21:32 / 05.03.2025
395

Ўзбекистоннинг иттифоқчилари кимлар ва яна кимлар бўлиши мумкин?

Ўзбекистоннинг иттифоқчилари кимлар ва яна кимлар бўлиши мумкин?
Давлатлараро муносабатларни кузатганда, “иттифоқчилик муносабатлари” ҳақида эшитиб қолишингиз мумкин. Хўш, “иттифоқчилик муносабатлари” нима дегани? “Иттифоқчилик”нинг ҳуқуқий, юридик таърифи борми? Давлатлар нима учун ўзларига иттифоқчи давлатлар ва муносабатларни ривожлантиришади?

Аввало айтиш керакки, “иттифоқчилик” борасида юридик таъриф мавжуд эмас. Иттифоқчилик муносабатлари – тўлиқ сиёсий тушунча, сиёсий мазмун ва моҳиятга эга. Иттифоқчилик муносабатларини ўрнатаётган давлатлар, “иттифоқчилик” деган атамага, ўзларининг сиёсий анъаналари, эҳтиёжлари ва қарашларидан келиб чиқиб, маъно-мазмун беришади. Шунинг учун давлатлар ўртасида ўрнатилган “иттифоқчилик” айнан бир хил маънони, мазмунни, оҳангни ва ҳамкорликни англатмаслиги мумкин.

Иттифоқчилик муносабатлари – давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг энг юқориси, чўққиси ҳисобланади. Давлатлар, ўзаро иттифоқчилик муносабатларини ўрнатар экан, бу дегани, ҳар қандай об-ҳавода – сиёсий ва геосиёсий турбулентлик ҳолатларида ҳам, ушбу давлатлар бир-бирига ишонади ва ишониши керак дегани бўлади. Улар ўртасида уруш бўлиши мумкин эмас, зиддиятлар ва можаролар ўсиб бормаслиги, агар қандайдир масалаларда муаммоли вазият пайдо бўлса – томонлар ўзаро ҳурмат ва дўстлик руҳиятида ушбу муаммоларни бемалол ҳал қилишлари назарда тутилади. Қолаверса, “иттифоқчилик” – уни имзолаган давлатлар учун оғир вазиятларда бир-бирига таяниши мумкин, деган сиёсий маънони беради.

Ўзбекистон 1991 йил давлат мустақиллигига эришган бўлса, ўтган 34 йил давомида 4 та давлат билан иттифоқчилик муносабатларига киришди.

Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти даврида, давлатимиз фақат битта давлат билан – Россия Федерацияси билан иттифоқчилик келишуви имзолади. Бу келишув – 2005 йилнинг ноябр ойида имзоланди. Россия Федерацияси билан имзоланган бу иттифоқчилик муносабати, мураккаб сиёсий ва геосиёсий контекстга эга. 2005 йил май ойида Андижон шаҳрида бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, Ғарб давлатлари, Европа Иттифоқи бу воқеаларни ҳалқаро тергов қилишга чақирган эди. Мана шу фонда Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси билан жиддий яқинлашади, ва 14 ноябрга келиб, Москвада иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги келишув имзоланади. Россия билан иттифоқчилик – президент Каримов бошқаруви даврида ўрнатилган ягона иттифоқчилик муносабатлари бўлди.

2016 йилда ҳокимият ўзгаргач, Ўзбекистон “иттифоқчилик” тушунчасини мутлақ бошқача талқин қилиб бошлади. Бу тушунчага тактик эмас, ҳақиқатда стратегик маъно-мазмун берди, минтақавий ва туркий ўзлик мезони орқали қарай бошлади.

Президент Мирзиёев даврида учта давлат билан иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилган бўлса, бу давлатлардан иккитаси – яқин ва бевосита чегарадош қўшниларимимз, учинчиси эса қўшни минтақадаги, тарихан алоқаларимиз кучли бўлган давлат ва миллат ҳисобланади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон билан иттифоқчилик муносабатлари 2022 йилнинг 22 декабрида ўрнатилди. Эслатиб ўтиш керакки, ўша 2022 йилнинг февралида Россия Федерацияси Украинага бостириб кирди, ва катта уруш бошланди. Бу уруш, Марказий Осиё давлатларидаги ўзаро муносабатларга ҳам таъсир қилгани аниқ. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро иттифоқчи давлатлар деган муносабатга ўтар экан, ташқи таҳдидлар ва муаммолар фонида, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлашга келишиб олди. Бошқача қилиб айтганда, минтақа тақдири учун бу икки давлатнинг масъулияти алоҳида урғуланди, ташқи кучларнинг манфаати ёки лойиҳалари учун бир-бирига яширинча ёки ошкора қарши бормаслик борасида тарихий келишув қилишди.

2024 йилда эса Ўзбекистон икки давлат билан иттифоқчилик муносабатларини ўрнатди. Февралда Тожикистон билан, августда эса Озарбойжон билан иттифоқчилик келишувлари имзоланди.

Агар эътибор берилса, биринчи маъмурият даврида Ўзбекистоннинг Россия билан ҳам, Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам муносабатлари жуда таранг ҳамда зиддиятли, вақти-вақти билан ўта совуқ эди. Бироқ иккинчи маъмурият ташқи сиёсатда, жумладан қўшнилар билан муносабатларда мутлақ янги оҳанг ярата олди, муаммолар сабаб совуқлик устувор бўлишига йўл қўймади, балки имкониятлар учун дўстлик ва ишонч руҳиятини парваришлади. Айни вақтда миллий манфаатларимиздан чекинмасдан, бу натижага эриша олди.

Тожикистон ва тожиклар Ўзбекистон ва ўзбеклар учун энг яқин давлат ва халқ ҳисобланади. Агар ўзбекларга тил ва маданият нуқтайи назаридан энг яқин миллат уйғурлар бўлса, зеҳният нуқтайи назаридан энг яқини тожиклар бўлса керак.

Кавказ минтақасида учта давлат бўлса, ундан фақат биттаси туркий, бу – Озарбайжон. Озарбайжон – Марказий Осиёни, яъни тарихий Туркистонни Туркияга боғловчи кўприк давлат ҳисобланади.

Хўш, келажакда Ўзбекистон яна қайси давлатлар билан иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиши мумкин? Назаримда, кейинги йилларда Ўзбекистон Туркия билан, қолаверса, қўшни Қирғизистон билан ҳам иттифоқчи бўлиши – вақт масаласи бўлса керак. Ҳозирча Туркманистон ташқи сиёсатда нейтраллик тамойили орқали иш тутмоқда, давлатлараро ва кўп томонлама ташкилотларда у қадар фаол эмас. Лекин истиқболда агар Туркманистон нейтралликдан кўра геосиёсий фаолликни танласа, ушбу давлат билан ҳам иттифоқчилик йўлга қўйилиши – Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати, Марказий Осиё интеграцияси ва тарихий Туркистоннинг жипслиги учун муҳим қадам бўлади.

Дунёда янгича давлатлараро муносабатлар шаклланиб бормоқда. Халқаро ҳуқуқ анча заифлашди. Қудратли давлатлар ўз иродасини ўтказиши борасида янги ўйин қоидалари шаклланмоқда. Мана шу фонда Ўзбекистон ва Туркиянинг иттифоқдош бўлиши – икки давлат хавфсизлиги ва барқарорлиги, Марказий Осиёнинг сиёсий, геосиёсий ва ҳарбий-стратегик салоҳияти учун улкан аҳамият касб этарди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон