18:50 / 24.02.2018
14 027

Ўзбекистоннинг барча муфтийлари ҳақида биласизми?

Ўзбекистоннинг барча муфтийлари ҳақида биласизми?
Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон
Ҳижрий 1276 йили (милодий 1856) Тошкентда диний уламо оиласида таваллуд топган. Отаси Абдулмажидхон эшон таниқли олим, машҳур Мўйи Муборак мадрасаси мударриси, бобоси Юнусхон ибн Айюбхон мударрис ва шайхулислом бўлишган. Эшон Бобохон дастлаб уйда отасидан, сўнгра Бухородаги Мир Араб мадрасасида машҳур устозлардан, хусусан, Домла Икромчадан таҳсил олди. Тиришқоқлиги, ақл-заковати боис тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ билимдони бўлиб етишди. Бир неча йиллар Мўйи Муборак жомеъида имом-хатиб ва мадрасада мударрис бўлди. 1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний назорати раиси, муфтий этиб сайланди. Ўша йиллари мусулмонлар вакилларининг ҳаж сафарига боришлари йўлга қўйилди, Мир Араб мадрасаси қайтадан фаолият бошлади, масжидлар ҳақида Низом ишлаб чиқилди, диний бошқарма кутубхонасига асос солинди, халқаро алоқалар кенгайди. 1957 йили Тошкентда вафот этди. Исмоил Қаффол Шоший қабрлари ёнига дафн этилган.

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон
1908 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Ҳаким қори домла, Баҳодирхон махдум, Шайх Алоуддин, Жамол ҳожи каби устозлардан сабоқ олди. Ўн икки ёшида Қуръони каримни тўла хатм қилиб, ҳофизул Қуръон бўлди. 1920 йили Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кириб, ўша пайтда Тошкентга келган суриялик олим Аш Шомий ат Тараблусийдан ҳадис, фиқҳ илмини ўрганди. 1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати масъул котиби ва Ўзбекистон қозиси бўлди. 1947-1948 йилларда Қоҳирадаги Азҳар дорилфунунида, сўнгра Макка, Мадина шаҳарларида таҳсил олди. 1948 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раисининг ўринбосари этиб сайланди. 1957 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси раиси этиб сайланди ва умрининг охирига (1982 йил) қадар ана шу вазифада самарали ишлади.

Шамсуддинхон Бобохонов
1937 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1959 йили Тошкент чет тиллар институтининг инглиз тили факультетини битирган. 1962-1966 йилларда Қоҳирадаги Азҳар дорилфунунида таҳсил олди. 1973 йили Масковда араб филологияси бўйича номзодлик илмий ишини ёқлади. 1975-1982 йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида ректор, 1982-1989 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси, муфтий, 1989-1994 йиллари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида катта илмий ходим ва диний бошқарма раисининг ноиби бўлиб ишлади. 1994-2001 йиллари дипломатия соҳасида хизмат қилди. Ўрдун Қироллик академиясининг ҳақиқий аъзоси, Халқаро Ибн Сино мукофоти соҳиби. 2003 йилда Тошкентда вафот этган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
1952 йидда Андижон вилоятининг Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида туғилган. Дастлаб отаси Муҳаммад Юсуф ҳожидан диний таълим олган. Совет ўрта мактабини 1970 йилда тўлиқ аъло баҳоларга тугатгач, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига ўқишга қабул қилинади. Кейинчалик, Тошкентдаги Олий Ислом Институтида таҳсил олиб, 1975 йилда муваффаққиятли тамомлади. 1976 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ливиядаги Даваъ Ислами миллий Ислом университетига қабул қилинди, ҳамда молиявий рағбат билан муваффаққиятли тамомлаган. Шундан сўнг диний бошқарманинг халқаро бўлими ходими, кейинчалик Ислом олий маъҳади мудири ноиби, 1983 йилдан эса мудир бўлиб хизмат қилди. 1989-1993 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий вазифасида ишлади. 1997 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Саудия Арабистондаги халқаро Ислом ташкилоти бўлган Робита ал-Исломия (Мусулмон Олами Лигаси) таркибидаги Мусулмон давлатлар ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги федерациясига раҳбар этиб тайинланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шу кунгача ушбу ташкилот бошқарув кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланар эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 6 жузли “Тафсири Ҳилол”, 39 жузли “Ҳадис ва Ҳаёт”, 5 жузли “Хислатли ҳикматлар шарҳи”, 3 жузли “Кифоя шарҳи мухтасари виқоя”, 3 жузли “Руҳий тарбия”, 4 жузли “Шарҳи адабул муфрад”, 2 жузли “Яхшилик ва силаи раҳм китоби”, “Иймон”, “Васатийя — ҳаёт йўли”, “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, “Ихтилофлар ҳақида”, “Дин насиҳатдир”, “Шоядки тақводор бўлсак”, “Поклик иймондандир”, “Ҳаж ибодати”, “Исломда инсон ҳуқуқлари”, “Исломда оила”, “Тарих омонатдир”, “Жамият кўксига урилган ханжар”, “Ислом мусаффолиги йўлида”, “Ислом маънавий жиноятларга қарши”, “Рамазонни қандай қаршилаймиз”, “Ислом ва атроф муҳит муҳофазаси”, “Сунний ақийдалар”, “Усулул фиқҳ”, “Ақоид илми”, “Самарқандлик уламолар”, “Бозор”, “Исроф”, “Очиқ хат”, “Зуҳд ва ҳаё” каби 100 дан ортиқ китоблар ва интернет саҳифалар муаллифи эдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 2015 йил 10 март куни Тошкент шаҳрида вафот этди. Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" "Шайх Зайниддин бува" (Кўкча) қабристонига дафн этилган.

Мухторжон Абдуллоҳ Бухорий

1928 йили Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Бухородаги Мир Араб, Тошкентдаги Бароқхон мадрасаларида, Суриядаги Дамашқ жомеъсининг шариат куллиясида таҳсил олган. 1958-1991 йилларда Мир Араб мадрасасида мударрис, бош мударрис, мудир вазифаларида ишлади. 1984-1988 йиллари Тошкент Ислом олий маъҳадида хорижлик талабаларга дарс берди. 1991-1993 йиллари Бухоро вилоятидаги “Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд” масжидида имом-хатиб, 1993-1997 йиллари Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси раиси, муфтий бўлди, кейинчалик яна имомлик қилди. 2002 йили вафот этган.

Абдурашид қори Абдумўмин қори ўғли Баҳромов
1953 йили Андижон шаҳрида таваллуд топди. Дастлабки Қуръон илмларини отаси Абдумўмин қоридан ўрганиб, 16 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. 1975-1981 йиллар оралиғида Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкент Ислом институтида таҳсил олди. 1979-1997 йилларда Тошкент Ислом институти мударриси ҳамда Тошкент шаҳридаги “Тилла Шайх” жомеъ масжиди имом-хатиби вазифаларида хизмат қилди. 1997 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди. Шунингдек, Абдурашид қори Абдумўмин ўғли Миср Араб Республикасининг Азҳар университети малака ошириш курсида таҳсил олган. 2006 йил апрель ойида Миср Араб Республикасида ўтказилган конференцияда Азҳар университетининг фахрий талабалигига қабул қилинган. 2006 йил август ойида муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқиб, шу йили сентябрь ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Уламолар кенгаши” қарори билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Фахрий имоми” унвонига эга бўлган. 2011 йилда вафот этган.

Усмонхон Темурхон ўғли Алимов
Усмонхон Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилоятида туғилган бўлиб, 1982-83 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасида, 1983-87 йилларда эса Тошкент Ислом институтида, 1989-90 йилларда Марокашдаги Каравайин университетида таҳсил олган. 1987-2000 йиллар давомида Пайариқ туманидаги “Имом Бухорий” масжидида имом-хатиб, 2000 йилдан эса Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Самарқанддаги бош вакили вазифасида фаолият олиб борган. 2006 йил 8 август куни эса Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланган.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистоннинг барча муфтийлари ҳақида биласизми?