17:04 / 29.06.2022
1 070

Исталган фуқаро ҳуқуқи бузилганда Конституциявий судга шикоят қилиши мумкин бўлади

Исталган фуқаро ҳуқуқи бузилганда Конституциявий судга шикоят қилиши мумкин бўлади
Амалдаги конституциянинг 109-моддасига қўшиладиган янги бандга биноан Конституциявий суд фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқиши белгиланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқиш Конституциявий суднинг ваколати сифатида Конституцияда акс эттирилиши лозим” лигини таъкидлаб ўтганди.

Мазкур қўшимча киритишга зарурият шундан иборатки, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали воситалардан бири бўлган конституциявий шикоят институтини конституциявий норма билан мустаҳкамлашдир. Конституцияга киритилаётган ўзгартиришга “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун, халқаро нормалар, хорижий давлатлар Конституциялари, шунингдек фуқаролардан келиб тушган таклиф ва тавсиялар асос бўлмоқда.

Мазкур норманинг асосий мазмун-моҳияти шундан иборатки, агарда фуқаро ўзининг Конституцияда белгиланган ҳуқуқини қонун ёки унинг бирор-бир нормаси билан бузилмоқда, деб ҳисобласа, ушбу ҳужжатнинг конституциявийлигини кўриб чиқишни сўраб Конституциявий судга мурожаат (шикоят) қилиш ҳуқуқи тушунилади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу норма мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонун устунлигини таъминлашга, Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Мазкур нормага ҳамоҳанг қоида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддаси 2-бандида “Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир” деб белгилаб қўйилган.

Фуқаролар ва юридик шахсларга конституциявий одил судлов органига бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши Конституциявий судда иш ҳажмининг ошишига сабаб бўлди. Аввалги йиллари Конституциявий судга бир йилда ўртача 800-1000 мурожаат келган бўлса, янги қонун қабул қилингандан кейин мурожаатлар сони 1,5 мингга етди. Шундан Конституциявий суднинг ваколатига тааллуқли мурожаатлар 127 та (16 фоиз)ни ташкил қилади. Улар Қонунга биноан кўриб чиқилди, қолганлари Конституциявий судга тегишли бўлмагани учун мурожаатлар муаллифларига асослантирилган тушунтиришлар берилган ёхуд тегишли ташкилотларга юборилган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 8-моддасига асосан “Ҳар бир инсон унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган. Шунингдек, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 2-моддаси 3-қисмига асосан “Ушбу пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат ҳуқуқий ҳимоя талаб қилувчи ҳар қандай шахс учун юридик ҳимоя ваколатли суд, маъмурий ёки қонун чиқарувчи ҳокимиятлар томонидан ёки давлатнинг ҳуқуқий тизимида назарда тутилган бошқа ваколатли органлар томонидан таъминлаши ва суд орқали ҳимояланиши имкониятини ривожлантиришни ўз зиммасига олади”, деб белгиланган.

Қайд этиш керакки, конституциявий шикоят институти ривожланган хорижий давлатлар Бельгия, Венгрия, Германия, Россия, Латвия, Литва, Корея каби давлатларнинг конституцияларида ҳам ўз аксини топган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Исталган фуқаро ҳуқуқи бузилганда Конституциявий судга шикоят қилиши мумкин бўлади