Porsche Европа стандартлари туфайли 911 GT3 двигателини ўзгартиради

Ҳозирги авлод Porsche 911 GT3 модели атмосфера двигателига эга сўнгги версиялардан бири бўлиши мумкин. GT тармоғи раҳбари Андреас Пройнингер экологик талаблар кучайгани сабабли 4,0 литрли двигателнинг келажаги сўроқ остида қолганини маълум қилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ каби айрим бозорларда бу двигатель узоқроқ сақланиб қолиши мумкин. Бироқ Европадаги янги эмиссия нормалари унинг ишлаш муддатини кескин чеклайди.
Жиддий модернизатсиясиз ушбу двигатель фақат яқин бир неча йил давомида талабларга жавоб бера олади.
Ҳозирда Porsche стратегик танлов олдида турибди. Вариантлардан бири GT3 учун аввал ишлатилмаган турбокомпрессорга ўтишдир.
Бошқа йўл эса хусусиятларни сақлаб қолган ҳолда зарарли газларни камайтириш учун гибрид тизимни қўшиш ҳисобланади.
Компания турли бозорлар учун алоҳида версиялар ишлаб чиқишни режалаштирмаяпти. Европа Иттифоқининг 2030 йилгача эмиссияларни камайтириш мақсадлари ҳисобга олинса, модель конструксиясидаги ўзгаришлар муқаррар бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!