16:18 / 26.12.2024
25

2025 йил 1 январдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?

2025 йил 1 январдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?
2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.

Уйини термит “еган” фуқароларга бошқа уй-жой берилади

Термит ва бошқа ҳашаротлардан зарарланган уй-жойлар яшаш учун яроқсиз деб топилса аҳоли бошқа уй-жой билан таъминланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 ноябрда кучга кирган қарорида кўзда тутилган.

Қарор билан термит ва бошқа ҳашаротлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Маъмурий регламентга мувофиқ ушбу давлат хизмати 2025 йил 1 январдан бошлаб туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тузиладиган Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш комиссияси томонидан Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Ариза берувчилар давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига шахсан бориб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДXП орқали рўйхатдан ўтади.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этганда, тегишли сўровнома Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида комиссияга электрон шаклда юборилади. ЯИДXП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда комиссияга юборилади.

Комиссия 7 иш куни давомида сўровномани кўриб чиқиб, уй-жой жойлашган ҳудудга чиққан ҳолда қуйидагиларни аниқлайди: уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашаротлардан зарарланганлик даражасини, техник ҳолатини, яшаш имконияти мавжудлигини, яроқсиз ҳолатга келганлигини. Ўрганиш натижасида комиссия хулосаси ариза берувчига юборилади.

Бунда ўрганиш натижасида уй-жойнинг яроқсиз ҳолатга келганлиги тасдиқланса, хабарнома қўшимча равишда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уй-жойни яшашга мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш ҳамда уй-жой фондидан чиқариш масаласини кўриб чиқиш учун юборилади.

Аризагўйга берилган хулоса келгусида уни белгиланган тартибда давлат томонидан уй-жой билан таъминлаш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади: сўровномада нотўғри ёки хато маълумотлар кўрсатилганда; ариза берувчи томонидан комиссияга уй-жойни кўздан кечириш учун имкон берилмаганда ёки кўздан кечиришга тўсқинлик қилинганда; уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашаротлардан зарарланган бўлишига қарамай, унинг техник ҳолати яшаш имконини берганда; уй-жойда термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланиш ҳолатлари аниқланмаганда.

Давлат хизматини бошқа асосларга кўра рад қилиш тақиқланади.

Туризмнинг янги турлари жорий этилади

2024 йил 18 сентябр куни Ҳукуматнинг “Туризмнинг янги турларини жорий қилиш ҳамда мамлакат туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Ҳужжатга асосан 2025 йил 1 январдан бошлаб туризмнинг қуйидаги янги турлари жорий қилинади:
  • маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишни назарда тутувчи саноат туризми;
  • олтин, руда ва бошқа минерал ресурслар қазиб олувчи конлар, шахталар, фаолият юритмаётган геологик объектларида технологик жараёнларни, шу жумладан, тоғ жинсларини портлатиш тадбирларини бехатар масофадан кузатиш, мутахассислар билан мулоқот қилиш, тоғ релефлари бўйича экскурсияларни ташкил қилишни назарда тутувчи геология туризми;
  • илмий-тадқиқот институтлари ва лабораториялар, обсерваториялар ҳамда планетарийлар, Фанлар академияси ва унинг тизимидаги ташкилотларга ташриф буюриш орқали фан ва техника ютуқлари билан танишишни назарда тутувчи илмий туризм;
  • ҳарбий тарих ва фаолият билан боғлиқ жойларга ташриф буюриш, ёдгорликлар ва тадбирларда қатнашиш, ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва шароитлари билан яқиндан танишиш, ҳудудларда туристларга ўқ отиш бўйича пулли хизматлар ташкил қилишни назарда тутувчи ҳарбий туризм;
  • мамлакатнинг сиёсий ҳаёти, давлат органлари ва ташкилотларининг тарихи ва фаолиятини акс эттирувчи жойларга, хусусан, ҳукумат бино ва иншоотларига ташриф буюришни ўз ичига олган давлат-бошқарув туризми.

Бундан ташқари, Мудофаа вазирлигининг 2025 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ва хорижий туристларни “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, “Шон-шараф”, “Қуролли Кучлар” давлат музейлари ва ҳудудлардаги “Ватанпарварлар” боғларида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан бевосита таништириш, Мудофаа вазирлигининг Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази Қибрай спорт мажмуаси базасида “Стендли отиш” ва ўқотар қуроллардан отишни пулли асосида йўлга қўйиш хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилган.

Цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2025 йил 1 январдан давлат ва кўчма циркларда (шапито) ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва улардан цирк томошалари учун фойдаланиш тақиқланди.

Ҳужжат билан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати ҳамда ушбу рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартиби тасдиқланган.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар тақиқланади:
  • жисмоний шахслар томонидан рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш жойларида ёки тутқунликда сақлаш;
  • давлат ва кўчма циркларда (шапито) ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва улардан цирк томошалари учун фойдаланиш;
  • рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг рухсатномалари асосида белгиланган тартибда юридик шахслар томонидан ташкил этилган ҳайвонот боғларида ва (ёки) питомникларда сақланиши мумкин.

Жисмоний шахслар, шунингдек, давлат ва мобил цирклар (шапитолар) ихтиёридаги ёввойи ҳайвонлар шартнома асосида ҳайвонот боғлари ва питомникларга пулли ёки бепул топширилиши мумкин. Ўзбекистон фаунасига мансуб бўлганида, улар учун мос бўлган табиий яшаш муҳитига, мансуб бўлмаганда эса Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқариб юборилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда жисмоний шахслар ва циркларда сақланаётган рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларнинг 2026 йил 1 январгача ҳайвонот боғлари ёки питомникларга топширилишини таъминлаш топширилган.

Давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи оширилади

2024 йил 22 ноябр куни президентнинг “Маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Қарорга кўра, давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи қуйидаги миқдорларда оширилади:

- 2025 йил 1 январдан бошлаб – 20 фоизга;
- 2025 йил 1 июлдан бошлаб – яна 15 фоизга оширилади.

Ҳужжатда давлат маданият муассасалари ва ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг иш самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизими жорий қилиниши ҳам белгилаб қўйилган.

Тадбиркорлар фаолияти текширилганда бизнес-омбудсман хабардор этилади

2025 йил 1 январдан жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади. Бу ҳақда президентнинг “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида келтириб ўтилган.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан:

- жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади;

- “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими жорий этилади.

Электрон тизимда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст, ўрта ва юқори даражаларга таснифланади.

Хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилмайди.

2025 йил 1 январдан қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади:
  • фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш;
  • мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш;
  • ходимлар сонини яшириш.

Фармон билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартиби жорий этилади. Бунда текшириладиган тадбиркорлик субъекти аниқ бўлмаган ҳолатларда, текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида бизнес-омбудсман хабардор этилади.

Ўзбекистонда миллий вақт шкаласи жорий этилади

2025 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон миллий вақт шкаласи (UTC UZ) жорий этилади ва ундан Ўзбекистон Республикасининг аниқ вақти сифатида фойдаланилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида Вақт ва частота хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида келтириб ўтилган.

Қарорга кўра, вақт хизматининг фаолиятини самарали ташкил этишга Ўзбекистон миллий метрология институти давлат муассасаси масъул ҳисобланади. Метрология институти Мувофиқлаштирилган универсал вақтни (UTC) шакллантиришда иштирок этади ва Ўзбекистон миллий вақт шкаласини (UTC UZ) ҳосил қилишга ваколатли этиб белгиланади.

Аниқ вақтни Вақт хизматидан олиш ҳамда уни манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотларга узатиш давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилади.

«Меҳр дафтари» жамғармалари тугатилади

Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ 2025 йил 1 январдан бошлаб меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларига кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини вақтинчалик қабул қилиш тартиби бекор қилинади.

Фармонга кўра 2025 йил 1 январдан бошлаб:
  • меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларига кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини вақтинчалик қабул қилиш тартиби бекор қилинади;
  • етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга таълим олиш, бандлигини таъминлаш, даволаниш ҳамда уй-жой шароитларини яхшилаш учун ижтимоий ёрдам кўрсатилади;
  • тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларига етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олиш истагини билдирган номзодлар ҳам қамраб олинади;
  • босқичма-босқич Андижон вилояти, Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд вилоятида кичик ҳажмли болалар уйи ташкил этилади; «Меҳр дафтари» жамғармалари тугатилади.

Электрон браслет “ишга тушади”

Электрон браслетлар 2025 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич қўлланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида келтириб ўтилган.

Электрон браслет уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс оёғига тақилади. Шахс оёғига электрон браслетни тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар билан тиббий муолажа кўрсатилган ва бошқалар) қўл қисмига тақилишига рухсат этилади.

Электрон браслетни қуйидаги шахсларга қўллаш мумкин эмас:
  • 18 ёшга тўлмаган шахслар;
  • ҳомиладор аёллар;
  • 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
  • I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • тиббий кўрсатмага кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган шахслар (имплант қилинган кардиостимулятор ўрнатилган шахслар, юқумли тери касаллиги (аллерго контакт дерматит, тери замбуруғи ёки қичима касаллиги) бўлган шахслар).

Электрон браслет қўлланадиган шахслар уни белгиланган вақт ичида қувватлаб бориши, ўзбошимчалик билан ечмаслиги ҳамда электрон браслетга зарар етказиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширмаслиги шарт.

Томчилаб суғориш тизимини ўрнатганлик учун субсидия ажратилади

Бу ҳақда президентнинг «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилган.

Мақсадли кўрсаткичларга кўра, 2024 — 2027 йилларда 8,2 минг га ер майдонида анжир, 2 минг га ер майдонида фундук ва 477 га ер майдонида зайтунзорларни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан қуйидагиларга белгиланган миқдордаги субсидиялар ажратилади:
  • интенсив мевали боғ ва узумзорларда томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатгани учун сифат даражасини белгиловчи коэффициентни қўллаган ҳолда 1 гектар учун 16 млн сўмдан ошмаган миқдорда;
  • сув тежовчи технологияларни қўллаш учун сув қувурларининг ўлчамидан (диаметри) келиб чиқиб, 40 минг сўмдан 250 минг сўмгача;
  • in-vitro усулида яратилган мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш харажатлари учун ушбу харажатларнинг 50 фоизи миқдорида.

Илғор хорижий тажриба асосида мева ва ток кўчатларини сертификатлаштириш тартиби ишлаб чиқилиб, кўчатларни сертификатлаштириш тизими жорий қилинади.

Бошқа ўзгаришлар

2025 йил 1 январдан бошлаб:
  • Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасасининг Навоий вилояти бошқармаси ташкил этилиб, фаолияти тўлиқ йўлга қўйилади;
  • қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб беришда амалдаги қонунчиликка мувофиқ қўлланадиган имтиёзлар (субсидия, солиқ ва божхона имтиёзлари ва молиявий ёрдамлар) фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва дилерлар орқали муомалага чиқариладиган қишлоқ хўжалиги техникаларига нисбатан татбиқ этилади;
  • уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш тартиби амалиётга босқичма-босқич жорий этилади;
  • давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорлари оширилади;
  • 2026 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида Ўзбекистон давлат ёшлар театри ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига молиявий, ижодий ва ташкилий масалаларни мустақил ҳал қилиш ваколати берилади;
  • ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилишни кучайтириш, иш берувчилар билан ходимлар ўртасидаги мувозанатли меҳнат муносабатларини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳнат соҳасидаги низоларни ҳал этишни медиация усулида видео-конференц-алоқа шаклида амалга ошириш тизими жорий этилади;
  • Тошкент шаҳрининг 12 та туманида фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлаштирилган кичик станцияларни ўрнатиш ишлари бошланади;
  • фармацевтика маҳсулотларининг постмаркетинг назорати амалиётга жорий этилади;
  • мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячи-методист лавозими негизида амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолган ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг директори ўринбосари лавозими жорий этилади. Тажриба-синов тариқасида ҳар бир туман (шаҳар)даги биттадан умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида инклюзив таълим гуруҳлари очилади. Шунингдек, қамров даражаси паст бўлган давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг бўш турган ер участкаларида давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишга рухсат этилади;
  • 2028 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади;
  • кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади;
  • камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади;
  • мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилоти директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга махсус портал орқали менежерлик сертификатини электрон шаклда бериш тизими жорий қилинади;
  • ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади;
  • Маданият вазирлиги тизимидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларининг директори, директор ўринбосарлари, ўқитувчи ва концертмейстерларининг иш ҳақи миқдорлари 10 фоизга оширилади;
  • статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига консалтинг компаниялари, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари жалб этилади.


Электрон браслет, Маданиятчилар, Ёввойи ҳайвонлар, 1 январдан, Нималар ўзгаради

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 2025 йил 1 январдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?