1941-1945 йиллар урушининг бехосдан бошланиши ва кечиши совет халқи учун кўп сабабларга кўра фожеавий бўлди. Бу сабаблар ҳақида ўз ўрнида батафсил тўхталамиз. Ҳозир эса сабабларнинг бири ҳақида тўхталмоқ жоиздир, чунки бу ҳақда шу пайтгача совет тарихчилари ҳам, немис тарихчилари ҳам сўзламай келдилар, айтишни истамадилар. Фақат Кремл салтанатининг қулаши халқларни мустақилликка чиқариш баробарида айрим тарихий ҳужжатларни ҳам махфий архивлардан «озодлик»ка чиқарди.
Аён бўлган бир аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, Иккинчи Жаҳон урушида совет халқининг ва дунёнинг бошига тушган фашизм қиличи 1917-1941 йиллар давомида… СССРда чархланган эди! Ю.Дьяков ва Т.Бушуеванинг «Фашистский меч коловался в СССР» китобида, «Скрытая правда войны. 1941 год» тўпламида, шунингдек, айрим оммавий ахборот воситаларининг чиқишларида масаланинг бу қиррасига ҳам бир қадар ойдинлик киритилди. Маълум бўлдики, СССР уруш олдидан Олмония фашизмининг ҳарбий қудрати ошишига катта ҳисса қўшган.
ХХ аср бошидаги Биринчи Жаҳон урушини якунлаган Версал шартномасига кўра Олмония давлати ҳеч қачон ўз авиациясига, сувости флотига, катта ўқўтмас кемаларига эга бўлиши мумкин эмасди. Немис халқига Биринчи Жаҳон урушини бошлаган ва унда енгилган халқ сифатида яна қачондир уруш бошламасликлари учун бундан буён самолётлар ва ҳаво шарлари, броневиклар ва танклар, кимёвий қуроллар ишлаб чиқариш ҳам ман қилинган эди… Ўша пайтдаёқ немисларнинг маблағи ва пули ёрдамида Россияга келиб қўпорувчилик тўнтариши қилган В.И.Ленин Олмонияни ҳимоя қилиб чиққан эди.
Мана унинг сўзлари: «Версал шартномаси нима ўзи? Бу мисли кўрилмаган қароқчиларча муроса… Бу муроса эмас, пичоқ тутган қароқчиларнинг ҳимоясиз бечора қурбонларига зуғумли шартларидир». Биринчи Жаҳон урушини бошлаб, дунё бошига кўп кулфатлар келтирган Олмонияга жазо сифатида қўйилган бу тақиқлар унинг ҳарбий қудратини бошқа оширмаслик, геополитик иштаҳаларини уйғотмаслик учун қўйилган эди. Бу чораларга риоя қилинганда, Иккинчи жаҳон уруши бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Олмония Совет Иттифоқи мадади билан бу таъқиқларни бузди. Иккинчи Жаҳон урушини бошлаган фашизм ҳарбий қудратининг ибтидоси Лениннинг юқоридаги сўзларига келиб қадалади. Ленин - халқларнинг тақдирини сиёсий ўйинларга тиккан қиморбоз - фашизмнинг юзага келишида ҳам айбдордир.
Лениннинг Версал шартномасига берган «баҳоси»га кўра ўз ҳудудида қурол-аслаҳа ишлаб чиқариши ман қилинган «бечора қурбон» - Олмония энди СССР ҳудудида қурол ясай бошлади, оддий пичоқ эмас, қудратли ҳарбий гурзи қуя бошлади, кучая-кучая охири Иккинчи жаҳон урушини бошлади.
Владимир Ленин деган қўпорувчининг Олмония билан, немис ҳукумати билан муносабати ХХ аср жаҳон тарихида катта ўрин тутади, халқлар учун эса жуда қимматга тушади, унинг асоратлари ҳали-вери одамлар онгида тугайдиган эмас.
Бугун эълон қилинган ва оммага ошкор бўлаётган ҳужжатларга кўра, Лениннинг большевистик партиясини кайзер Олмонияси доимий маблағ билан таъминлаб турган. Ахир, Ленин қандай қилиб айғоқчиларга тўла Оврўпода газеталар чиқарарди?! Турли паспортлар билан бемалол давлатма-давлат кезарди?! Унинг шоҳона яшаши, нашриётлар очиши, адабиётлар чоп этишига керак бўладиган катта маблағлар қайси ҳисобдан келган? Унинг ҳомийлари кимлар, қайси юксак саройлар?! Бу саволлар кишини ўйлантириб келарди.
Маълум бўлишича, Россия империяси билан уруш ҳолатида бўлган давлатлар, умуман ўрис шоҳларининг уч юз йиллик босқинчиликлари эвазига кенгайиб кетган ўрис империясининг салобатидан ҳайиқиб турган ғарб мамлакатлари уни кучсизлантиришга интилардилар. Ленин ана шулар билан тил топишади, Россиянинг, ўрис халқининг «доҳийси» Ленин Россиянинг ғанимлари берган пулга инқилоб қилган эди. Чор ҳукумати билан урушаётган кайзер Олмонияси ҳам Николай подшони заифлаштириш ва йиқитишдан, урушда енгиб чиқишдан манфаатдор эди. Шунинг учун Оврўпо ҳукуматлари Россиядаги инқилобий ҳаракатларни гиж-гижладилар, Ленин большевикларининг ҳокимиятга келишига кўмаклашадилар.
Ўша пайтда қувонган ғарб ҳукмдорлари кейинчалик совет фашизмининг 70-йиллик «фаолияти»дан тавбаларига таяндилар, албатта.
Қўпорувчи Лениннинг инқилобий ҳаракатларни амалга ошириш учун немис ҳукумати ташқи ишлар департаментидан кўп миқдорда пуллар олгани ҳақидаги ҳужжатлар бугун топилган. У пулларнинг миқдорлари ҳам маълум. Амалиётчи немислар пул бераётиб, ҳар гал ҳужжатлаштириб қўйганлар. 1917 йилги Октябр тўнтариши ҳам немислар томонидан таъминланган эди (Кейинчалик, ҳали изланишлар давомида бойлардан мусодара қилинган бойликлар, музейлардаги ноёб асарлар, «пролетариат мафкурасига ёт» деб халқаро аукционларда сотилган осори атиқалар, Хива, Бухоро каби хонликлардан қолган ёдгорликлар ҳисобидан Ленин бу мабағларни қайтаргани ҳам маълум бўлади, албатта). Худди шу сабабли Ленин Версал шартномасидан ҳам норози бўлади.
Янада олдинроққа қайтсак, Олмония ва Россия ўртасидаги Биринчи Жаҳон уруши ҳақида В.И.Ленин РСДРПнинг 1914 йил 1 ноябрь Манифестида шундай ёзган эди: «Биз, ўрис социал-демократлари учун чоризм монархиясининг енгилиши, шубҳасиз, афзалроқ бўлар эди…». Нега ўрис социал-демократи Владимир Ленин ўз Россияси урушда енгилишини хоҳлаган?! Ленин енгилган давлатда инқилоб қилиш осон бўлишидан умид қилади, уни зимдан пул билан таъминлаганлар эса Россияни инқилобий қонхўрликка ботириб, кучсизлантиришни мақсад қилганлар. Шунинг учун марксизм Оврўпода юзага келган бўлса-да, марксизмга, инқилобларга Оврўпода йўл берилмади.
Тарихнинг жумбоқлари кўп. Биринчи Жаҳон уруши олдидан Ленин ва кайзер Олмонияси жиноий тил топишган бўлса, Иккинчи жаҳон уруши олдидан Сталин ва Гитлер тил топишдилар ва жиноий шартномалар туздилар.
Уруш ҳақидаги деярли ҳар бир совет фильми Левитаннинг салобатли овози билан ўқилган ҳукумат мурожаати матни билан бошланарди: «Немис фашист босқинчилари шартномаларни қўпол равишда бузиб, юртимизга бостириб кирдилар…» Ҳар бир мактаб дарслигида ҳам шу гап бор эди. Аммо бу «қўпол равишда бузилган шартномалар»нинг ўзи, айниқса уларга илова қилинган протоколлар халқдан сир тутиб келинди, ҳатто мутахассисларга ҳам кўрсатилмади.
Қонхўр сиёсатдонларнинг «тил топишувлари» натижасида Биринчи Жаҳон урушида ҳам, Иккинчи Жаҳон урушида ҳам халқлар жабр кўрдилар. Умуман, ҳокимиятнинг калтабинлиги, хатолари учун ҳамиша халқлар хун тўлаб келадилар. Ҳамиша «даҳолар»нинг уқувсизлиги элнинг шўридир. Ҳокимиятнинг шаклланишида халқнинг иштироки шу жиҳатдан ҳам муҳимдир ва демократик истиқболнинг узвий шартидир.
Большавойлар эса айнан урушқоқлардир, улар урушқоқликни «синфий кураш» деб атардилар, улар қурувчи эмас, қирувчи эдилар. Эсерларнинг йўлбошчиси Б.Савинков 1921 йилдаёқ Варшавада туриб, большавойларнинг мақсадини шундай шарҳлаган эди: «Коммунистлар нимани хоҳлайдилар? Улар, энг аввало, урушни истайдилар, зеро Деникин билан урушни тугатиб, поляклар ва Врангел билан урушни бошладилар, поляклар ва Врангел билан уруш тугагач, Гуржистон билан урушдилар, Полшага қарши янги урушга тайёрланмоқдалар… Шундай қилиб, коммунистлар тинчлик ўрнига – урушни, замин ўрнига – харобаликни, Таъсис мажлиси ўрнига «Чека»ни хоҳлайдилар». Совет империясининг етмиш йиллик тарихи эсерлар раҳнамосининг бу башоратини тўла тасдиқлади. СССРнинг сўнгги кунлари ҳам 1989 йилда Афғонистон уруши билан якунланди.
Англиянинг 20-йиллардаги премьер-министри Д.Ллойд Жорж ҳам ўшанда шундай ёзган эди: «Ҳозирги пайтда, менинг назаримда, энг катта хавф шундаки, Олмония ўз тақдирини большевиклар билан боғлаши ва ўзининг барча моддий ва ақлий бойликларини дунёни қурол билан большевизм учун босиб олишни мақсад қилган инқилобчи урушқоқлар хизматига бериши мумкин. Бундай хавф шунчаки бачканалик бўлиб туюлмаслиги керак». Кўриб турганимиздек, дунёнинг оқил шахслари 1920-30 йиллар давомида совет синфий фашизми ва немис ирқий фашизмига кўз-қулоқ бўлиб, хавотир билан қараганлар, мақсади босқинчилик бўлган бу икки империалистик давлатнинг топишувидан ташвишга тушганлар.
(давоми бор)
Карим Баҳриев
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади