date

Ўзбекистон U-19 чемпионати Осиёда йилнинг энг яхшиси деб топилди

Ўзбекистон U-19 чемпионати Осиёда йилнинг энг яхшиси деб топилди

Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтказилаётган Grassroot конференцияси арафасида Осиё футбол конфедерацияси (AFC) томонидан AFC Special Elite Youth Football Awards 2025 маросими бўлиб ўтди. Бу нуфузли тадбирда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) томонидан ташкил этиб келинаётган U-19 чемпионати йилнинг энг яхши ёшлар лигаси сифатида тан олинди, деб хабар берди ПФЛ матбуот хизмати.

Маросимда мукофотни ОФК бош котиби ўринбосари Шин Ман Гил тантанали равишда Лиганинг мусобақаларни ташкил этиш бўлими бош мутахассиси ва U-19 чемпионати менежери Қудратбек Мадраимовга топширди. Совринни топшириш чоғида айниқса бир жиҳатга урғу берилди — бугун Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон U-17 терма жамоаси сафидаги кўплаб футболчилар айнан шу мусобақа орқали шаклланган.

Бу AFC томонидан ёшлар футболи соҳасидаги энг юқори эътирофлардан бири бўлиб, уни қўлга киритиш учун бир қатор мезонлар асосида баҳолаш ўтказилди. Улар қаторида мусобақа ташкилотчилиги, йил давомида ўтказилган учрашувлар сони, инфратузилма даражаси, ҳакамлик сифати, мураббийлар малакаси ва энг муҳими — сўнгги йилларда чемпионатдан етишиб чиққан профессионал футболчилар сони каби кўрсаткичлар бўлди.

Юқоридаги мезонлар бўйича Ўзбекистон U-19 чемпионати Осиёда тенгсиз деб топилди. Таъкидланишича, бу мусобақа нафaқат футболчиларни ривожлантириш, балки мамлакатда замонавий футбол тизимини яратишда ҳам катта аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, маросимда таъкидланди — сўнгги икки йил мобайнида бу соврин Япониянинг турли ёш тоифасидаги лигаларига насиб этган эди. Аммо 2025 йилда бу эътироф илк бор Ўзбекистонга йўл олди. Бу нафақат ёшлар мусобақасига, балки бутун миллий футбол тизимига бўлган ишонч ва ҳурмат рамзи сифатида баҳоланди.

Айни кунларда U-19 чемпионатининг плей-офф босқичи Тошкентда қизғин давом этмоқда. Учрашувлар “Жар” стадионининг захира майдонида ўтказилаётган бўлса, финал баҳси стадионнинг асосий майдонида бўлиб ўтади. Мусобақа ПФЛнинг замонавий кўчма телевизион станцияси орқали Лиганинг расмий YouTube саҳифасида жонли эфирда намойиш этилмоқда.

Футбол экспертлари фикрича, бу ғалаба нафақат спорт ютуғи, балки Ўзбекистондаги ёшлар футболи тизимининг самарадорлигини ҳам тасдиқлайди. Мамлакатда сўнгги йилларда ёшлар учун яратилган шароитлар, мутахассислар малакасининг ошиши ва лойиҳаларнинг тизимли йўлга қўйилиши натижасида бугунги кунда юртимиз футболчилиги янги босқичга кўтарилмоқда.

Ўзбекистон ПФЛ ва U-19 чемпионатининг бу муваффақияти нафақат ёшлар мураббийлари, балки минглаб ёш футболчилар учун ҳам илҳом манбаи бўлди. Улар учун бу мукофот — меҳнатнинг, интизомнинг ва ватанга садоқатнинг энг юқори баҳоси сифатида ёдда қолади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон U-19 чемпионати Осиёда йилнинг энг яхшиси деб топилди