Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш мақсадида “Шаффоф шаҳарлар” ва “Ҳалол туманлар” лойиҳалари ишга туширилаётганини эълон қилди.
Агентлик ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида давлат ҳокимияти органларида коррупция хавфларини аниқлаш, олдини олиш ҳамда бартараф этишга қаратилган “Шаффоф шаҳарлар” ва “Ҳалол туманлар” дастурлари йўлга қўйилмоқда. Ушбу дастурлар Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилади.
Дастлабки босқичда дастур Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ва Бухоро вилоятининг Вобкент туманида амалга оширилади.
“Шаффоф шаҳарлар” ва “Ҳалол туманлар” — бу идора ва ташкилотлар ичида коррупциянинг ҳар қандай кўринишини истисно этадиган ҳалоллик, шаффофлик ва ахлоқнинг юқори стандартлари амал қиладиган махсус яратилган ҳудудлардир.
Агентлик хабарида айтилишича, ушбу лойиҳалар асосидаги методология Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Жануби-Шарқий Европанинг 11 мамлакатида ўз самарадорлигини исботлади. У 30 та маҳаллий ҳокимият органида қўлланилди ва 2011 йилда давлат хизматини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун БМТ мукофотига сазовор бўлди.
Қайд этилишича, ушбу чора-тадбирлар коррупциядан холи ҳудудларни яратишга ёрдам беради ва улар муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг дастур бошқа барча туман ва шаҳарларга татбиқ этилади.
16 ноябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида “Коррупцияга қарши курашда коррупция ҳақида хабар беришнинг ўрни ва таъсири” мавзусида ўтказилган сўровнома натижалари ҳамда “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдимоти ўтказилганди. Акмал Бурҳонов лойиҳа натижалари ҳақида фикр билдирар экан, респондентларнинг ярмидан кўпи хабар бериш оқибатидан қўрқиши ачинарли эканлигини таъкидлаганди.
“Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари, Корея Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқлари комиссияси ва БМТ Тараққиёт дастури экспертлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан тайёрланган.
Уни ишлаб чиқишдан асосий мақсад коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш, ҳалоллик стандартини жорий қилиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш ҳамда рағбатлантириш билан боғлиқ бошқа муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганларга ҳимоя чоралари белгиланиши ҳақида 2024 йилнинг майида маълум қилинганди. Март ойида коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия ишлаб чиқилди. Миллий стратегияни 2024—2025 йилларда амалга ошириш бўйича йўл харитасида 7 та йўналишда коррупцияга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Таҳлилларга кўра, ҳозирда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил қилмоқда. Шавкат Мирзиёев энг ёмони жамият кўрадиган маънавий зарар эканини таъкидлаганди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади