«Манчестер Сити»да хавфли инқироз бошланди, деди Каррагер...

Англия футболида ўзининг кескин ва очиқ фикрлари билан танилган собиқ футболчи, ҳозирда эса машҳур эксперт сифатида ишлаётган Жеймс Каррагер “Манчестер Сити”нинг “Эвертон”га қарши намойишидан қаттиқ норози бўлди. У айниқса жамоанинг ҳимоя чизиғидаги муаммоларни жиддий танқид қилиб, бу ҳолат чемпионликка мос эмаслигини таъкидлади.
Каррагернинг фикрича, “шаҳарликлар”нинг ҳозирги ўйини аввалги мавсумлардаги ишончли ва босимни назорат қила оладиган “Сити”дан мутлақо фарқ қилмоқда. Эксперт ҳимоячилар ҳаракатидаги иккиланиш ва ишончсизлик бутун жамоанинг барқарорлигига салбий таъсир ўтказаётганини айтди.
— “Манчестер Сити”дан нимани кўрдим? Бу чемпионликка олиб борадиган ҳимоя эмас. Бу — ҳақиқий саросима. Бундай даражада Марк Гехи каби футболчи рақибга бунақа пас бермаслиги керак. Бу оддий хато эмас, бу рақибга тайёр совға топшириш билан баробар. Сен амалда ўйинни ўзинг рақибга бериб қўяпсан”, — деди Каррагер.
Собиқ ҳимоячи баҳс давомида ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов иштирок этган вазиятга ҳам алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, гол билан якунланган эпизодда Ҳусановнинг ҳаракатларида ҳам босим таъсири яққол кўринган.
— “Ўша вазиятда Абдуқодир Ҳусановга қаранг: иккиланиш, позицияни нотўғри танлаш — буларнинг барчаси руҳий босим натижасида юзага келадиган ҳолатлар. Илгариги “Сити” рақибни тўп назорати билан бўғиб ташларди. Ҳозир эса назорат йўқ, ишонч йўқ, ҳимоячилар эса иккиланмоқда. Агар орқа чизиқда хавотир пайдо бўлса, бутун жамоа пароканда бўла бошлайди”, — дея фикр билдирди эксперт.
Каррагернинг айтишича, чемпионлик учун курашаётган жамоа қисқа босим остида ҳам ўзини йўқотмаслиги шарт. У “Эвертон”нинг қисқа муддатли прессинги “Сити”ни қийин аҳволга солиб қўйганини мисол қилиб келтирди.
— “Агар сен чемпион бўлишни истасанг, рақибнинг 10 сониялик босимида парчаланиб кетмаслигинг керак. Илгари жамоалар Пеп Гвардиоладан қўрқарди. Ҳозир эса аксинча — унинг жамоасини нишон сифатида кўра бошлашди. Агар шу ҳолат давом этса, нафақат чемпионлик, ҳатто совринли ўринлар учун кураш ҳам мураккаблашади”, — деди Каррагер.
Айни пайтда “Манчестер Сити” атрофидаги муҳокамалар янада қизимоқда. Мухлислар эса жамоа тезроқ аввалги ишончли ўйинига қайтишини умид қилмоқда. Айниқса, Абдуқодир Ҳусановнинг ҳар бир ҳаракати ўзбек футбол ишқибозлари томонидан катта қизиқиш билан кузатилаётгани сир эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!