13:34 / 19.10.2023
69

Азиз Абдуҳакимовнинг UNWTO Бош Ассамблеяси 25-юбилей сессияси доирасидаги Глобал таълим форумидаги нутқи

Азиз Абдуҳакимовнинг UNWTO Бош Ассамблеяси 25-юбилей сессияси доирасидаги Глобал таълим форумидаги нутқи

Экология, атроф-муҳитнимуҳофазақилишваиқлимўзгаришивазири Азиз АбдуҳакимовнингUNWTO Бош Ассамблеяси 25-юбилей сессиясидоирасидаги Глобал таълимфорумидасўзлаганнутқи

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Ҳурматли делегатлар, хонимлар ва жаноблар!

Барчангизни Глобал таълим форуми (“UNWTO Global Forum on Education: The Foundation for Building Tourism”) билан табриклаш менга мамнуният бағишлайди. Ушбу муҳим тадбир цивилизациялар чорраҳасида, муҳташам тарихий Самарқанд шаҳрида ўтаётган UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида ташкил этилди. 

Самарқанд бир вақтлар Ипак йўлидаги илм-фан ва таълим маркази бўлган. Регистон — Ўзбекистондаги энг машҳур сайёҳлик маскани — таълим тимсоли. Майдондаги учта бино ҳам мадрасалар, илм масканлари бўлиб, улар бундан 500 йил аввал дунёнинг энг буюк университетларидан бири ҳисобланган ва ўқув дастурлари кенглиги ва теранлиги, уламоларининг зукколиги билан ислом оламига машҳур бўлган.

Бугун Самарқанд гуллаб-яшнаётган замонавий шаҳар бўлиб, ҳали ҳам таълимни юксак қадрлайди ва биз ушбу муҳим тадбирга мезбонлик қилишдан фахрланамиз.

Таълим, кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар Бутунжаҳон туризм ташкилоти томонидан туризм йўналишларининг барқарорлиги ва рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири сифатида эътироф этилган.

Шубҳасиз, таълим БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида туризм ва бошқа барча соҳалар учун белгиланган улкан мақсадларга эришишнинг асосий устунидир.

Ўзбекистонда туризм бўйича таълимга, хусусан, ўқувчиларга билим бериш ва уларни малакали кадр қилиб тайёрлашга катта аҳамият қаратилган. 

Фақат туризм таълимига сармоя киритиш орқали рақобатбардош ва барқарор бозор талабларига жавоб берадиган инсон капитали базасини таъминлашимиз мумкин. Шунинг учун олдимизда турган энг долзарб муаммоларни очиқ муҳокама қилиш муҳим ҳисобланади. 

Ҳурматли иштирокчилар,

2016 йилда туризмга йўналтирилган илк ислоҳотлар бошланганидан буён Ўзбекистон туризм соҳасини ривожлантириш ва дунёга очилишда сезиларли ютуқларга эришди.

Ўзбекистон ҳукумати янги виза сиёсатини жорий қилди, инфратузилмани яхшилади ҳамда туризм салоҳиятини ошириш ва таълимга сармоя киритди. Шунингдек, биз тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйдик ва маркетинг кампанияларида халқаро медиа корпорациялар билан ҳамкорлик қилдик.

Бундай кенг кўламли ислоҳотлар самарасида Ўзбекистонда туризм соҳаси жадал суръатлар билан ўсиб, ривожланиб бормоқда.

Сўнгги уч йилда ихтисослашган олий таълим муассасалари сони 16 тадан 30 тага, талабалар сони эса 4100 нафардан 11500 нафарга кўпайди. Илмий ходимлар ва мутахассислар сони ҳам ортди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ҳукумат қарори билан 2018 йилда Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ташкил этилди. Университетда логистика, экскурция, таржима, археология, ижодий индустрия, маданий мерос, гастрономия ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича таълим берилмоқда.

АҚШ, Япония, Австралия, Хитой, Италия, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардаги таниқли университетлардан етакчи профессор-ўқитувчилар таклиф қилинган. Бизда 20 дан ортиқ хорижлик ўқитувчилар мавжуд бўлиб, улар маҳаллий ходимлар тажрибасини оширишга ва дастурларимизга глобал нуқтаи назарни сингдиришга ҳисса қўшадилар.

Университет ташкил этилганига атиги 5 йил бўлганига қарамай, мамлакатимиздаги етакчи туризм таълим муассасаларидан бирига айланди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) каби минтақавий ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилган.

Университет Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТİКА), Германия халқаро ҳамкорлик агентлиги (GIZ) ва Швейтсария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги, TurkTAV жамғармаси ва бошқа ривожланаётган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, ўз тармоғи ва таъсирини фаол равишда кенгайтирмоқда.

Халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун етакчи меҳмонхона брендлари билан қўшма дастурлар аллақачон бошланган.

Бу каби ҳамкорликлар орқали биз 10 та намунавий хонадан иборат меҳмонхона ва меҳмондўстлик муассасасини ташкил этдик ва у ерда талабалар учун амалий машғулотлар ўтказилади. Биз машғулотлар максимал даражада самара бериши учун «мураббийларни тайёрлаш» концепциясига амал қиламиз.

Мамлакат бўйлаб туризм ва меҳмондўстликка ихтисослашган 12 та коллеж ва техникум фаолият кўрсатмоқда. Президент қарорига кўра, жорий йилда туризм соҳасидаги касбий малака ошириш курслари тўловдан озод этилди.

Шунингдек, биз Самарқанд шаҳридаги 20 та маҳаллий мактабда ўқувчиларнинг Ўзбекистон ва хориждаги туризм ҳамда маданий мерос ҳақидаги билимларини шакллантиришга қаратилган туризм соатини тажрибадан ўтказмоқдамиз.

UNWTO билан ҳамкорликда ушбу дастурни илғор жаҳон амалиётига асосланган ҳолда янада ривожлантириш ва уни Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Ўзбекистоннинг бошқа туристик йўналишларидаги мактаблар ўқув дастурларига киритиш тарафдоримиз.

Энг муҳими, бу ҳафта Самарқандда UNWTO билан ҳамкорликда фаолият юритадиган Халқаро Туризм Академияси ишга туширилади. Бош котиб аллақачон янги академия жойлашган бинога ташриф буюрди. Ишончим комилки, бу нафақат талабалар ва Ўзбекистон туризм саноати, балки UNWTOга аъзо бошқа кўплаб давлатларнинг туризм саноати учун ҳам фойдали бўлади.

Ушбу форумга қизиқиш билдирганингиз ва фаол иштирокингиз учун самимий миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Тадбир давомида барча делегатларни мунозараларда иштирок этишга ва ўзларининг қимматли ғоялари, қарашлари ва тажрибалари билан ўртоқлашишга чақираман.

Яна бир бор барча делегатларга UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси учун Самарқандга ташриф буюрганликлари учун миннатдорлик билдирмоқчиман.

Эътиборингиз учун раҳмат!


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Азиз Абдуҳакимовнинг UNWTO Бош Ассамблеяси 25-юбилей сессияси доирасидаги Глобал таълим форумидаги нутқи