгиллаштириш учун:
- Кўпроқ дам олиш;
- Сувсизланиш ва интоксикацияни олдини олиш учун кўпроқ суюқлик ичиш;
- Иситма, бош оғриғи ва мушак оғриғини қолдириш учун ибупрофен ёки парацетамол каби воситаларни қабул қилиш;
- Шифокор рецепти бўйича вирусларга қарши препаратни қабул қилиш мумкин.
Самарадорликка даволаш бошланишида касаллик белгилари пайдо бўлгандан кейинги дастлабки 48 соатда эришилади. Шуни ёдда тутиш керакки, грипп вирусининг ушбу дориларга нисбатан қаршилиги аллақачон мавжуд ва шунинг учун уни даволашдан кўра касалликнинг олдини олиш билан шуғулланиш яхшироқдир.
Ҳеч қандай иммуностимулятор ва иммуномодуляторнинг гриппни даволаш билан алоқаси йўқ. Уларнинг на самарадорлиги, на хавфсизлиги тегишли тадқиқотларда исботланмаган. Антибиотиклардан эса асоратланмаган гриппни даволашда фойдаланмаслик керак, чунки антибиотиклар вирус билан эмас, балки бактериялар билан курашади.
Грипп касаллиги қандай ҳолатда оғирлашиши мумкин?
Одатда грипп асоратларсиз ўтади, лекин баъзи ҳолатларда бошқа касалликларга йўл очиши мумкин:
- қулоқ инфекциялари;
- нафас етишмовчилиги;
- ўпканинг яллиғланиши (пневмония), юрак яллиғланиши (миозит), мия яллиғланиши (энсефалит), мушаклар яллиғланиши (рабдомиолиз);
- бирор орган етишмовчилиги.
ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили грипп юқтирган 5 миллионгача одам касалликнинг мураккаб шаклига дуч келади ва айрим ҳолларда ҳатто вафот этади.
Қачон шифокорга мурожаат этиш керак?
Агар болаларда ёки ёши катталарда қуйидаги ҳолатлар кузатилса, зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш лозим:
- нафас олиш қийинлашса ёки нафас қисилса;
- кўкрак қафасида оғриқ пайдо бўлса;
- бош айланиши тўхтамаса;
- титроқ пайдо бўлса;
- дорилар ичилганда ҳам юқори ҳарорат тушмаса;
- умумий аҳвол ёмонлашса;
- кучли заифлик ёки мушакларда оғриқ тўхтамаса.
Лаблар атрофи кўкариши ва сувсизланиш аломатлари вужудга келиши болаларда хавфли белгилар ҳисобланади.
Грипп профилактикаси

Фото: Shutterstock
Аммо профилактиканинг энг самарали усули вакцинациядир. Гриппга қарши эмлаш самарали ва хавфсиздир; 60 йилдан ортиқ вақт давомида кўплаб мамлакатларда қўлланишда. Катта ёшдаги аҳолини эмлаш касаллик, ишдан маҳрум бўлиш ва яқинларга юқтиришдан сақланиш учун тавсия этилиши мумкин. Аммо эмланиши жуда зарур бўлган аҳоли гуруҳлари мавжудки, уларда асоратлар ривожланиши таҳликаси ёки юқтириш хавфи жуда юқори.
Эмлаш мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳам мавжуд, аммо улар кўп эмас:
- 6 ойликдан кичик чақалоқлар;
- Олдинги вакцина ёки унинг таркибий қисмларига нисбатан кучли аллергик реакциялар (агар сизда бирор-бир дори ёки озиқ-овқат маҳсулотига қаттиқ аллергик реакция юзага келган бўлса, вакцинани танлашда шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг);
- Сурункали касаллиги бор беморлар;
- Ҳомиладорлик ва лактация даври эмлаш ман қилинган ҳолат ҳисобланмайди. Замонавий вакциналар таркибида ҳомиладорлик пайтида ҳомилага ёки лактация даврида болага зарар етказувчи вируслар мавжуд эмас. Аксинча, ҳомиладорлик пайтида оғир турдаги касалланиш ёки янги туғилган чақалоққа юқишининг олдини олиш учун онани ҳимоялаш муҳимдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар