Мбаппе «Реал»да ёлғиз қолди, зиддиятлар кучаймоқда...

Мадриднинг Real Madrid клубида ички муҳит тобора таранглашиб бормоқда. Жамоанинг асосий юлдузларидан бири Килиан Мбаппе айрим жамоадошларининг муносабати ва ҳаракатларидан қаттиқ норози экани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда таниқли журналист François Gallardo ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Манбага кўра, энг катта муаммо Мбаппе ва Винисиус Жуниор ўртасидаги муносабатларда кузатилмоқда. Икки юлдуз ўртасидаги зиддият ҳақида Испания оммавий ахборот воситалари аввал ҳам ёзган эди. Энди эса бу қарама-қаршилик янада кескинлашгани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, Килиан Мбаппе ўзини жамоада тўлиқ қўллаб-қувватланаётгандек ҳис қилмаяпти. Айниқса, майдон ичида ва ташқарисида айрим футболчилар билан муносабатлар совуқлашгани француз ҳужумчисининг кайфиятига таъсир ўтказмоқда.
Футбол таҳлилчиларининг таъкидлашича, Мбаппенинг ишларини юритаётган онаси Fayza Lamari ҳам вазиятдан жиддий хавотирда. Ҳатто у “Реал” раҳбарияти олдига кескин талаб қўйиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалмоқда. Хабарларга қараганда, Файза Ламари клубдан келажакда ё ўғлини, ёки Винисиус Жуниорни асосий лойиҳа сифатида танлашни сўраши мумкин.
Шу билан бирга, Мбаппенинг индивидуал статистикаси ҳали ҳам ҳайратланарли даражада юқори бўлиб қолмоқда. Франциялик суперюлдуз жорий мавсумда Real Madrid сафида 41 та учрашувда майдонга тушиб, 41 та гол муаллифига айланди. У ҳам Ла Лигада, ҳам Чемпионлар лигасида жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди.
Бироқ Мбаппенинг юқори натижаларига қарамасдан, мадридликлар бу мавсумни йирик совринларсиз якунлаши деярли аниқ бўлиб улгурди. Бу ҳолат эса клуб атрофидаги босимни янада кучайтирмоқда.
Мухлислар орасида эса битта асосий савол долзарб бўлиб қолмоқда: Real Madrid келажакни қайси юлдуз атрофида қурмоқчи — Килиан Мбаппе атрофидами ёки Винисиус Жуниор атрофида? Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб йўқ, аммо клуб ичидаги вазият тобора қизиб бораётгани сезилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!