Фото: BBC / Сара Рейнсфорд
Украина армияси Херсон областига зарба ортидан зарба бериб, қарши ҳужумга тайёргарлик кўраётган паллада, фронтнинг нариги томонида уларга яна бир кўринмас куч – партизанлар армияси, душман ортида ҳаракат қилаётган агентлар ва информаторлар тармоғи ёрдам бермоқда.
BBC мухбири Украина қаршилик кучлари жангчилари билан учрашиш учун Херсонга энг яқин ва Украина назорати остидаги йирик шаҳар Миколайивга борди. Бу шаҳар жанубий фронтдаги қаршилик ҳаракатининг деярли штаб-квартирасига айланди.
Текширув пунктларидан ўтаётганда катта реклама биллбордига кўз тушади. Унда ёпинғич кийган ва юзи яширинган шахс тасвири ва: «Херсон. Рух опору (Қаршилик кучлари): партизанлар ҳамма нарсани кўриб турибди», ёзуви бор.
Плакат рус босқинчиларини асабийлаштириш ва уларнинг ҳукмронлиги остида қолганларга маънавий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган.
«Рух опору» шунчаки битта гуруҳ эмас... Бу жуда катта... Тотал қаршилик», деб таъкидлайди олдимдаги одам. Келинг, уни Саша деб атаймиз. У ўзини танитмаслик учун қора ниқоб тақиб олган. У билан суҳбатлашаётган хонани тасвирлаб бера олмайман, чунки бу одамлар ошкор бўлмасликни хоҳлайди.
Урушдан бироз олдин Украина ҳукумати қаршилик ҳаракатини ташкил этиш ва бошқариш учун махсус кучларни тайёрлаган эди. Расмийлар ҳатто бўлажак партизанлар учун йўриқномалар ҳам чоп этишди. Унда босқинчиларнинг машиналари ғилдирагини қандай кесиш, бензин бакларига шакар сепиш ёки иш пайтида буйруғини бажармаслик йўллари кўрсатилган. Масалан, кўрсатмалардан бирида: «Мижғов бўл», дейилади.
Аммо Сашанинг жамоаси бошқа иш билан шуғулланмоқда: улар Херсондаги рус қўшинларининг ҳаракатини кузатиб боришади.
«Фараз қилайлик, кеча биз янги нишонни пайқадик ва уни ҳарбийларга жўнатдик. Бир-икки кундан кейин бу нишон йўқ бўлади... Мана шундай яшаяпмиз», дейди Саша қўшни минтақадан олинган турли видеоларни кўрсатиб.
«Колонна келяпти... Қаранг... У ерда босқинчилар базаси бўлиши мумкин. Кимдир машинада кетяпти ва колоннани видеога оляпти. Шу орқали у ерда қандай техника борлигини билиб оламиз», дея изоҳ беради у.
Саша ўз агентларини «ғалабадан умидини йўқотмаган ва мамлакат озод бўлишини истайдиган» украиналиклар деб таърифлайди.
«Албатта, қўрқув бор, - деб тан олади Саша, - лекин ватанга хизмат бурчи ундан устун».
Саша билан бирга бошқа гуруҳ ҳам иш олиб бормоқда. Улар фронт чизиғи бўйлаб дронлар учиришади ва ҳарбий нишонларни кузатишади. Гуруҳ иштирокчилари оддий кўнгиллилар, ҳарбийлар эмас. Улар қиммат техникаларни харид қилиш учун ижтимоий тармоқлар орқали пул йиғишади. Гуруҳ қўмондони Сергей урушдан олдин манзарали ўсимликларни етиштирган. Бироқ рус истилоси даврида Бучада ўлдирилган тинч аҳоли жасадларини кўриб, жанубий фронтда жангга киришга қарор қилган.
«Руҳий ҳолатим уйда қолишимга имкон бермади. Чунки уруш давом этаётганда нима ҳақида ўйлашим мумкинлиги ёки нима қилишим мумкинлигини тушунмай қолдим», дейди Сергей.
У танлаган йўл ниҳоятда хавфли. Унинг тўрт кишидан иборат гуруҳи ҳар сафар топшириққа йўл олганида рус қўшинлари томонидан ўққа тутилади, аммо ҳозирча қурбонлар йўқ.
«Баъзан топшириқни бажариш пайтида тинч бўлади, аммо ортга қайтаётганимизда ўққа тутишади, - дея Сергей елкасини қисиб, табассум қилади. - Тушунаман, бу эртами-кечми содир бўлиши мумкин, лекин бунга қарши ҳеч нарса қилолмайман. Яхшиси бу ҳақда ўйламаган маъқул. Агар ҳалок бўлсам, бу бежиз эмаслигини, мақсадга эришиш йўлида бўлганини тушунаман».
Сергей Бучадаги қотилликлардан кейин жанубдаги қаршилик ҳаракатига қўшилган. Фото: BBC / Сара Рейнсфорд
Партизанлар Херсоннинг рус қўшинлари истилоси остида доимий қолмаслиги ва Москва ўтказишга тайёрланаётган референдумга халақит бериш учун курашмоқда.
Россия аллақачон бу ҳудудда рублни жорий қилди ва ўзининг мобил алоқасини йўлга қўйди, шу билан бирга украиналикларни Россия давлат телеканаллари ташвиқоти билан «суғормоқда». Маҳаллий журналистлар ё қочиб кетишган ёки яширинган.
Херсон области маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Дмитро Бутрий ҳозир Миколайивда, қум қоплари билан ўралган кичик офисда ишлаяпти.
«Бир нарсани аниқ айта оламан: бу референдум барибир сохта бўлади, ҳеч ким Россияга овоз бермайди, менга ишонинг», - дейди Бутрий.
«Ҳа, улар зўравонлик, қийноқлар, таҳдидлар, рублни киритиш орқали референдум ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Номигагина қандайдир банк очиб олишган, у ҳам фақат босиб олинган ҳудудларда ишлайди. Лекин бу саҳналаштирилган. Менимча, улар муваффақиятга эриша олмайди», дея қўшимча қилади у. Бироқ, ҳозир бу Москвани хавотирга солаётгани даргумон.
Минтақа раҳбари в.б ҳисобланган Дмитро Бутрий Миколайивга кўчиб ўтган, у Херсоннинг Россияга қўшилиши бўйича референдум сохтакорликдан иборат бўлишини айтади. Фото: BBC / Сара Рейнсфорд
Россия учун Херсон области стратегик минтақа, 2014 йилда ноқонуний аннексия қилинган Қрим учун сув манбайи ҳисобланади. Бу ҳудуд орқали Россиядан яриморолга қуруқликдан йўлак ўтади.
Херсонликларнинг баъзилари Россия томонига ўтиб, унга ёрдам беришмоқда. Шу сабабли, Саша жамоаси инсайдер маълумотларига асосланган ҳолда бундай «коллаборантлар» базасини юритяпти.
«Кейинчалик улардан ҳеч бири «партизанлар билан бирга эдик» демаслиги учун», деб тушунтиради Саша.
Аммо бу маълумотлардан қўрқитиш мақсадида ҳам фойдаланилади. Душман томонга ўтиб олганларнинг уйларига таҳдидли варақалар, масалан, тобут фонида одамнинг сурати ёки боши учун мукофот ваъда қилингани ва «Қидирилмоқда» сўзи ёзилган варақалар ёпиштирилади. Фаоллар бу варақаларни суратга олиб, Сашага юборишади.
«Деворларга «Референдумга йўл йўқ» каби ёки шунга ўхшаш граффити чизилмоқда, дейди Саша унга келган хабарлар ҳақида. «Жуда кўп варақалар тарқатилмоқда. Бундан жасур одамлар қанчалик кўп эканини англаш мумкин. Тушуняпсизми? Шаҳарда, ҳар қадамда камералар, патрул... Одам принтерни топиб, варақаларни чоп этиши, кўчада юриб, ёпиштириши керак. Патрул исталган вақтда тўхтатиб, текшириши, бу ҳаракатлар инсон учун ҳалокатли тугаши мумкин. Бу одамлар нафақат варақа ёпиштирмоқда, балки, видеолавҳа олиб, бизга жўнатмоқда».
Россия тарафга ўтиб кетганларга бир қатор суиқасдлар уюштирилди – бир блогер отиб ташланди, Россия томонидан ташкил этилган маъмурият амалдорлари ўлдирилди, бошқалари бомба ўрнатилган автомобил портлаши оқибатида яраланди. Энг юқори мартабали «коллаборантлар» эса жамоат жойларида зирҳли жилет кийиб юра бошладилар.
Партизанлар бу суиқасдларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтишди, аммо уларга ҳеч ким ҳамдард эмас.
«Хоин ва ифлос сўзларидан бошқа ҳеч нарса хаёлимга келмайди. Биз уйимизни ташлаб, урушга кетдик. Улар эса шунчаки бошқа томонни танлашди. Улар бизнинг бугунги душманларимиз», - дейди Саша.
«Улар ўз ҳаётини танладилар. Суиқасд? Хўш, унда нима қилиш керак?» - дейди исми-шарифи сир қолишини истаган партизанлардан бири. «Демак уларнинг тақдири шундай. Улар онгли равишда қарор қабул қилишган. Уларга қарши қандайдир усуллар билан курашиш керак-ку. Энди улар қўрқишсин. Коллаборантлар. Барибир биз ғалаба қозонамиз ва Украина ўз чегараларига қайтади».
--------------
Владимир Путиннинг айтишича, Россия Украинани озод қилиш учун бостириб кирган. Аммо Херсонда руслар зўравонлик ва таҳдид билан ҳукмронлик қилмоқда.
Март ойида Россия минтақани босиб олганидан бери, юзлаб одамлар ҳибсга олинган, кўплари қийноқларга учраган, баъзилари ғойиб бўлган ва ҳафталар давомида алоқага чиқмаган. Баъзилари ўлик ҳолда топилган ёки мурдаси қопга солинган ҳолда қариндошларига қайтарилган.
Шаҳар ичидаги манбаларга кўра, ҳарбийлар автобусларни тўхтатиб, йўловчиларни тинтув қилишмоқда. Мессенжердаги хабар ёки телефондаги сурат каби Украина кучларини қўллаб-қувватлашга қаратилган оддий ишора ҳам ҳибсга олиб келиши мумкин.
Олег ҳар гал кўзгу олдида жилмайиб қўйганида, оғзидаги чандиқлар россиялик терговчиларнинг сўроқ пайтидаги калтакларини эслатади. Олегнинг сўзларига кўра, улар нафақат тишларини, балки еттита қовурғасини ҳам синдиришган, улардан учтаси ҳали битмаган. Аслида унинг исми Олег эмас, лекин кимлигини ошкор қилмасликни сўради.
Олег бошқа маҳбус Денис Мироновнинг қийноққа солинишига гувоҳ бўлган. У ҳибсда вафот этган.
Денис Миронов. Фото: Оилавий архив
Олег қийноқлар ҳақида гапирар экан, одамнинг юраги эзилиб кетади. 27 март куни у билан Денисни кўчада ушлашади ва бир неча соат давомида калтаклашади. Шунингдек, электр токи билан азоблашади. Уларни бўғиб, ўлим билан таҳдид қилишади. Олег сўроқни ФХХ ходимлари ўтказганига амин. У қийноқларга чидамасдан, қўриқчига ҳужум қилишни режалаштирганини, дарҳол отиб ўлдиришларини ҳам ўйлаганини тан олади.
«Улар кал бўлганим учун мени азоблашди. Уларнинг наздида кал – нацист экан. Кийимимда Симпсонлар расмини кўриб, «Америка агентимисан» деб калтаклашди», дейди Олег.
Ҳибсга олинишидан бир ой олдин, Россия Украинага бостириб кирганида, Денис ва Олег ҳудудий мудофаанинг кўнгиллилар отрядига қўшилишди. Аммо биринчи портлашлардан кейин кўплаб ҳарбийлар қочиб кетишди. Херсонда қолганлар эса тезда мағлуб бўлишди. Шундан кейин, иккаласи ҳам босиб олинган ҳудуд ичидан рус қўшинларига қарши курашувчи партизан бўлишди.
«Биз уларнинг позицияси, жойлашуви ҳақида маълумот тўплар эдик. Улар қаерда, сони қанча, қаерга ҳаракат қилмоқда, шу ҳақдаги маълумотларни узатганмиз», дейди Олег.
Партизанлардан бири қуршовга тушган украиналик ҳарбийларга Днепр бўйлаб қайиқларда қочиб кетишга ёрдамлашганини ва руслардан қурол ўғирлаганини айтиб берди. Кўпроқ маълумот сўраганимда, у кулди: «Қандай қилиб ёрдам берганимни айтолмайман. Яхшиси, кейинроқ, ғалаба қозонганимизда учрашамиз!».
43 ёшли Дениснинг хотини бева, ўғли етим қолди. Урушдан олдин у мева ва сабзавотлар билан савдо қилган. Партизан бўлгач, «Хлеб» ёзувли фургонда Херсон атрофида озиқ-овқат тарқатган. Шу билан бирга истилочилар тўғрисида маълумот тўплаган. Шунингдек, Олег билан биргаликда улар Украина армияси қайтишини, Херсоннинг озод қилинишини кутиб, қурол-яроғ йиғишган. Бироқ улар ҳибсга олиниб, қийноққа солинган.
Мен ФХХ билан боғланиб, нима воқеа юз бергани тўғрисида маълумот сўрадим. Лекин улар жавоб беришмади.
Олег ҳибсга олингандан сўнг, Денисни фақат ярим тунда кўрганини, бу вақтга келиб у оёғида зўрға турганини, қийналиб нафас олаётганини айтди. Шунга қарамай, терговчилар уни калтаклашда давом этган.
«Унинги жағига, юзига бир неча марта уришди. У йиқилиб тушди. Икки киши уни таёқ билан калтаклади. Буйраклари, бели, оёқларига уришди. Унда катта гематомалар пайдо бўлди. Ҳаммаси кўз ўнгимда содир бўлди», деб эслайди Олег. «Аммо бу ўлимга олиб келадиган жароҳатлар эмасди, агар ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилса, ўлимининг олдини олиш мумкин эди ... У яна бир ой азоб чекди».
18 апрел куни эркаклар Қримга олиб кетилди ва Денис ҳарбий госпиталга ётқизилди. Олег унинг тузалиб кетишига амин эди. Аммо бир ой ўтгач, Денис Мироновнинг оиласи унинг ўлими ҳақида хабар олди. Ўликларни алмаштириш жараёнида унинг жасади Украинага қайтарилди.
---------
Руслар Херсонни эгаллаб олгач, аҳолининг кўпчилиги шаҳарни тарк этди. Яқинда Украина расмийлари қолганларни ҳам эвакуация қилишга чақириб, яқинлашиб келаётган қарши ҳужумдан огоҳлантиришди. Аммо бу ердан чиқиб кетиш унчалик осон эмас.
Россия кучлари фронт чизиғини кесиб ўтувчи машиналар сонини чеклаб қўйишган ва Украина назорати остидаги Запорижжяга олиб борувчи битта йўлни қолдиришган. Йўлдаги кўплаб назорат пунктлари ҳарбий чақирув ёшидаги украиналик эркакларнинг ҳудудни тарк этишига имкон бермайди.
Ҳатто аёллар ва болалар эвакуация автобусларидан жой олиш учун ҳафталаб кутишади ёки шахсий автомашинада кетиш учун катта пул тўлашга мажбур бўлишади.
Бироқ, ҳар куни юзлаб одамлар қочмоқда. Биз кечки пайт автобусда етиб келган қочқинларни кўрдик. Тақсимлаш пункти олдидаги тураргоҳда қочқинлар полиция томонидан текширилгандан сўнг, кўнгиллилар уларга озиқ-овқат ва кийим-кечак таклиф қиладилар, баъзилари эса қариндошлари томонидан кўз ёши билан кутиб олинади.
Херсонликлар Запорижжяга йўл олмоқда. Фото: BBC / Сара Рейнсфорд
Биз Херсонга бора олмаймиз, чунки у ишғол қилинган. Аммо қочқинларнинг кайфияти у ерда ҳаёт қандай кечаётганини аниқ кўрсатиб турибди. Ҳатто Украина назорати остидаги ҳудудга келган одамлар ҳам ортиқча гапириб қўйишдан қўрқишади.
Тасвирга олишимдан олдин баъзилар: «Руслар буни томоша қиладими?», деб ҳадиксираб сўрашади. Баъзилар бошини сарак қилиб, микрофондан юз ўгиришади.
«Оғир. Улар [Россия қўшинлари] ҳамма жойни эгаллаган...», дейди Александра машининг орқа ўриндиғида кичкина Настяни ухлатишга уриниб.
Иккита катта сумка билан турган кекса аёл кўз ёшларини зўрға тияди ва асаблари чидамасдан Херсондан қочиб чиққани, эри эса кетишдан бош тортганини айтади.
«У Украина қуролли кучлари келиб, бизни озод қилишини айтди», - дейди Светлана.
Тун яқинлашмоқда, аммо машиналар оқими тўхтамаяпти. Эркаклардан бири оиласи билан Херсондан фақат ракета зарбаларидан қўрқиб, қочиб чиқмаган.
«Одамлар йўқолиб қоляпти... Бу ҳақиқат. Херсонда ҳеч ким кечқурун кўчага чиқмайди».
Қаршилик ҳаракати плакатида шундай ёзув битилган: «Запорижжя - босқинчилар учун ўлим маскани»
Фото: BBC / Сара Рейнсфорд
Сўнгги кунларда жанубий фронтда ҳар иккала томондан ўққа тутилиш хавфи кучайган.
Миколайивда соат 4 лардаги портлашлар билан тонг отади: бу ердан босиб олинган ҳудудлар жуда яқин. Биринчи ракета зарбасидан кейин ҳаво ҳужуми сиреналари янграйди.
Бир куни эрталаб меҳмонхона ертўласида яшириниб ўтирганимда, шаҳарда камида 20 та портлаш содир бўлганини санадим. Баъзилари шу қадар яқин эдики, ҳатто бино ларзага келди. Комендантлик соати тугагач, биз яқин атрофдаги мактабни вайронага айланган ҳолда топдик, ўйин майдончасидаги арғимчоқлар чанг қатлами билан қопланган эди.
Миколайив област маъмуриятининг вайрон бўлган биноси. Фото: BBC / Сара Рейнсфорд
Украина кучларининг ҳужумлари ҳам кўпайди – ҳам сон, ҳам қудрат жиҳатидан. Ғарбнинг минтақага етказиб бераётган қуроллари вазиятни ўзгартирмоқда.
Херсон аҳолиси аллақачон Россиянинг ўқ-дори омборлари бир неча марта зарбага учраганини сезишди. Шунингдек, таъминот каналларини тўсиб қўйиш учун Днепр бўйидаги кўприкларга, шу жумладан Антоновга ҳам зарба берилган. Эҳтимол, Херсонга қарши ҳужум яқинлашаётган бўлиши мумкин.
Шаҳарда қолганларнинг кўпчилиги жангга тайёр, деб ҳисобламоқда Саша. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда рус ҳарбийларини жуда кам одам қўллаб-қувватлаяпти. Сўнгги ойлардаги тинтувлар, ҳибслар ва калтаклардан сўнг, уларнинг сони кескин камайган.
«Украина армияси қарши ҳужумга ўтганда, одамлар бунга тайёр бўлади ва ёрдам беради», - деб хулоса қилади у.
Олег асирликда бошидан кечирган азоблардан сўнг, ўз шаҳри учун жанг қилиш мақсадида жанубий фронтга қайтиб, партизанларга қўшилган.
«Ҳудудни эгаллаш мумкин, лекин халқни қўлга киритишнинг иложи йўқ», дейди у. «Бу ерда руслар ўзини ҳеч қачон хавфсиз ҳис қилмайди. Чунки халқ уларни кутмайди, халқ уларни хоҳламайди. Халқ уларни ёқтирмайди ва уларга бош эгмайди». Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?