20:25 / 28.08.2022
1 938

Украинлар Киев учун жангда қандай ғолиб чиққанди ва уларга қандай таклифлар бўлганди?

Украинлар Киев учун жангда қандай ғолиб чиққанди ва уларга қандай таклифлар бўлганди?
Русларнинг Мошчунда қолган техникаси. Фото: Global Images Ukraine
24 август куни — Россиянинг Украинага босқинига ярим йил тўлганида The Washington Post газетаси Украина армияси россияликлар урушнинг илк ҳафталарида Киевни эгаллаб олишига қандай тўсқинлик қилгани ва охир-оқибат уларни пойтахт атрофидан чекинишга мажбур қилгани ҳақида катта матн эълон қилди. Бу материал 100 дан ортиқ интервью асосида тайёрланган. «Медуза» унинг асосий ва қизиқ жойларини келтирди.

Урушдан олдин украин ҳарбийлари Киевда икки қаватли мудофаа чизиғи ташкил этган

The Washington Post нашри ёзишича, босқин арафасида украин ҳарбийлари Киевни ҳимоя қилиш чораларини кўрган. Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони, пойтахт мудофаасига раҳбарлик қилган генерал-полковник Олександр Сирский Россиянинг кенг кўламли босқинини тасаввур қиламаганини тан олади, аммо у эҳтимолий сценарийлардан бири сифатида шунга тайёрланган.

Сирский шаҳарнинг иккита мудофаа чизиғини ташкил этган — Киевни ўқлар ёмғирида қолдирмаслик учун шаҳар ичкарисида ва унинг атрофидаги ҳудудларда. Уруш бошланишига бир ҳафта борлигида украин ҳарбийларининг қўмондонлик пунктлари россиялик бостириб келиши мумкин бўлган йўналишларга кўчирилган, авиация эса Россия зарбалари учун яққол нишон бўладиган йирик базалардан олиб кетилган. Артиллерия ҳам шаҳар ташқарисидаги мудофаа позициясига ўтказилган, бу эса, Киев мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, уларни урушнинг илк соатларидаги зарбалар пайтида яксон бўлишдан асраган.

Шу билан бирга, The Washington Post мақоласида айтилишича, Киев ҳимоячилари танк тузилмалари етишмовчилигидан азият чеккан. Сирский буни ўқув марказларидаги артиллерия қуроллари, жумладан советлар даврига мансуб «Пион» русумли ўзиюрар замбараклар ҳисобига компенсация қилишга уринган.

Шу каби чоралар Черниҳив областида ҳам кўрилган, бу ҳудуд орқали Россия Киевга шимоли-шарқдан юриш қилганди. Бу ерда 1-алоҳида танк бригадаси қўмондони полковник Леонид Хода босқиндан олдинроқ базалардаги ўқ-дорилар, ёнилғи ва қурол-аслаҳаларни олиб кетганди, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни ҳудудлар бўйлаб тақсимлаб чиққанди.

The Washington Post нашри қайд этишича, Ғарб мамлакатлари украинларнинг урушга тайёргарлик кўриши жараёнидан етарли даражада хабардор қилинмаган, бу эса, журналистлар фикрича, Украина тажовузга қарши тура олишига ишончсизлик кузатилишига олиб келган. Шу билан бирга, украин расмийлари бундай шубҳалар туфайли Ғарб мамлакатлари уруш бошида зарур қуроллар етказиб беришда сусткашлик қилишига сабаб бўлишини тушунишган.

Россия урушнинг илк кунида Украинага таслим бўлишни таклиф қилган, бундай таклиф бир неча марта бўлган

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак 24 феврал куни унга Кремлдан қўнғироқ қилишгани ҳақида сўзлаб берган. Унинг эслашича, у анча вақтгача гўшакни кўтаришга ўзини мажбурлай олмаган. Гўшакни кўтарганида эса РФ президенти маъмурияти раҳбари Дмитрий Козакнинг овозини эшитган — асли Украинадан бўлган Козак сўнгги йилларда «ДХР» ва «ЛХР» масаласида кураторлик қилиб келаётганди (босқин бошланганидан кўп вақт ўтмай эса Путиннинг ғазабига йўлиқиб, четлаштирилган).

«Козак украинлар учун таслим бўлиш вақти келганини айтади. Ермак сўкинади ва гўшакни қўйиб қўяди», — дея ёзади The Washington Post.

Таслим бўлиш ҳақидаги таклиф билан боғлиқ яна бир эпизодни Украина мудофаа вазири Алексей Резников ёдга олади. Унинг сўзларига кўра, 22 феврал куни беларуслик ҳамкасби Виктор Хренин унга офицерлик сўзини бериб, Беларусда турган россиялик ҳарбийлар Украинага ҳужум қилмаслигига ишонтиради — кейинроқ эса бу ёлғон бўлиб чиқди. Икки кун ўтиб улар яна қўнғироқлашади ва Хренин (Резниковнинг хотирлашича, унинг овозидан жуда асабий ва ноқулай ҳолатдалигини англаш мумкин эди) унга Сергей Шойгунинг сўзларини етказади: агар Украина таслим бўлса, босқин тўхтатилади. Украина мудофаа вазири ўшанда бунга жавобан украинлар Россиянинг капитуляциясини қабул қилишга тайёрлигини айтган.

24 феврал куни маслаҳатчилар Зеленскийни эвакуация бўлишга ундаган. У эса бу мавзуни кўтаришни тақиқлаган

The Washington Post нашри ёзишича, босқиннинг илк кунида Украина президенти Володимир Зеленскийнинг атрофидагиларнинг кўпчилиги уни Киевни тарк этишга кўндиришга уринган. Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов, ўзининг хотирлашича, президентга кетиш бўйича маслаҳат солмаган, аммо унга Россия уни ўлдириш ёки қўлга олишни режалаштираётгани ҳақида ишончли маълумотлар борлигини етказган. Президент офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестовичга кўра, россияликлар президент бункерига заҳарли газ юбориши эҳтимоли ҳам муҳокама қилинган.

Арестовичнинг ўзи эслашича, кун давомида Киевни сақлаб қолиб бўлмаслиги ҳақида хулосага келган ва бу ҳақда Зеленскийга айтган. Бунга жавобан президент бу ҳақда ортиқ эшитишни истамаслигини билдирган. У шунингдек атрофидагилардан доимий равишда унинг ҳаётига таҳдидлар ҳақида эслатишни бас қилишни талаб қилган. «Мен жонли одамман. Бошқа ҳар қандай одам каби мен ҳам ўлишни истамайман. Аммо мен аниқ биламанки, агар бу ҳақда ўйласам, мен аллақачон ўлган бўламан», — дея президентнинг ўша вақтдаги сўзларини келтиради Арестович.

Киев остонасидаги энг муҳим жанглардан бири Мошчун қишлоғида кечади

The Washington Post мақоласида Киев остонасидаги муҳим жангларга алоҳида эътибор қаратилган — жумладан, урушнинг илк кунида россиялик десантчилар ташланган Гостомелдаги аэродромга ҳам. Яна бир стратегик пункт эса Киевдан бир неча километр масофадан ўтган Ирпин дарёси соҳилида жойлашган Мошчун қишлоғи эди. Газетанинг ёзишича, Мошчун эгалланиши Россия учун Украина пойтахтига тўғридан тўғри йўл очган бўларди.

Мошчун учун шиддатли жанглар 27 феврал куни бошланади. Украина қуролли кучларининг 72-алоҳида механизациялашган бригадаси капитани Роман Коваленконинг сўзларига кўра, ўша куни унинг бўлинмаси қишлоққа кирганида у ерда уйлар ёна бошлаганди. Кейинги кун давомида Россия ҳарбийлар ва техникаларини Ирпин дарёси орқали ўтказишга ҳаракат қилади ва 6 март куни, мақолада ёзилишича, улар ҳарбийларнинг анчагина қисмини дарёнинг Киев томондаги соҳилига ўтказишга муваффақ бўлади.

Роман Коваленко бўлинмаси қарши ҳужумга ўтади ва россияликлар билан яқиндан туриб жангга киришади, аммо ўқ-дори етишмовчилиги туфайли қишлоқ марказига чекинади. Бу ерда улар қўшимча кучлар билан бирлашади, ёрдамга келган кучлар орасида махсус топшириқли бўлинмалар ва хорижлик кўнгиллилар ҳам бор эди. Коваленконинг эслашича, уларнинг позицияси россияликларнинг «Град» баравар ўт очиш реактив тизимлари, артиллерия қуроллари, миномётлар, авиация ва учувчисиз учиш қурилмаларидан тўхтовсиз ўққа тутилади ва бу бир неча кун давом этади.

The Washington Post нашрининг ёзишича, 11 март кунига келиб Киевга Ирпен шаҳри орқали кира олмаган Россия армияси ўзининг бор кучларини Мошчунни эгаллашга йўналтиради ва «ҳар томондан ҳужумга ўтиб», «ихтиёридаги бор воситалар» билан қишлоқ ҳимоячилари устига ёпирилади. Ўша куни Коваленко ўзини худди «бошига саккиз марта катта болға билан урилгандек» ҳис этади; унинг кўплаб сафдошлари ҳар томонга сочилаётган парчалар туфайли мия чайқалишига учрайди.

Охир-оқибат Коваленконинг бўлинмаси ротация доирасида қишлоқдан олиб чиқилади; унинг ўзи бошидаги жароҳат билан шифохонага ётқизилади. Ўзининг хотирлашича, шифохонага кетишда у Киевдан шарқда жанг қилаётган эгизагига қўнғироқ қилиб, кўзда ёш билан қишлоқни сақлаб қолганликлари ҳақида айтади. У кейинроқ қуролдошларининг окоплардаги жасадларини олиш учун Мошчунга қайтиб келади, бу вақтда ҳам қишлоқ ўққа тутилиши давом этаётганди.

Мошчун учун жанг бу билан якунланиб қолмайди, март ойининг учинчи ҳафтасида россияликлар бу ерга десант туширишади, аммо бу кучлар қишлоқда ўрнашиб қола олишмайди. Украин ҳарбийлари ҳикоя қилиб беришича, қишлоқни сақлаб қолишда Ирпин дарёсидаги шлюзлардан (тўғонлардаги сув дарвозаси) бири портлатилгани ва ундаги дарё суви сатҳи янада кўтарилгани ҳам муҳим аҳамият касб этган (дарё бўйлари ҳудудлар урушнинг илк кунларидаёқ тўғон портлатилиши туфайли сув остида қолганди). «Россияликлар сувга бостирилди ва кейинроқ биз россиялик ҳарбий денгиз пиёдалари зирҳли ҳимоя воситаларини ташлаб, жон сақлаб қолиш учун сузиб кетишга мажбур бўлган жойни аниқладик», — дея ҳикоя қилади генерал Сирский.

Россия ҳарбийлари совет армияси анъаналари бўйича ҳаракатланган

The Washington Post полковник Леонид Хода бошқарувидаги 1-алоҳида танк бригадаси ҳаракатланган Киевдан шимоли-шарқда ва Черниҳив областида украин ҳарбийлари қўллаган тактикани ҳам тасвирлаб беради. Материалда келтирилишича, ушбу бригада ҳарбий хизматчилари ва ҳудудий мудофаа қисмлари жангчилари бир неча ҳафта давомида пойтахтни ўраб олмоқчи бўлган, ҳар томонлама ўзларидан бир неча баробар устун бўлган кучларга муносиб қаршилик кўрсатишга муваффақ бўлган.

Газетанинг ёзишича, украинлар Россия техникалари колонналари йўлига пистирмалар қўйган ва уларни ўтиш ноқулай бўлган, қиш кунлари тугаб, эриш даврида ботқоққа айланган ҳудудлардан ҳаракатланишга мажбур қилган.

Асфальтланган трассалар бўйлаб ҳаракатланганлар эса миналар ёки кўприклар ва чорраҳалар тўсиб қўйилгани туфайли олдинга ҳаракатлана олмади. «Биз уларни муайян йўллар бўйлаб юришга мажбур қилдик, кейин бу йўлларда уларни портлатиб юборишимиз ёки асосий кучларидан узиб қўйишимиз мумкин эди», — деган «Север» оператив гуруҳи қўмондони генерал-майор Виктор Николюк.

Николюкнинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар совет армияси анъаналари бўйича ҳаракатланиб, кичик зобитларга мустақил ҳаракатланишга имкон бермаган ва сон устунлиги эвазига рақибни енгишга ҳаракат қилган. «Биз икки ёки уч кишини ўлдирамиз, дарҳол уларнинг ўрнини янгилари эгалларди. <…> Бу ҳарбий хизматчилар ҳаёти командирлар учун сариқ чақалик қадрга эга бўлмаган 1941 йилдаги каби эди», — дея ҳикоя қилади Николюк.

Генерал россиялик командирларнинг фикрлаш тарзини ҳам таърифлаб ўтади: «Муаммо шундаки, улар ўзларига ҳаддан ортиқ ишонадилар. Улар Украина кичик давлат деб ўйлашади. „Биз уларни шунчаки эзиб ташлаймиз, шунчаки танк билан босиб ташлаймиз, тамом, вассалом“».

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинлар Киев учун жангда қандай ғолиб чиққанди ва уларга қандай таклифлар бўлганди?