19:16 / 04.01.2025
145

Кўп сув ичиш организм учун қай даражада фойдали?

Кўп сув ичиш организм учун қай даражада фойдали?
Кўп сув ичиш соғлик учун фойдали экани айтилади. Яқинда ўтказилган тадқиқот бу даъвони текшириш мақсадида аввалги изланишлар натижаларини ўрганиб чиқди, деб ёзмоқда New Atlas.

Инсон организмининг 60-70 фоизи сувдан ташкил топган. Бу муҳим суюқлик тана ҳароратини бошқариш, ортиқча моддаларни чиқариб ташлаш, бош ва орқа мияни ҳимоялаш, сўлак ишлаб чиқариш ва бўғимларни “мойлаш” каби бир қатор вазифаларни бажаради.

Сувсизланиш эса организмнинг зарур вазифаларни бажариш қобилиятига халақит бериши мумкин, шу сабабдан бизга ҳар куни маълум миқдорда сувни ичиш тавсия этилади. Аммо кўп сув ичиш юқорида келтирилган функциялардан ташқари умумий саломатлигимизга қандай фойда келтиради? Калифорния университети раҳбарлигида олиб борилган янги тадқиқотда олимлар айнан шу саволга жавоб излади.

АҚШ Миллий тиббиёт академияси 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган эркакларга кунига тахминан 13 стакан (3 литр), шу ёшдаги аёлларга эса 9 стакан (2,1 литр) суюқлик истеъмол қилишни тавсия этади. Гап фақат сув эмас, исталган турдаги суюқ ичимлик ҳақида кетмоқда.

Тадқиқотчилар илгари ўтказилган кўплаб клиник синовлар маълумотларини тизимли равишда таҳлил қилди. Бу синовларда сув истеъмолининг кўпайиши вазн йўқотиш, қондаги глюкоза даражаси пасайиши, бош оғриғи, сийдик йўллари инфекцияси (СЙИ) ҳамда буйрак тошларини тушириш кабилар ўрганилган.

Вазн йўқотиш

Уч тадқиқотда катта ёшдаги ортиқча вазнли ва семиз кишилар тасодифий танлаб олинган, улар 12 ҳафтадан 12 ойгача бўлган давр мобайнида кунига овқатдан олдин 1,5 литр сув истеъмол қилган. Тадқиқотда сув рационини ўзгартирмаган алоҳида назорат гуруҳи ҳам бўлган. Якунда тасодифий танланганлар назорат гуруҳларига нисбатан кўпроқ вазн йўқотди, мос равишда 100 фоиз, 87 фоиз ва 44 фоиз. Аммо 38 нафар иштирокчи билан ўтказилган тўртинчи тадқиқотда кунига 2 литр сув ичиш олти ой давомида тана вазнининг ўзгаришига таъсир кўрсатмаган. Ушбу тадқиқотнинг бошқа уч тадқиқотдан фарқи шундаки, ундаги айрим иштирокчилар ўсмирлар эди.

Қондаги глюкоза даражаси

Яна бир тадқиқотда сўнгги беш йил ичида 2-тур қандли диабет ташхиси қўйилган 40 нафар бемор 8 ҳафта давомида нонуштадан олдин 250 мл, тушликдан олдин 500 мл ва кечки овқатдан олдин 250 мл сув ичган. Бу эса уларда қондаги глюкоза даражасининг сезиларли даражада пасайишига олиб келди. Аммо тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу натижа овқатдан олдин сув ичилгани учун камроқ овқатланиш ёки вазн йўқотиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Аксинча, 60 нафар иштирокчи билан ўтказилган бошқа тадқиқотга кўра, 12 ҳафта давомида уйғонгандан сўнг икки соат ичида 550 мл, ухлашдан олдин 550 мл сув ичиш қондаги глюкоза даражасини оширган. Ушбу тадқиқотда қандли диабетни даволаш учун дори қабул қилмайдиган ва/ёки турмуш тарзини ўзгартирмаган катта ёшдаги иштирокчилар қатнашган.

Бош оғриғи

Сурункали бош оғриғидан азият чекаётган беморларда уч ой давомида кунлик сув истеъмолини 1,5 литрга ошириш таъсирини баҳолаган иккита тадқиқот бир-бирига зид натижаларни кўрсатди.

102 нафар катта ёшли иштирокчилар қатнашган тадқиқотлардан бирида, кўп сув ичиш саломатликни яхшилади ва бош оғриғини камайтирди. Бироқ натижалар статистик жиҳатдан аҳамиятли бўлмади. Бундан ташқари, иштирокчиларнинг атиги 21 фоизи тадқиқот охиригача қатнашди.

Бошқа бир тадқиқотда мигрен туфайли боши оғрийдиган одамларда худди шундай усул қўлланган, аммо сезиларли натижа кузатилмаган. Ушбу тадқиқот иштирокчилари атиги 18 нафар бўлган.

Сийдик йўллари инфекцияси ва гиперактив қовуқ

Тасодифий танлаб олинган тадқиқотлардан бирида, одатда кунига 1,5 литрдан камроқ суюқлик истеъмол қиладиган, сурункали СЙИ билан оғриган 140 нафар аёл сув миқдорини кунига 1,5 литрга оширган.

Кундалик сув истеъмолини кўпайтириш 12 ойлик давр мобайнида СЙИ эпизодларининг ўртача сонини камайтириш, антибиотиклар билан камроқ даволаниш ва касалликнинг такрорланиши вақтини узайтиришга ҳисса қўшгани аниқланди.

Бошқа бир тадқиқотда сув истеъмолини кўпайтириш сийдик йўлларидаги патоген бактерияларга қандай таъсир қилиши ўрганилди. Суюқлик истеъмоли етарли бўлмаган ўн тўртта аёл кунлик сув истеъмолини 1,9 литрга оширди. Бироқ кўпроқ сув ичган ва ичмаганлар ўртасида бактериялар миқдорида ҳеч қандай фарқ кузатилмади: мос равишда 7 фоиз ва 8 фоизни ташкил этди.

Бошқа бир тадқиқотда тез-тез ҳожатга чиқадиган гиперактив қовуқли 24 нафар катта ёшли одам қатнашди. Уларда суюқлик истеъмоли 25 фоизга камайтирилганда ҳожатга чиқиш сони ҳам камайган.

Буйракдаги тошлар

Буйрагида тоши бор ёки тош йиғишга мойил кишилар уларни чиқариб ташлаш учун кўп сув ичиши кераклиги қатъий тавсия этиб келинади. Олимлар сувни кўп миқдорда истеъмол қилиш ва буйракда тош ҳосил бўлиш хавфи ўртасидаги алоқани ўрганувчи иккита тадқиқотни таҳлил қилди.

25 ёшдан 50 ёшгача бўлган соғлом катта ёшлилар устида ўтказилган бир тадқиқотда кунига қўшимча 2 литр сув ичиш бундан кам сув ичадиган гуруҳ билан таққосланган. Натижада биринчи гуруҳда буйракда тош ҳосил бўлиш хавфи пасайгани, иккинчи гуруҳда эса бу хавф ортгани аниқланган.

Кейинчалик 221 нафар бемор устида янги тадқиқот ўтказилди. Уларга кунлик сув истеъмолини 2 литр сийдик ажратиш даражасигача кўпайтириш ёки ўзгартирмаслик таклиф этилди. Беш йил давомида сув истеъмолини кўпайтирган биринчи гуруҳда буйрак тошларининг қайта пайдо бўлиш частотаси 50 фоиздан кўпроққа пасайди.

Хулоса қилиб айтганда, кўпроқ сув ичиш вазн йўқотиш ва буйракда тош ҳосил бўлишининг олдини олиш учун статистик жиҳатдан аҳамиятли натижалар кўрсатди. Бу одат бош оғриғининг олдини олиш, сийдик йўллари инфекцияси ва қандли диабетни назорат қилишда афзалликларга эга, аммо натижалар статистик жиҳатдан аҳамиятли эмас.

Тадқиқотчилар сув арзон бўлгани ва унинг салбий оқибатлари жуда пастлигини ҳисобга олиб, тадқиқотларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик