14:26 / 05.12.2018
18 256

Гуруч қимматбаҳо дорилар ўрнини бемалол боса олади

Гуруч қимматбаҳо дорилар ўрнини бемалол боса олади
Гуруч таркибидаги фойдали моддалар Менделеев жадвалининг нақ ўзини такрорлайди. У, айниқса, калий моддасига бой. Калий организмга овқат билан бирга тушган тузнинг зарарли таъсирини камайтиради, юрак, қон-томирлар ишини яхшилайди, асаб тизимини тинчлантиради.

Бундан ташқари, унда суякларнинг мустаҳкамлигини таъминловчи кальций, фосфор, темир, асаб тизими учун муҳим бўлган руҳ, йод, мис, селен ҳамда марганец моддалари мавжуд. Витаминлардан А, С, Е, РР, В гуруҳдагилари бисёр. Маълумки, В гуруҳга мансуб дармондорилар асаб тизимини яхшилайди, соч ва тирноқларнинг мустаҳкамлигини таъминлайди. Унда организм учун зарур бўлган саккиз хилдаги аминокислоталар мавжуд. Бошқа бошоқли ўсимликлардан фарқли равишда, гуруч таркибида глютен моддаси йўқ. Глютен – баъзи инсонларда аллергик таъсир келтириб чиқариши аниқланган.

Гуручни ошқозон-ичак хасталик­ларига чалинган беморлар хотиржам истеъмол қилишлари мумкин. Гастрит, ошқозон-ичак ва ўн икки бармоқ ярасидан азият чекадиганлар учун ҳам фойдали. Унинг қайнатмаси диарея (ичкетар), дизентерия (ичбуруғ) касалликларида яхши ёрдам беради, кепаги қайнатиб ичилса ичак саратонининг олдини олади.

Табобатда гуруч ангина, грипп, зотилжам каби касалликларни даволашда терлатувчи, организмдан заҳарли хилтларни чиқарувчи, иситмада тана ҳароратини пасайтирувчи восита сифатида қўлланилади. Бунинг учун ярим пиёла гуручга бир ярим пиёла совуқ сув қуйиб, 1–2 япроқ қалампир, ялпиз, бир дона майда тўғралган оқ пиёз қўшилади ва паст оловда 10 дақиқа қайнатилади. Бу дамламани ичган бемор маълум вақт қалин ўраниб ётиши керак.

Гуручли ун ёрдамида сепкил ва қора доғларни йўқотиш мумкин. Бунинг учун қовун шарбатига гуруч унидан қўшиб аралаштирилади ва ҳар куни кечқурун юз терисига суртилади. Тананинг лат еган, шишган, ҳашарот чаққан жойларига гуруч унини тиббий спирт билан аралаштириб қўйилади. Гуруч иштаҳа очувчи, чанқоқ қолдирувчи таъсирга ҳам эга. Дамламаси буйрак ва сийдик пуфаги муаммоларида қўл келади.

Шарқ табибларининг фикрича, товонларнинг териси дағаллашиб, тез-тез қадоқлар пайдо бўлиши – умуртқа поғонасининг у ёки бу қисмида туз йиғилишидан дарак экан. Остеохондроз касаллигидан кўпчилик азият чекади. Бундай ҳолда кимматбаҳо дорилар ўрнини деярли ҳар куни истеъмол қилинадиган гуруч маҳсулоти бемалол босар экан.

Неча ёшда бўлсангиз, айнан шунча ошқошиқ гуручни уч литрли банкага солиб устига олдиндан қайнатиб совутилган сув қуйилади ва музлаткичга қўйилади. Ҳар куни нонуштага бир ошқошиқ гуруч олиб сувда пишириб истеъмол қиласиз. Муолажанинг бир шарти бор: гуручли бўтқани эрталабки соат еттигача тановул қилиш ва икки соатгача ҳеч нарса емаслик лозим. Мазкур муолажанинг ёшартирувчи хусусияти ҳам бор.

Бир пиёла миқдордаги гуруч тўрт кун давомида совуқ сувга ивитиб қўйилади (сув ҳар куни алмаштириб турилади). Бешинчи куни гуручни олиб бўтқа ҳолига келгунича эзилади. Устига ярим стакан совуқ сув қуйилади, беш дақиқа тиндиргандан кейин 2–3 марта чайилади. Чайилган сувни тиндириб, идиш тагида қолган оқ қатлам ликопчага солиб қуритилади. Натижада гуручли упа тайёр бўлади. Бу ҳуснбузар тошганда, майда ажинларда чандиқли терини парваришлаш учун тавсия этилади.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Гуруч қимматбаҳо дорилар ўрнини бемалол боса олади