date
views 5 937

Агриппина Шин: «Боғчаларда мудиралар энди тепадан тайинланмайди, ...»

Агриппина Шин: «Боғчаларда мудиралар энди тепадан тайинланмайди, ...»
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Kun.uz’га берган интервьюсида 2021 йилгача барча болалар мактабга таълим билан қамраб олинишини таъкидлаб ўтди.

— Сиз раҳбарлик қилаётган вазирликда бу йил қўл урилган янгиликлардан бири кузатув кенгашлари. Буни ишга тушганига кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин албатта қайта реакция бўлган бўлиши турган гап. Ота-оналарнинг мазкур тизим ҳақидаги фикрлари қандай?
— Кузатув кенгашлари мактабгача таълим тизимида мутлақо янгилик бўлди. Чунки кузатув кенгаши ўз зиммасига мактабгача таълим тизимини назорат қилиш функциясини олди. Мактабгача таълим муассасаси мудири бир йилда икки марта нафақат мазмун ёки тарбиявий қисм бўйича, шунингдек у молиявий фаолият бўйича кузатув кенгаши олдида ҳисобот бериши янгиликдир. Мактабгача таълим муассасаси мудираси лавозими ҳам сайланадиган лавозимга айлантирилди. Илгари болалар боғчаси мудиралигига тепадан бирор киши тайинланган бўлса, энди фақат кузатув кенгаши бу лавозимга тавсия бериш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

— Буларнинг барчаси шаффофликни ошириш, тизимда коррупцияга барҳам бериш учун қилинаётган бўлиши керак…
— Шубҳасиз. Шу вақтгача ота-оналар боғчалар фаолиятидан четда бўлган, уларнинг функцияси боғча учун тўловни ўз вақтида амалга оширишдан иборат бўлган. Энди уларнинг ўзлари бевосита таълим, молия ва таъминот жараёнида иштирок этишади ва ўз-ўзидан ота-оналар ҳам таълим жараёни субъектларига айланишади. Бу жуда муҳим.

— Ота оналарни болаларнинг таомланиши каби масала ҳам ташвишлантиради…
— Албатта, бу жуда оғриқли масала. Мен интервьюни бошида ҳам овқатланишни ташкиллаштириш тизими ўта оғир аҳволда бўлганини таъкидлаб ўтдим. Чунки жамики моддий-техника базалари, бизнинг ошхоналаримиз бирор марта янгиланмаган. Музлатгичлар эскирган, уларнинг аксарияти ишламайди. Печкалар ҳам оғир аҳволда. Буларнинг барчаси заҳарланиш ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлган. Лекин биз фактларни яширмаймиз, чунки бир йилнинг ичида бу масалалар ва муаммоларнинг барчасини ҳал қилиш амалда имконсиз.

Бундай ҳолатда тизимли ёндашув керак бўлади. Мен фурсатдан фойдаланиб бизга дўстона кўмак қўлини чўзган барча идоралар ва ташкилотларга ташаккур билдирмоқчиман. Мен ҳозир уларнинг барчасини номма-ном санаб ўтирмайман. Чунки рўйхат жуда узун.

Овқатланишни ташкил этиш жуда оғриқли масала дедим. Биз бу жабҳадаги коррупцион моментларни бартараф этишимиз керак. Педагогик таркиб ва тарбиячилар учун шундай шароит яратишимиз керакки, у ўз статусини ҳурмат қилсин. Биз босқичма-босқич шу йўналиш бўйлаб борамиз. Бу муносиб ва жуда яхши ойлик иш ҳақи бўлади. Шундагина ўша нохуш ҳолатларга барҳам берилар.

Шу муаммони ҳал қилиш учун биз ошпазлар ассоциацияси билан Тошкент шаҳрида ҳозир муқобил тизимни жорий этиш учун ишларни бошлаганмиз…

— Аутсорсинг?
— Ҳа, озиқ-овқатларни аутсорсинг усулида етказиш. Ҳозирча бирор якуний хулоса беришга эрта. Йил якунлари бўйича барчасини таҳлил қилиб, 2019 йилда қайси йўл бўйлаб кетишимизни ҳал қиламиз.

— Аутсорсинг бўйича қанча муассаса ишламоқда?
— 44 та мактабгача таълим муассасаси. 14 та компания аутсорсинг бўйича маҳсулотлар етказиб бермоқда. Уларнинг барчаси ўз ишига масъулият билан ёндашмаётганини қайд этишим керак. Уларни қора рўйхатга киритиб ҳам қўйганмиз. Айрим компаниялар болалар ҳар қандай инсоннинг ҳаётидаги энг асосий шахс эканини, уларнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик кераклигини унутиб қўйишмоқда.

— Ўтмишдаги тизимдан мерос бўлиб қолаётган яна бир нарса бор: илгари болалар боғчалари етишмагани, улар тўлиб қолгани учун ота-оналар ўз болаларини жойлаштириш учун пора беришган. Боғчаларда «қора касса» юритилган. Бунга қарши қандай курашяпсизлар?
— Агар соҳанинг «хуфиёна» томонлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бундай ҳодисалар ҳамон учраётган бўлиши мумкин, лекин биз мактабгача таълим вазирлиги томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун саъй-ҳаракат қилмоқдамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, гуруҳлардаги болалар сони 25 нафардан ошмаслиги керак. Биз бунга тузатиш киритмоқчимиз. Масалан қишлоқ жойларда унинг сонини 30 тагача кўтариш ўринли бўларди. Юқори планка мавжуд шарт-шароитларга қараб эгилувчан бўлиши керак.

Мақтанишимиз мумкинки, ҳозир мактабгача таълим соҳасида электрон тизим жорий этилди. Биз болаларни қабул қилиш тизимида интерактив хизматларни жорий этиб, уни кўрсатишда биринчи ўринни эгалладик. Ҳозирга келиб бу очиқ ва шаффоф тизимга айланган. Ота-оналар уйда ўтириб Интернет орқали ўз фарзандини боғчага навбатга ёзиши мумкин.

Айрим ота-оналар навбат 2-3 ойлаб силжимаётганидан шикоят ҳам қилишмоқда. Мен сизлар орқали ота-оналарга мурожаат қилиб, шундай демоқчиман:

Таассуфки, мактабгача таълим муассасаси болаларни фақат бир йилда учирма қилади. Кимдир бошқа ёққа кўчиб ўтиши ёки бошқа сабаблар билангина жой очилиши мумкин.

Агар ортга назар ташласак, 1991 йилдан буён мактабгача таълим муассасалари сони икки баробар камайиб кетган. Туғилиш эса кўпайиб бормоқда. Бу вақт ичида аҳоли сони 13 миллионга кўпайди. Айни пайтда демографик тенденция ҳам пасайишга эмас, кўпайишга ишламоқда. Албатта, ота-оналар ишлагиси келади. Бунинг оқибатида ўша айтилган коррупция ҳолатлари юзага чиқмоқда.

Лекин биз умид қиламизки, шаффофлик ва очиқликни таъминловчи электрон тизимимиз бу иллатга барҳам беради.
Руслан Рамазанов суҳбатлашди
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Агриппина Шин: «Боғчаларда мудиралар энди тепадан тайинланмайди, ...»