date
views 4 973

Россия ва рус тилисиз Ўзбекистон ўз "кунини кўролмайди"ми?

Россия ва рус тилисиз Ўзбекистон ўз "кунини кўролмайди"ми?
Фото: BBC UZBEK. Тошкентдаги "Ўзбекистон" меҳмонхонасидаги реклама
Eurasianet нашри Ўзбекистондаги рус тилининг мавқеи, Россиянинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида икки мақола эълон қилди.

- Мақоланинг бири "Ўзбекистон: Россия учун юмшоқ куч бизнесдир" деб номланган.
- Иккинчи мақола – "Ўзбекистон: рус тили иккинчи тилга айланмоқдами?".
- Икки мақолада ҳам 9 май байрами арафасида Ўзбекистонда рус тили атрофида юзага келган баҳс тилга олинади.

Ушбу баҳс сабаб Ўзбекистон тобора Россиянинг таъсирига тушмоқдами, Ўзбекистонни ўз таъсирида ушлаб туриш мақсадини кўзлаётган Кремл юмшоқ кучини ишга солмоқдами деган саволлар ҳам ўртага ташланди.

Eurasianet ресурсидаги мақолаларда марҳум президент Ислом Каримов Россия билан муносабатларда масофа сақлашга ҳаракат қилганига қарамасдан рус тили ва Россия телевидениесининг таъсири Ўзбекистоннинг шаҳар жойларидаги аҳоли орасида юқорилигича қолгани эслатилади.

Миллионлаб қишлоқ одамлари ҳам узоқ йиллардан буён Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлдилар.
Ўзбекистонда сўнгги 30 йилда ўзбек тили давлат тили мақомига эришолмади, бунда зиёлиларнинг ҳам айби бўлган.

Шунингдек, мамлакатда алифбо борасида бир қарорга келинмагани ҳам рус тилидаги мактабларда таълим сифати яхшироқ деган хулосага етаклаган.

Лотин алифбосига ўтиш изчил бўлмагани ва ҳамон лотин алифбосида нашр этилаётган китобларнинг сони камлиги айтилади "Ўзбекистон: рус тили иккинчи тилга айланмоқдами?" деб номланган мақолада.

"Рус тили бизнес тили сифатида мустаҳкам қолмоқда. Рус тилининг корпоратив дунёдаги ва ҳатто рекламадаги роли таққослаб бўлмас даражада қолмоқда", – дейилади мақолада.

«Eurasianet»даги мақолалар муаллифлари сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Россиянинг савдо-иқтисодий алоқалари кучайганини тилга оладилар.

"Рус сўзи"сиз ҳам Ўзбекистон тузуми ва иқтисодиёти Россияга қарам", – дейди сиёсий таҳлилчи Рафаэл Сатторов.

Маҳаллий расмийлар ёки таҳлилчилар Россия билан нефть, кўмир, озиқ-овқат, атом энергетикаси ва оғир саноатга тегишли кўплаб келишувлар имзоланганини таҳдид деб кўрмайдилар.

"Аксинча, улар Россия ва Россия бизнесменини ўсиб бораётган Хитой таъсирини пасайтирадиган муҳим тарози тоши деб кўрадилар", – дейилади "Ўзбекистон: Россия учун юмшоқ куч бизнесдир" деб сарлавҳа қўйилган мақолада.

"Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти Ғарб инвестициялари чекланишини яхши биладилар. Бирор бир мамлакат Хитой харажатларига тенглашолмайди. Ҳатто Пекин ҳам Россиянинг сақланиб турган ҳозирлиги ва машҳурлигини босиб ўтолмайди... Шунинг учун Ўзбекистоннинг Россия билан яқин муносабатларни ривожлантиришдан ўзга муқобили йўқ. Бошқа бир танлов фақат Хитой", – дейди сиёсий таҳлилчи Рафаэл Сатторов.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Россия ва рус тилисиз Ўзбекистон ўз "кунини кўролмайди"ми?