15:43 / 22.09.2019
5 067

Тиббиёт соҳасидаги учта муҳим стратегик муаммо маълум қилинди

Тиббиёт соҳасидаги учта муҳим стратегик муаммо маълум қилинди
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар мавзусидаги ахбороти тингланди.

Мажлисни кузатган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов соҳа бўйича қатор таклифларини билдириб ўтган.

«Менинг медицина соҳасига 15 йил умрим кетган. Шунинг учун бу гапирилаётган гаплар мен учун ҳам жуда муҳим. Куйиб-пишиб гапиряпмиз. Куяяпмиз, лекин ҳали пишаётганимиз йўқ. Бу борада учта муҳим стратегик муаммони ҳал қилмасак, мана шу нарса 10 йилдан кейин ҳам қайтарилаверади.

Биринчиси, биз Ўзбекистонда илк бор – келинглар, кейинги йили ҳукуматга шу топшириқ қилиб берилса – тиббий ёрдам ва тиббий хизматнинг алоҳида-алоҳида миқдорини аниқлайлик. Шунга тааллуқли қарор устида иш бошлайлик. Ҳар бир муассасанинг ўз иш миқдори бор. Минг афсуски, биз ҳар куни иш билан бўлиб, умумий – йиллик, ойлик ва кварталлик иш миқдорларини белгиламаяпмиз. Чунки талаб йўқ. Маош кетяпти, лекин у иш бажариляптими-йўқми, биз таҳлил қила олмаяпмиз. Бугун ҳам масалан, 3-4 йиллик муаммолар бўйича қилинаётган ишларнинг конкрет таҳлилини, яхши бўляптими-ёмонми, баҳолай олмаяпмиз.

Таклифимга келсам. Мана, тиббий ёрдамга бюджет [2017 йилга нисбатан] икки баробар кўпайди, дейиляпти. Агар тиббий ёрдамнинг аниқ миқдори бўлса, уни тўрт-беш баробар кўпайтирсангиз ҳам, аниқ кўриниб туради. Ҳозир аниқлик йўқ. Шу жумладан, тиббий хизматни – хусусийми, давлат-хусусий шерикчилигими – мана шуларга ҳам биз аниқлаб белгилаб берсак, буларнинг тўловлари, маошлари, барча молиявий хизматлари ҳам юксак даражага кўтарилиши мумкин.

Иккинчиси, кадр тайёрлашни ҳамма гапириб ўтди. Боя тўғри савол берилди: қанча кадр керак ўзи? Қайси соҳа бўйича қачон қанча кадр кераклигини билмаймиз. Хуллас, ҳамма вазирликлар, 182та соҳани қайта кўриб чиқяпмиз – иш миқдорини, нормаларини, вақт миқдорини. Фақат соғлиқни сақлашга келганда сал оқсаяпмиз. Чунки ташаббус йўқ. Мана, халқ таълими ёки бошқа соҳаларга қайтадан кўриб чиқдик.

Медицинада миллий нормаларни киритиш вақти келди. Акушер-гинекологлар кўп деймиз, шу билан бирга етишмайди деймиз. Уларнинг нормаларини, келинглар, камайтирайлик озгина. Уларга ҳам сал енгиллик тегсин», – деди Умурзоқов.

Меҳнат вазири ўринбосари учинчи таклиф сифатида ҳамширалар сонини ошириш кераклиги ҳақида гапириб, қишлоқларда ёш шифокорларга текин уй-жой бериш таклифини ҳам киритди.

«Мана шу нарсаларни ҳукумат қарори билан яқин йилларда жорий қилмасак, эски ҳаммом, эски тос ҳали камаймайди», – деб хулоса қилди у.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Тиббиёт соҳасидаги учта муҳим стратегик муаммо маълум қилинди