
Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларда лифтлар ҳолати жиддий ташвиш уйғотмоқда. Саноат хавфсизлиги бўйича масъул идора ахборотига кўра, пойтахтда 37 минг 103 та лифтда турли даражадаги носозликлар аниқланган, деб хабар берди Kun.uz.
Матбуот анжуманида сўзга чиққан Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси шаҳар бошқармаси раҳбари Олимжон Жўраев маълумот беришича, жорий йил бошидан буён 121 та назорат ва 10 мингдан ортиқ профилактик текширувлар ўтказилган. Натижада 1 100 дан зиёд қонунбузарлик ҳолати қайд этилган ва 135 нафар масъул шахсга маъмурий чоралар кўрилган.
Шунингдек, у Чилонзордаги “Do‘mbirobod City” қурилиш майдонида сентябрь ойида содир бўлган кран ҳалокати ҳақида ҳам эслатди. Унга кўра, ҳодиса натижасида бир киши ҳалок бўлган, икки киши оғир жароҳат олган. Терговдан сўнг келгусида бундай фожиаларни олдини олиш бўйича чоралар кўрилган.
Айни пайтда Тошкентда 74 та кран фақат расмий рухсатнома асосида фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, шаҳардаги 205 та ёқилғи қуйиш шохобчаси текширилиб, уларнинг деярли ярмида ҳужжатбоп камчиликлар аниқланган — 41 таси идентификация қилинмаган, 78 тасида лойиҳа экспертизаси ўтмаган, 147 тасида эса техник хулоса йўқ.
Матбуот анжуманида Тошкентдаги 17 та маданият ва истироҳат боғидаги 263 та аттракцион ҳам текширилгани айтилди. Улардан 45 тасида техник паспорт, 23 тасида эса хавфсиз хизмат кўрсатиш бўйича расмий ҳужжат мавжуд эмаслиги аниқланган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, пойтахт инфратузилмасидаги бундай камчиликлар аҳолининг кундалик хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис, назорат тадбирлари йил охиригача давом эттирилиши ва ҳар бир объект бўйича аниқ чоралар кўрилиши белгиланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!