Жамес Вебб телескопи Мессиер 77 галактикаси ядросини юқори аниқликда суратга олди

2021-йилда фазога учирилган Жамес Вебб космик телескопи Мессиер 77 спирал галактикасининг янги ва батафсил тасвирини тақдим этди. Еримиздан тахминан 45 миллион ёруғлик йили масофасида, Кит юлдуз туркумида жойлашган ушбу галактика ўзининг ўта ёрқин ва фаол ядроси билан ажралиб туради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Галактика марказида массаси Қуёшникидан 8 миллион баробар катта бўлган ўта массив қора туйнук мавжуд. Унинг атрофидаги моддалар тортишиш кучи таъсирида марказга интилиб, қизиган аккретион дискни ҳосил қилади. Айнан шу жараён натижасида ажралиб чиқаётган кучли инфрақизил нурланиш телескопнинг МИРИ асбоби ёрдамида қайд этилди.
Жамес Вебб телескопининг юқори сезгирлиги галактикаларни ўраб турган чанг булутларини «тешиб ўтиш» ва ядро тузилишини мисли кўрилмаган аниқликда кузатиш имконини беради. Бу каби тадқиқотлар олимларга қора туйнукларнинг ўсиш механизмлари ҳамда уларнинг галактика эволюциясига таъсирини чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.
NASA ушбу телескопни коинотнинг илк даврлари, юлдузлар шаклланиши ва қора туйнуклар табиатини ўрганишда асосий восита сифатида қўлламоқда. Мессиер 77 галактикасининг янги суратлари замонавий инфрақизил астрономия имкониятлари қанчалик кенгайганини яққол намойиш этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!