Импорт автомобилларга бож 2 баробар пасайди — бундан бойлар манфаат кўради
Ўтган ҳафтада президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда ҳукуматга импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топшириғи берилди.
Жамоатчилик импорт автомобилларга божхона божи камайтирилиши рақобат муҳитини кучайтирадими деган саволни ўртага ташлади. Kun.uz ҳам пасайтириладиган божлар нархларга қандай таъсир қилиши ҳақидa мақола эълон қилди.
Иқтисодчи Миркомил Холбоев қарордан асосий фойдани бойлар ва импорт автомобил истеъмол қиладиган бойлар кўришини таъкидлади.
«Чегарадаги божлар камайтирилишининг автомобил импортига деярли таъсири бўлмаслиги ҳақида кўп ёзилди. Лекин кўпчилик бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмоқда. Тўғри божни (ҳозир 30 фоиз) икки баробар пасайтириш импортга таъсир қилмаслиги рост, лекин бу ўзгаришдан фойда кўрадиган гуруҳлар бор, албатта. Бундай кишилар, қиммат автомобил импорт қилувчи аҳолининг энг даромади юқори қатлами. Яъни аҳолининг даромади юқори кичик гуруҳи ҳозиргача ҳам чет элдан автомобил олиб келар эди. Чегарадаги божнинг 15 фоизга пасайиши эса улар истеъмол қиладиган автомобиллар нархи сезиларли пасайишига олиб келади.
Божлар пасайишидан ўрта даромадли аҳоли қатлами (яъни ўртача нархдаги автомобил харид қилишга имконияти борлар) ҳеч нима ютмайди, бу ўзгариш улар учун ҳеч нимани англатмайди, улар яна ўша «қадрдон» заводимиз чиқараётган автомобилларга навбатда туришга мажбур бўлади. Қарордан асосий фойда кўрадиганлар эса даромади энг юқори ва импорт автомобилларини истеъмол қиладиган бойлар», деб ёзди иқтисодчи.
У албатта бу Янги Ўзбекистон учун мантиқий қарор эканини урғулаган.
Монополист утилизация йиғимларини тўлайдими?
Автомобил ва «қадрдон» монополист мавзуси ҳеч қачон тренддан тушмаган. Иқтисодчи Отабек Бакиров монополист бюджетга тўламаслик эҳтимоли юқори бўлган утилизация йиғимлари ҳақида ёзди.
«Маълумки, 2020 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган автотранспорт воситаларига утилизация йиғими жорий этилган эди.
Лекин ўтган 1,5 йил давомида Ҳукуматнинг бюджет бўйича очиқланган маълумотларида ҳам, солиқ ва молия органларининг ахборотларида ҳам утилизация йиғими бўйича ундирилган тўловларнинг миқдорлари бирон марта очиқлангани йўқ.
Масалан, маҳаллий ишлаб чиқарувчи монополист UzAuto Motors 2020 йил август–декабр ойлари учун қарийб 2,5 трлн сўм, 2021 йил учун эса камида 5,3 трлн сўм миқдорида утилизация йиғими тўлаши лозим эди. Бу фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар бўйича. UzAuto Motors’нинг чайқовчилик фаолияти — импорт қилиб сотилаётган автомобиллар бўйича тўланиши лозим бўлган утилизация йиғими бу ҳисобга кирмайди.
UzAuto Motors утилизация йиғимини тўламаётгани бўйича гумонли саволлар нима учун келтирилмоқда.
Биринчидан, бу ҳақда на ҳукумат, на Молия вазирлиги, на Солиқ қўмитаси ахборотларида маълумот йўқ. Ваҳоланки, ҳажми бўйича утилизация йиғими бюджетга тушадиган 5-рақамли тўлов.
Иккинчидан, бирор жойга бир сўм ўтказиб қўйса, айюҳаннос соладиган UzAuto Motors’нинг ўзи ҳам жим. Фалон триллион сўм утилизация йиғими тўладик, деб жар солишган бўларди, агар росмана тўлашганида. Қолаверса, 2021 йил прогнозларида монополист тўлаган солиқларнинг жами бюджет даромадларидаги улуши 1,5 фоиз атрофида бўлган ёки 2,5 трлн сўм. 2021 йил учун утилизация йиғимининг ўзи эса камида 5,3 трлн сўм. Фарқини сезаётгандирсиз.
Учинчидан, жорий қилинаётган турли солиқ ва йиғимлар UzAuto Motors каби ҳукуматнинг арзандаларига келганида ишламай туради, бошқаларга нисбатан эса қўлланади. Яъни шу ҳолда ҳам UzAuto Motors учун ноқонуний қулайлик, қолганларга эса рақобатни синдирувчи ҳаракатлар рўй беради. Масалан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун 3 фоизлик йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши белгиланган эди. Мазкур йиғим 2019 йил 1 октябрдан 2021 йил 31 декабргача амал қилди. Лекин UzAuto Motors 3 фоизлик йиғим бўйича бирор сўм маблағни бюджетга ўтказмаган. Ваҳоланки, 3 фоизлик йиғим автомобиллар нархига қўшиб, харидорлардан ундириб келинган. Ҳаттоки Ҳисоб палатасининг эътироз ва талаблари ҳам кор қилмаган», деб ёзди иқтисодчи.
У эртага мабодо UzAuto Motors автомобиллар нархини ошириш ҳаракатларига тушса, Ўзбекистон жамоатчилиги, ОАВ ва сайланган депутатлар монополист олдига қатъий талаб қўйиши кераклигини таъкидлаган:
«Аввал, 27 ой давомида бюджетга ўтказилмаган 3 фоизлик йиғимларни (камида 3 трлн сўм атрофида бўлади) қуртдай тўлаб қўйиши, кейин эса утилизация йиғими тўловларини (7,8 трлн сўм), агар тўлаганига исбот келтира олишмаса, бюджетга қайтаришлари зарур. Кейин қолганини муҳокама қилиш мумкин бўлади.
3 фоизлик йиғим ҳам, утилизация йиғими ҳам бюджетнинг, демакки, ўзбекистонликларнинг ҳаққи.
Кичик бизнесни қийнашни хуш кўрадиган, турли экспериментлар устаси бўлган Солиқ қўмитаси нега UzAuto Motors тўлаши керак бўлган триллионлаб йиғимларни бюджетга ундиришга уриниб кўрмайди? Слабо?!»
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳеч нарсани тушунмаган, тушунмаса ҳам керак
Ўтган ҳафтада Gazeta.uz сайтининг Тошкент шаҳридаги Навоий кўчаси ҳам трассага айлантирилиб бу пойтахт тобора йўловчилар учун хавфли шаҳар бўлиб қолаётгани ҳақидаги мақоласидан кейин ҳокимлик вакиллари ОАВ билан учрашди.
Учрашув якунлари борасида блогер Қобил Хидиров (Davletov.uz) танқидий муносабатларини билдирди.
«Шу йил 16 феврал куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбариятининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан бўлиб ўтган учрашувида, аслида, жамоатчилик ҳокимият вакилларига юқоридаги суратдаги ғояни етказишмоқчи бўлишди.
Одамлар такси ёки шахсий автомобилидан кўра жамоат транспортини афзал кўрсин, пиёда юрсин. Шаҳар кўчалари шу ғоя асосида таъмирланиши, қайта қурилиши керак. Аммо шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов бу ғояни умуман тушунмаган. Тушунмаса ҳам керак.
Буни яққол кўрсатиб берадиган иқтибос: «Бир нарсани тушунмадим. Биринчидан бу полосаларда одамлар юрмайди, машиналар юради... Демоқчисизки, 1200та автомобил бошқа жойда юриши керак, уларнинг ўрнида автобуслар юриши керакми?.. Транспорт ҳаракати оқимини одамлар сони билан ўлчаш нотўғри...»
Бошқа изоҳ ортиқча», деб ёзди блогер.
Коинот ва инсоният аҳмоқлигининг чегараси йўқ…
Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманидаги кўп қаватли уй деворига чизилган суратни мақтади:
«Менга бу ёқади. Нега ҳамма ёққа шундай қилмайсизлар? Жуда чиройли бўлибди. Бу ҳам одамнинг кайфиятига ижобий таъсир қилади», деди президент.
Кейинчалик Чилонзор туман ҳокимлиги томонидан Эйнштейн сурати ўчириб ташланди. Ҳокимлик тез орада бино бузилиши сабабли сурат ўчирилганини маълум қилди.
Бу ҳолат блогерларнинг танқидларига сабаб бўлди.
«Бу гапни (ҳокимлик изоҳини) эшитиб, мантиқ уялиб кетди. Хўп, агар ўша бино бузилса, сурат билан бирга бузилиб кетаверсин. Нега ўчириш керак эди?
Менда бошқа тахмин бор. Суратни ўчирган ҳокимлик вакиллари Эйнштейн кимлигини билмаса ҳам керак. Бу сочлари пахмоқ, мўйловли одам ва унинг ёнидаги алламбало ёзувлар ёшларимиз маънавиятини бузяпти, деб ўйлашгандир.
Шу жойига Эйнштейннинг бир гапи эсимга тушиб кетди: «Коинот ҳамда инсоният аҳмоқлигининг чегараси йўқ. Лекин биринчисига сал шубҳам бор», деб ёзди Хушнуд Худойбердиев.
Журналист Азиза Қурбонова ҳам масалага эътибор қаратди:
«@inkuzart граффитисини чизишдан аввал девордаги бўлар-бўлмас, уятли ёзувларни ўчиргани видеода кўриниб турибди. Бетайин девор Эйнштейн граффитиси чизилгунчаям ҳеч кимга керак бўлмаган. Биров тозалаб ҳам қўймаган…
…Неча йиллаб турган ва чиндан ҳам туртиб чиққан девор. Ноқонуний қурилмалар қурилиши бир неча йил аввал қаттиқ қораланиб, кетма-кет бузиб чиқилганда ҳам нечукдир омон қолган девор. Энди кўзларига кўриниб қолибди. Йўўқ, мен ҳечам тушунмайман буларни. Ҳечам тушунолмай ўтиб кетсам керак». “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хитой космик станциясида тажрибадан ўтган зайтун данаклари Ерда униб чиқди