date

Ҳаж–2026 бошланди: зиёратчилар учун муҳим саналар эълон қилинди

Ҳаж–2026 бошланди: зиёратчилар учун муҳим саналар эълон қилинди

Ўзбекистонда 2026 йилги Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Мусулмонлар идораси маълум қилишича, зиёратчиларни муқаддас сафарга жўнатиш жараёни 2 май кунидан старт олади.

Режага кўра, 2 майдан 18 майга қадар ҳар куни Саудия Арабистонига мунтазам авиақатновлар амалга оширилади. Зиёратчилар мамлакатнинг 9 та йирик ҳудудидан — Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларидаги аэропортлар орқали тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига етказилади.

Маълум қилинишича, зиёратчиларни олиб бориш Саудия Арабистонининг "FlyAdeal" авиакомпанияси томонидан амалга оширилади. Уларни Ватанга қайтариш эса “Uzbekistan Airways”” зиммасига юклатилган.

Ҳаж сафарини юқори савияда ташкил этиш мақсадида бир қатор муҳим тайёргарлик ишлари аллақачон якунланган. Хусусан, барча зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, юқумли касалликларнинг олдини олиш учун менингитга қарши эмланди. Шунингдек, ҳаж визалари ва зарур ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, ҳар бир гуруҳга тажрибали раҳбарлар бириктирилиб, зиёратчилар учун махсус ўқув ва тушунтириш машғулотлари ўтказилмоқда. Унда ҳаж амалларини тўғри бажариш, сафар давомида ўзини тутиш қоидалари ҳамда хавфсизлик чораларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни вақтда Саудия Арабистонида фаолият олиб бораётган ишчи гуруҳлар ҳам ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда зиёратчилар учун қулай шароит яратиш устида ишламоқда. Хусусан, меҳмонхоналар, шунингдек, Мино ва Арофот водийларида ибодатларни бемалол адо этиш учун барча зарур шарт-шароитлар тайёрланмоқда.

Мутасаддилар таъкидлашича, бу йилги Ҳаж мавсумини ҳар томонлама пухта ташкил этиш, зиёратчилар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш устувор вазифа этиб белгиланган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ҳаж–2026 бошланди: зиёратчилар учун муҳим саналар эълон қилинди