
Покистон пойтахти Исломободда фожиали ҳодиса рўй берди — шаҳар суд биноси ҳудудида содир бўлган кучли портлаш натижасида камида 6 киши ҳалок бўлди, яна 12 киши турли даражадаги жароҳатлар олди. Бу ҳақда маҳаллий полиция бошқармаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, портлашдан сўнг тез ёрдам ва қутқарув хизматлари зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Жабрланувчилар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган.
Ҳозирда хавфсизлик кучлари ҳудудни тўлиқ ёпиб, портлаш сабабларини аниқлаш билан шуғулланмоқда. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, портлаш суд биноси ёнида тўхтаб турган автомобилда содир бўлган бўлиши мумкин.
Samaa TV телеканали бу маълумотни тасдиқлаб, портлашнинг манбаи ҳақиқатан ҳам суд ҳудудида турган транспорт воситаси бўлганини маълум қилди.
Шу билан бирга, Geo TV манбалари ҳодисани террорист амалга оширган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Покистон ҳукумати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тергов ҳаракатларини бошлаб, воқеа сабабларини аниқлаш учун махсус комиссия тузган.
Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳодисага жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!