Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги йўллади.
Махсус қарор асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги 35 йилда биринчи марта 1 триллион сўм маблағ ажратилиб, муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, беморларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш каби эзгу ишларга сарфланганини таъкидлаш лозим.
Хусусан, 450 миллиард сўм 600 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага моддий кўмак тариқасида йўналтирилди. Бундан ташқари, ижтимоий реестрдаги даволаш режалаштирилган 6 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, жумладан оғир касаллар операция йўли билан даволанмоқда.
Шунингдек, аҳолига 100 минг дона Рамазон совғалари тарқатилди.«Рамазон туҳфаси» лойиҳаси доирасида эса эҳтиёжманд оилалар,«Мурувват» ва «Саховат» уйларида яшовчилар ҳамда хориждаги ватандошларимиз учун 30 мингдан ортиқ ифторлик тадбирлари ўтказилди.
«Жаҳондаги ҳозирги ғоят мураккаб вазиятда оила ва маҳаллаларда, бутун мамлакатимизда осойишталик, файзу барака муҳитини сақлаш, ёшларимизни ёт ва бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш ўта долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда.
Биз бу борада катта ҳаётий тажрибага эга бўлган муҳтарам отахон ва онахонларимиз, жонкуяр ака-ука ва опа-сингилларимиз, ҳурматли зиёли ва уламоларимизга, маҳалла фаоллари ҳамда ташаббускор ёшларимизга таянамиз.
Ушбу улуғ айём кунларида жаҳоннинг турли ҳудудларидаги уруш ва низолар тезроқ барҳам топиб, барча халқлар тинчлик ва барқарорликда ҳаёт кечиришини тилаб қоламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, дунёнинг олис ва яқин мамлакатларидаги мусулмон биродарларимизни қутлаб, самимий салом ва тилакларимизни йўллаймиз», дейилади хабарда.
«Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб турган ушбу қутлуғ дамларда сиз, азизларни Ийд ал-Фитр байрами билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман», дея таъкидланади табрикномада.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!