Энди подъездлар мажбурий тозаланади: янги қоидалар тасдиқланди

Ўзбекистонда кўп квартирали уйларда яшовчилар учун муҳим янгилик эълон қилинди. Янги тартибга кўра, энди уйларнинг кириш йўлаклари ва зинапоялари ҳар ҳафта камида бир марта тозаланиши шарт қилиб белгиланди.
Маълум қилинишича, мазкур талаб Адлия вазирлиги томонидан 29 апрель куни давлат рўйхатидан ўтказилган “Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари”да ўз аксини топган.
Янги қоидаларга мувофиқ, кўп квартирали уйлар учун бошқарув органлари умумий техник паспорт юритиши лозим бўлади. Шунингдек, улар бинонинг юк кўтарувчи конструкциялари, видеокузатув тизимлари ва домофонларни доимий ишчи ҳолатда сақлаш, зарур хомашё ва жиҳозларни харид қилиш ишларини ҳам амалга оширади.
Шу билан бирга, уй фасади ёки умумий фойдаланиш ҳудудларида турли меъморий элементлар, реклама ва эълонларни фақат мулкдорлар йиғини қарори асосида ўрнатиш мумкин бўлади. Уйлардаги шовқин даражаси эса белгиланган санитария меъёрларидан ошиб кетмаслиги қатъий талаб сифатида қайд этилди.
Қоидаларда яна бир муҳим жиҳат — санитария ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, зарурат туғилганда зинапоялар, лифтлар, чиқиндилар йиғиладиган жойлар ва ертўлаларда дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ишлари ўтказилади. Агар ертўлада қувур аварияси туфайли сув ёки оқова тўпланса, бошқарув органи 24 соат ичида уни бартараф этиши шарт.
Янги тартибга кўра, лифт хоналари ҳам ҳафтада бир марта тозаланади ва лифт ускуналари доимий техник назоратдан ўтказиб борилади.
Бундан ташқари, кўп квартирали уйларда қатор тақиқлар ҳам жорий қилинди. Хусусан:
- Балкон ва лоджияларга ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи ускуналар ўрнатиш мумкин эмас;
- Балконларда оғир буюмларни сақлаш тақиқланади;
- Фасад томонга кийим-кечак ёки гилам илиш мумкин эмас (ички томон бундан мустасно);
- Уй ҳайвонларини умумий жойларда сақлашга рухсат берилмайди;
- Зинапояларда ёнувчи материалларни қолдириш ман этилади;
- Иситиш тизимига ўзбошимчалик билан ўзгартиш киритиш тақиқланади.
Шунингдек, автомобилларни газонлар, болалар майдончалари, тротуарлар ёки кириш йўлаклари олдига қўйиш ҳам эндиликда қонунбузарлик ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!