Электроника дунёсида ўзгача дизайн билан ажралиб турадиган Lofree бренди яна янгилик билан чиқди. Компания аёллар учун мўлжалланган, кўриниши косметика витринасини эслатувчи Lipstick номли клавиатурани тақдим этди.
Бу клавиатуранинг энг биринчи жиҳати — унинг рангларига боғлиқ. Тугмалари турли хил помада сояларида тайёрланган: қизил, тўқ пушти, норинж, юмшоқ беж ва яна бир неча ранг вариантлари билан безатилган. Ярим шаффоф корпус эса унга нафосатли ва замонавий кўриниш бағишлайди.
Ажойиб дизайн элементларидан бири — Escape тугмаси. У миниатюра помада шаклида ишлаб чиқилган бўлиб, клавиатурага айниқса аёлларга мос эстетик жозиба қўшади.
Lofree Lipstick ихчам конструкцияда бўлиб, 84 та тугмадан иборат. Шу билан бирга, барча муҳим бошқарув элементлари — йўналтириш, овоз ва мултимедиа тугмалари жой олган. Қурилма Windows, macOS, iOS ва Android тизимлари билан тўлиқ мос келади.
Қулайлик учун клавиатура уч хил усулда уланади:
• USB-C кабели орқали;
• Bluetooth орқали;
• 2.4 GHz wireless уланиш орқали.
Симсиз режимида у 1000 Hz частотада ишлайди, бу эса уни нафақат офисда, балки ўйин пайтида ҳам тезкор ва барқарор фойдаланиш имконини беради.
Hot-swap тизими туфайли ҳар бир тугмани хоҳлаган вақтда осон алмаштириш мумкин. Ички тузилиши эса товушни юмшатади — ёзиш пайтида клавиатура жуда ёқимли ва деярли сокин товуш чиқаради.
Lofree бренди шу услубдаги калкуляторни ҳам тақдим этди. Унда 20 та тугма ва ёруғ LED экран мавжуд бўлиб, у мустақил қурилма сифатида ишлайди ва дизайнерлик жиҳатдан клавиатура билан уйғунлик яратади.
Нархлар ҳам маълум: клавиатуранинг баҳоси тахминан 160 доллар атрофида, калкуляторники эса 79 доллардан бошланади.
Таҳлилчилар фикрича, Lofree Lipstick нафақат иш учун қулай қурилма, балки иш столи учун эстетик жиҳатдан безак бўла оладиган аксессуар ҳам ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!